Экологик муаммоларга сабаб бўлаётган айрим омиллар тўғрисида

Экология соҳасидаги бугунги муаммоларнинг асосий сабаби нотўғри бошқарув тизимидир. Асосий гап жойлардаги экологларда ҳам, ёки давлат экология қўмитасидаги масъулларда ҳам эмас, фикримча, уларнинг қўллари шундоқ ҳам боғлиқ.

Қисқача қилиб, ҳозирча иккитагина сабаб билан буни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Биринчи сабаб. Давлат экология қўмитаси яқин-яқингача расман фақат Олий Мажлиснинг Сенатига бўйсунар эди. 2017 йилнинг апрель ойидан эса, бу тартиб бекор қилиниб, қўмита Вазирлар Маҳкамаси бўйсинувига ўтказилди. Айни вақтда Давлат экология қўмитаси Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А.Раматов раҳбарлик қиладиган Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти томонидан назорат қилинади.

Бу комплексга кирадиган энг асосий 4 та вазирлик ва давлат қўмиталарига эътибор қиламиз:

➖Қурилиш вазирлиги;

➖Транспорт вазирлиги;

➖Уй-жой коммунал хизмат вазирлиги;

➖Давлат экология қўмитаси.

Демак, биринчи сабаб мана шу. Яъни Давлат экология қўмитаси атроф-муҳит соҳасидаги энг кўп қонунбузарликлар бўладиган, энг кўп дарахтларни кесадиган давлат идоралари билан бир қаторда турибди ва асосан қурилиш билан шуғулланадиган Бош вазирнинг 1-ўринбосари А.Раматовга бўйсунтирилган. Мен доим ўйлайман, нима учун экология соҳаси, унга яқин бўлган Давлат ўрмон қўмитаси ёки Давлат геология қўмитаси каби органлар билан эмас, айнан қурилиш соҳаси органлари билан ёнма-ён фаолият юритиши керак? Нима учун уларнинг ҳимоячиси бўлиши керак экология? Шахсан Раматов масаласида эътирозим йўқ, у киши бунёдкорлик соҳасида зўр мутахассис, зўр раҳбар бўлиши мумкин, лекин шунинг баробарида у яхши эколог бўла олмайди. Чунки ундан талаб қилинадиган нарса экология ёки табиат эмас, айнан қурилиш ва бунёдкорликдир. Шуни ҳисобга олсак, амалда Давлат экология қўмитасидан юқоридаги вазирликларнинг қурилиш ва бунёдкорлик ишларига “ҳалақит бермаслик” талаб қилинади. Керак бўлса, дарахтлар масаласида ҳам.

Иккинчи сабаб. Давлат экология қўмитасининг ҳудудий органлари раҳбарлари ўша ҳудуддаги ҳокимларнинг розилиги билангина, лавозимга тайинланади. Бу нима дегани? Қаранг, аҳир жойларда экология соҳасидаги асосий қонунбузарликлар ҳокимларнинг ўзбўларчилиги, ёки экология соҳасини иккинчи даражали соҳа деб билишлари туфайли келиб чиқаётгани бор ҳақиқатку тўғрими?  Шу вақтга қадар, агар биргина чиқинди соҳасини ҳисобга олмасак, ҳокимлардан экология соҳаси деярли сўралмайди. Улардан талаб қиладигани, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва яна қурилиш.

Шу сабабли ўтган йиллар давомида ҳудудий экология органларидаги экологияни, табиатни ҳимоя қиладиган раҳбарлар ҳокимлар учун доим “ноқулай” бўлиб келган. Шунинг учун, тахминан 2016-2017 йиллардан бошлаб, ҳокимлар ҳудудий экология органларига ҳақиқий экологларни, табиат ҳимоячиларини қўйилишига тиш-тирноғи билан қаршилик қилиб келади. Ва одатда, ўзларига яқин бўлган ва кези келганда бир оғиз ишора билан керак бўлса, ўзи дарахтларни кесишга йўл очиб берадиган ноэкологларни тайинлашга эришиб келади.

☝️Ва бугун ана шундай экологик бошқарув тизимининг салбий натижаларини кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Ҳуллас, амалда мустақиллик йўқ экологияда.

👉@ecoyurist

☘️Каналимизга уланинг @ekologuz

Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot