Европада бир марталик пластик идишлардан фойдаланиш қатъиян тақиқланди. Бу ҳақда Еврокомиссия, шунингдек, Европанинг атроф-муҳит бўйича комиссари ўз Twitter саҳифаларида маълум қилган, деб ёзади Euronews.
2019 йилда қабул қилинган тегишли қонунга кўра, Европа Иттифоқи давлатлари бундай маҳсулотларни бозордан олиб ташлаши ҳамда 2021 йил 3 июлга қадар уларни ишлаб чиқаришни тўхтатиши керак эди. 12 ой ичида мавжуд захираларни сотишга рухсат берилади, аммо шундан кейин тақиқ тўлиқ кучга киради.
Европа парламентининг бельгиялик аъзоси Фредерик Рис қонун барча пластик идишларга тааллуқли эканини таъкидлади: бунга пластик ликопчалар, пичоқлар, санчқилар киради. Ҳаво шари тутқичлари, пахтақанд таёқчалари ва кофе аралаштиргичларни ишлаб чиқариш ҳам тақиқланади.
«Бундан ташқари ҳаммага маълум оксо-парчаланувчи полиэтилен пакетлар ҳам — бу бироз мураккаб сўз, улар қандай парчаланиши ҳақида айтиш осонроқ. Улар океанда заҳарли шилимшиқни ҳосил қилади. Бир марталик пластиклар, шу жумладан, асосан, фаст-фудларда озиқ-овқат ва ичимликлар учун фойдаланиладиган кўпикли полистирол идишларнинг парчаланиши ҳам шундай кечади», — деди у.
Денгиз ва океанларни ифлослантирадиган чиқиндиларнинг 80 фоиздан ортиғи пластикдан иборат. Ундан тайёрланган маҳсулотлар кўпинча фақат бир марта ишлатилади ва кейин ташлаб юборилади. Қайта фойдаланиш мумкин бўлган маҳсулотларга қараганда улар денгизларга тўкилиш эҳтимоли кўпроқ. Денгизларда, океанларда ва пляжларда тўпланган пластик денгиз ҳаёти ва инсон саломатлиги учун катта хавф туғдиради.
☘️Каналимизга уланинг 👇
👉@ekologuz Каналимизга савол ва экомуаммолар учун мурожаат 👉@eklguz_bot