АЭРОПОРТ ҲУДУДИДА ЖОНИВОРЛАР ЎЛДИРИЛАДИМИ?

Каналимиз обуначисидан  Тошкент шаҳрида жойлашган  аэропорт ҳудудида мунтазам равишда  ҳайвонларни отиш кузатилаётгани ҳақида ташвишли хабар келди.  Ҳайвонларни  аэропортнинг қўриқлаш хизмати амалга оширмоқда. Мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли   УАЗ 469 рақамли  машинада жорий йилнинг 20 март, 15 июнь кунлари  ит, мушук, қушларни отишганини хабар беришди.

2018 йили Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамияти  Миллий авиакомпанияга хат билан чиқиб,  самолетларнинг учиб қўнишига  халақит бермаслиги учун жониворларни олиб кетишга тайёр эканлигини билдиришган. МАК маъмурияти бунга рози бўлган бўлсада, ҳануз ваҳшиёна хатти-ҳаракатлар давом этмоқда.

Мазкур ваҳшийликни тўхтатиш учун МАК маъмурияти, Экологик партия ва Госкомэкология   кўнгиллилар ва нодавлат ташкилотлар билан биргаликда ҳаракат қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди назаримизда….

Мазкур хабарга «Uzbekistan Airports» АЖ Ахборот хизмати қуйидаги жавобни йўллади:

“ 2020 йил 27 июнь куни телеграмм ижтимоий тармоғидаги ekolog.uz каналининг “Toshkent xalqaro aeroporti” МChJ ҳудудида мунтазам равишда ҳайвонларга отиш орқали озор етказилаётгани ҳақидаги хабарини тўла ўрганиб, масала юзасидан қуйидаги хулосаларни маълум қилади.

Ҳаво кемалари, йўловчилар, юкларга аэродром таъминоти ва хизматларни тақдим этиш, хавфсизликни таъминлаш авиакорхона фаолиятининг асосий йўналишларидан ҳисобланади. Аэродром учиш-қўниш йўлагида самолётларнинг қушлар ва дайди жониворлар билан тўқнашиб кетишининг олдини олиш ҳамда парвозлар хавфсизлигини таъминлаш белгиланган тартибда тегишли бўлинмалар томонидан амалга оширилади.

Ўрганишлар натижасида жорий йилнинг 20 март, 15 июнь кунлари дайди жониворларни отилгани ҳақидаги маълумотлар маъсул ходимлар томонидан махсус журналда қайд этилмагани аниқланди. Хабарда келтирилган УАЗ маркали (давлат ёки махсус транспорт хизмати рақами тўла кўрсатилмаган) автомашинанинг аэродром учиш-қўниш  йўлагида махсус рухсатномасиз бемалол ҳаракатланиши мутлақо ҳақиқатдан йироқ.

Ҳаво кемаларининг парвоз вақтида (учиш-қўниш йўлагида) қушлар ва дайди жониворлар билан тўқнашиб кетишининг олдини олиш мақсадида уларни қўрқитиш ишлари билан аэродром хизматининг махсус орнитологлар гуруҳи шуғулланади. Гуруҳга овоз чиқарувчи, шовқин солувчи мосламалар орқали қуш ва ҳайвонларни ҳудуддан ҳайдаш ваколати берилган. Бироқ, уларга жониворларни йўқ қилиш вазифаси юклатилмаган.

Ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг 2018 йилда Тошкент аэропортига самолётларнинг учиб-қўнишига халақит бермаслиги учун жониворларни олиб кетиш хақидаги мурожаати ҳам келиб тушмаган. Ҳаво кемаларининг парвоздаги хавфсизлигини таъминлаш, дайди жониворларнинг аэродром учиш-қўниш йўлагига кириб қолмаслиги учун аэродромнинг айланма ҳудуди бўйлаб бетон деворлар ўрнатилган ва хавфсизлик хизматлари томонидан мазкур йўлакларда кечаю-кундуз қаттиқ назорат олиб борилади.

Қайд этиш лозимки, “Uzbekistan Аirports” АЖ хавфсизлик хизмати, “Ўзавиация” агентлиги, Тошкент аэропорти маъсул ходимлари, Сергели ва Миробод тумани ҳокимлиги, ИИБ вакиллари билан ҳамкорликда аэропорт ҳудудига яқин маҳаллаларда яшовчи аҳоли ўртасида парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мавзуида тушунтириш ишлари олиб борилади.

Юқоридаги хулосаларга таяниб, “Uzbekistan Аirports” АЖ ижтимоий тармоқда берилган хабарни асоссиз, деб хисоблайди. Мабодо Сиз аэропортларда шу каби жараёнларни кузатсангиз, соҳага доир нохуш ҳолатлар эътиборингизни тортса, press@uzbairports.uz электрон манзилига фикр-мулоҳазаларингизни йўллашингиз мумкин. Ҳар бир фуқаро мурожаати тизим мутасаддилари томонидан тез ва шаффоф тарзда ўрганилади, масала юзасидан тегишли чоралар кўрилади. Зеро, фаолиятимиз табиатга зарар етказмасин!

Наргис Косимова