Табиатга ҳаммамиз маъсулмиз

Ҳозирги пайтда фан-техника тараққиёти, ишлаб чиқариш ҳажмининг ошиб бориши, корхона,завод ва фабрикалар сони кўпайиши атроф-муҳитнинг сезиларли даражада заҳарланишига олиб келмоқда.Кейинги 100 йилда инсоният энергетика бойликларини 1000 баробарга кўпайтирди. Натижада булар табиатга ҳам путур етказмасдан қолмади. Биз бу билан юқорида келтирилган ўзгаришларни қилмаслигимиз керак деган фикрдан йироқмиз. Чунки, табиат билан боғлиқ соҳалар фолиятини янада мустаҳкамлаш, инсонларнинг кундалик турмуш-тарзини яхшилаш, бўш иш ўринлари яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.  Табиатга салбий таъсири кам бўлган қурилма ва ускуналардан фойдаланиш, экологик тоза муҳитни яратувчи замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш орқали бугунги кундаги глобал муаммоларни маълум даражада таъсирини камайтириш мумкин. Статистик маълумотларга  кўра, индустрия ривожланган давлатларда табиатдан ҳар йили аҳоли жон бошига  30 тонна турли моддалар чиқариб олинади, шундан айрим ҳолларда,1-1,5 % истеъмол қилинадиган маҳсулот шаклига киради, қолгани  эса табиат учун ҳам хавфли бўлган чиқиндига айланар экан.   Очиғини айтганда, табиатнинг ижобий ёки салбий томонга юз тутишида бевосита инсонлар ўртасидаги экологик маданият ҳам сабаб бўлади. Кўпинча жамоат жойларида бази қўштирноқ остидаги ақлли одамларнинг беписанд муомуласи атроф- муҳитининг бузилишига замин яратяпти.  Ҳар якшанба куни бозорга тушиб тураман, сигарет қолдиқларининг ҳар жойда сочилиб ётиши, тилимиз остидаги заҳарнинг кўзга ташланиб қолиши, политилен маҳсулотларининг ер юзидаги ачинарли аҳволи дилни хира қилади. Бу гаплар жуда кўп такрорланади, амалий ишлар баъзан бўлади, баъзан эса йўқ. Умуман олганда, она табиатга бўлган қизиқиш, ҳурмат-эҳтиром болаликдан яъни оиладан шаклланади. Сизни атроф муҳитга бўлаётган муносабатингиз, қарашларингиз бола онгида нақш каби муҳрланиб қолади.   Бу нақшлар эса ё саодатга ё фалокатга бошлайди.   “Бошқалар учун табиат ўтин, кўмир, руда, ёзги уй ёки шунчаки манзарадир. Мен учун табиат – бу гуллар сингари, бизнинг барча инсоний қобилиятларимиз ўсиб чиққан муҳит”- дейди,  рус ёзувчиси Михаил Пришвин. Шундай экан,  табиатга бефарқ бўлмайлик, агар бундай қилолмасак, кун келиб табиат бизга беписанд қараши ҳеч гап эмас.

Шаҳзод Ўроқбоев,

                                                                ЎзЖОКУ талабаси.