Тошкент шаҳрида Чилонзор тумани 7 мавзенинг 49-50 уйларида дарахт шохлари кесилиб, “санитар шакл” берилмоқда. Бундай ҳолатни республикамиз аҳоли пунктларида кўплаб кузатиш мумкин. “Санитар шакл” дейилганда аслида дарахтнинг қуриган, касалланган шохларини кесиб ташлаш назарда тутилади. Бу ВМнинг 17.01.2019 йилдаги 43-сонли “Давлат ўрмон фонлига кирмайдиган ерларда дарахтлар ва буталардан фойдаланишни тартибга солиш ва улардан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан “Санитария мақсадида дарахтлар ва буталар танасининг бир қисми: қуриётган ёки қуриб қолган; шакли хунук ўсиши натижасида ҳовли, кўча ва бошқа жамоат жойларининг кўринишини бузиб турган; касалликка чалинган; турли инфратузилмалар фаолиятига халақит бераётган; шохлари касаллик тарқатувчи ҳайвонлар ва ҳашаротларнинг манбаига айланган; шунингдек шамол, қор ёки бошқа табиий жараёнлар таъсирида синиши ёки синиш эҳтимоли натижасида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига хавф солаётган ҳолатларда кесилади” дейилган.
Аммо суратлардан кўриб турганимиздек, дарахтларнинг ям-яшил, соғлом шохлари кесилмоқда. Ҳар қандай биолог дарахтлар эрта баҳор ёки кеч кузда, улар уйғонмасидан буташ амалга ошириши зарурлигини айтади. Россиянинг agrarnyisector.ru сайтида ёзилишича, “Дарахтларни ёзда буташ тавсия этилмайди, бу ҳолатда дарахтларнинг барги тўкилиб, дарахт танасида мураккаб моддалар тўплана бошлайди ва эа дарахтнинг ўсиши ва ривожланишига тўсқинлик қилади”. Оддий сўз билан айтганда ёзда буташ дарахт касал бўлиб қолиши ёки қуришига олиб келиши мумкин.
Бугунги ёз чилласида шаҳарларда дарахтларнинг аёвсиз буташларини кўриб, Ободонлаштириш бошқармаларида бунга рухсат бераётган биолог-мутахассислар борлигига шубҳаланасан, киши…
☘️Каналимизга уланинг @ekologuz
Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат @eklguz_bot