Кучуклар қайси хусусиятга кўра дўст танлаши инсонларга номаълум. Аммо улар кимнидир ёқтириб қолса, бу туйғунинг кучини яширишнинг сира ҳам иложи йўқ. Барчани дўстидек қабул қилувчи Лубутен (яқинлари учун шунчаки Луби) деярли ҳар бир йўловчига мулойим муносабатда бўлади, уларга меҳр кўрсатади.
Унинг эгаси Цезарь Фернандез-Чавезнинг сўзларига кўра, ҳар куни кечки пайт кучуги Лубининг меҳрибонлиги туфайли соатлаб сайр қилади. Луби бегона одамларни кўрганда ҳам қучоқлашиш учун югуриб боради ва худди инсонлар каби қўлларини занжирдек ўтказиб қучоқлайди. Унинг ажойиб хатти-ҳаракати туфайли Луби ушбу минтақа аҳолисидан «қучоқловчи кучук» лақабини олган. Бу жуда ажойиб манзара — инсонлар қанча шошилмасин меҳрибон ҳайвоннинг қучоғини рад эта олмайди.
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, Луби қучоқлаганидан кейин инсонлар ўзини бироз бахтли ҳис этади. Лубини танийдиганлар кўпинча унга «бахт миқдор»ини олиш ва муаммолар юкидан халос бўлиш учун мурожаат қилади.
Лубутен Instagram оламида анчагина танилган. Ҳатто 190 мингдан ортиқ кузатувчи Лубининг саҳифасига аъзо бўлган. Улар кучукнинг ҳаётини қизиқиш билан кузатиб боради. Шунингдек, бир нечта маҳаллий нашрлар Луби ҳақида ёзганидан сўнг уни уй ҳайвонларига бағишланган турли тадбир ва конференцияларга таклиф эта бошлашди.
«Қучоқловчи кучук» ўзини терапевтликда ҳам синаб кўрди ва унинг ажойиб фазилатлари бу касбга жуда мос келди. Халқаро шифокорлар кунида Луби барча шифокорлар ва ҳамшираларни қучоқлаб, уларга бир неча дақиқалик бахт улашиш учун маҳаллий шифохоналарни айланиб чиқди. Нью-Йоркнинг кўплаб аҳолиси учун шаҳарда коронавирус эпидемияси бошланган қийин бир пайтда Луби умиднинг рамзига айланиб қолди.