Эътибор бераётган бўлсангиз, ижтимоий тармоқлар, телевидение ҳамда радио орқали берилаётган хабарларда озон қатламининг бора — бора емирилиб бораётгани ҳамда қуёшдан бевосита тушаётган ультрабинафша нурлари инсоният саломатлиги учун улкан тахдид солаётганлиги ҳақида маълум қилиб борилмоқда. Нега айнан шу муаммога эътибор қаратишимиз керак, ҳали ҳал қилиниши, ўрганилиши керак булган глобал муаммолар талайгинаку, деган савол барчада пайдо булиши турган гап. Тўғри, бундан ҳам салбий глобал муаммолар кўп. Аммо, инсоният учун энг биринчида соғлом турмуш тарзи муҳим эмасми?!
Бугунги кунда аввалги даврларга нисбатан инсонларда кўплаб турли хил, яъни ҳали фанга даволаш методикалари номаълум булган касалликлар кескин купайиб бормоқда. Нега савдо шахобчаларидан, катта-кичик савдо дуконларига нисбатан дорихоналар сони ортиб бормоқда? Эҳтимол, инсонларни шу дорихоналардаги дори — дармонларга эҳтиёжи савдо дўконларидаги озиқ- овқат маҳсулотларига нисбатан юқори эканлиги сабабдир. Дорихоналардаги турнақатор булиб навбат кутаётган инсонлар барчани эътиборини тортиши турган гап. Қизиқ, улар кўпроқ қандай касаллик тури билан даволанаётган экан? Қандай дори — дармонларнинг бозори чаққон?
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси олий тоифали шифокори, профессор Абдулла Маҳмудовнинг фикрича, бугунги кунда кўплаб касалликларни пайдо бўлиши, тобора сони ортиб боришига сабаб- атроф — муҳит, ҳавонинг ифлосланишидир. Бунга қисман озон қатламининг емирилиши ҳам туртки бўлаётир.
Озон қатламининг емирилиши натижасида қуёшдан келаётган зарарли ультрабинафша нурлари инсоният саломатлиги учун улкан таҳдид солмоқда. Бу жараён натижасида инсонларда турли хил касалликлар жумладан, юрак касалликлари, бронхиал астма, нафас қисиши, кўз нурининг заифлашиши, ошқозон — ичак фаолиятининг издан чиқиши, инсон суякларида калий, кальций, фторнинг камайиб кетиши, инфаркт, инсульт, қонда гемоглабин миқдорининг ҳаддан ортиқ камайиб кетиши ва камқонлик, рахит ва шу каби бир қатор касалликлар вужудга келади.
Озон қатлами туйнукларининг кенгайиши ва кўпайиб кетиши инсониятнинг энг янги глобал муаммоларидан биридир. Бу масалага 25 йил олдин британиялик олимлар жаҳон афкор оммаси эътиборини қаратдилар. Кўпчилик «осмондаги бир гап» дея эътибор бермаётган пайтда озон қатламининг аҳамияти, унинг она сайёрамиз ҳаётидаги ўрни нақадар муҳимлиги олимлар томонидан қайта-қайта исботланди.
Озон қатламининг асосий қисми стратосферада, ер юзидан ўртача 15-50 км. баландликда жойлашган. Қутбларда эса бу бор-йўғи 8 км. баландликдан бошланади. 20-километрдан 25 км.гача оралиқдаги 5 км.да озон энг зич жойлашган. Жуда катта қатламни ташкил этса-да, озоннинг зичлиги жуда паст, агар у ер юзидаги ҳаво қадар зичлаштирилса, атиги 3,5 мм.ли жуда юпқа плёнка ҳосил бўлади. Шундай бўлса-да, озоннинг аҳамияти беқиёс.
Озон кислороднинг қариндошидир. Эркин кислород атомлари кислород молекуласи билан бирлашади ва озон пайдо бўлади (О-О2->O3). Озоннинг ўзи жуда зарарли модда, кундалик ҳаётимиз нуқтаи назаридан қаралганда заҳардан ўзга нарса эмас. Қуёш нурлари кислородни бомбардимон қилишидан ҳосил бўладиган бу модда Ер шаридаги жамики жонзотларни, ўсимликларни айни шу қуёшнинг хавфли ултрабинафша нурларидан асрайди. Яъни озон қатлами ер шарининг ўзига хос ҳимоя қалқонидир.
Бу қатламнинг емирилиш сабаблари бўйича бир неча назариялар бор. Аввалига олимлар юқори баландликда учувчи ракеталар, самолётлар таъсирида озон емирилади, деган фикрни илгари суришган. Кейинчалик кимё заводларининг атмосферага чиқараётган зарарли газлари — фреонлар — хлорфторуглеродлар озоннинг энг хавфли кушандалари сифатида эътироф этила бошланди. Шунингдек, хлор ва бромнинг зарарли таъсири натижасида стратосферадаги озон миқдори 10 фоиз камайган, деган тахмин ҳам мавжуд. Озон қатламининг емирилишига нафақат инсониятнинг, балки табиий жараёнларнинг ҳам ўзига яраша салбий таъсири бор. Вулқонлар уйғониши, ер қаъридаги газларнинг ажралиб чиқиши бу қатламдаги туйнукларни кенгайтиради.
Атмосфера таркибидаги озоннинг умумий 0.0001 фоиздан ҳам камроқ. Лекин шу миқдорнинг 1 фоизгагина камайиши хавфли ултрабинафша нурларининг ер юзига етиб келишини 2 фоизга оширади.
Бу ҳолат ўз навбатида қуйидаги муаммоларни келтириб чиқаради:
— қатламнинг емирилиши натижасида катта миқдордаги қуёш радиацияси ер юзига етиб келади;
— инсониятда тери саратони билан касалланиш кескин ортиб кетади. Шифокорлар бу турдаги саратонларни даволаш жуда мураккаблиги ҳақида огоҳлантиришмоқда;
— инсоннинг касалликларга қарши курашувчи иммун тизимида сусайиш кузатилади;
— одамнинг энг муҳим аъзоларидан бири — кўзлар зарарланади;
— ҳосилдорлик пасайиб кетади. Дарахтлар парвариш қилинганига қарамай, қуриб қолаверади. Ўсимликларнинг барглари кичраяди. Бу ўз навбатида кислород манбаи бўлган баргларда фотосинтез жараёнига салбий таъсир кўрсатади;
— қаттиқ ултрабинафша нурлар дунё океанидаги жонзотлар ва ўсимликларни ҳам зарарлайди. Айниқса, озиқ занжирининг етакчи бўғинларида муҳим ўрин тутадиган, радиацияга жуда таъсирчан бўлган планктонлар кўп нобуд бўлади. Юза қатламлардаги сувўтлар ҳам зарарланади.
Жаҳон ҳамжамияти Озон қатламини сақлаб қолишнинг аҳамиятини тушуниб етган ҳолда бир қанча чораларни кўрган ва кўрмоқда. 1987 йилда қабул қилинган Монреал далолатномасида энг хавфли хлорфторуглеродлар рўйхати тузиб чиқилган ва бу моддаларни ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиришни ўз зиммаларига олганлар. 1990 йилнинг июнида бу далолатномага қўшимча киритилган. Унга кўра 1995 йилда фреон ишлаб чиқаришни икки баробарга қисқартириш, 2000 йилда батамом тўхтатиш кўзда тутилган. Лекин бу борадаги ишлар ҳаммаси кўнгилдагидай кетган тақдирда ҳам, биринчи ижобий натижа, қилинган меҳнатнинг самараси 2050 йилга борибгина кўринади. Чунки атмосферага чиқариб юборилган миллионлаб тонна хлорфторуглеродлар тугагунларига қадар анча зарар етказиб улгуришади. Атмосферадаги хлор озон парчалинишида ўзига хос катализатор вазифасини ўтайди ва реакцияларга қарамай, унинг миқдори деярли камаймайди. Тугаб битгунига ёки атмосферанинг озон бўлмаган қуйи қатламларига қайтиб тушгунига қадар битта хлор атоми 100 000 та озон молекуласини парчалаб ташлаши мумкин.
Хабарингиз бор, яна бир бутун дунёни огоҳликка чорлаётган глобал муаммо «COVID 2019» пандемияси булиб турибди.
Ҳар нимада бир ҳикмат бор, деган нақлга тухталиб ўтмоқчиман. Эҳтимол, бу пандемия экологиямизни атроф — муҳитни ўз ўрнига қайтиши учун улкан имконият ярататаётгандир. Пандемия сабабли кучаларда автомобиллар ҳаракати кескин камайди. Завод — фабрикалар фаолояти чекланди. Ҳаво ҳам анча тозалангандек. Балки, шу сабаб ҳайвонот оламида ҳам кескин ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Сони камайиб кетган ва «Қизил китоб» га киритилган айрим ноёб ҳайвонлар, қушлар яна табиатда кўзга ташлана бошлади.
Хусусан, Ҳиндистоннинг соҳил бўйларида камёб турдаги айрим ноёб қушлар галаси кузатилган. Буларнинг барчаси она табиат ўзини қайта тиклаётганлигидан дарак бераётгандек.
Мана шу муҳитда яшаётган бир инсон сифатида айта оламанки, табиатни севиш, у бизга инъом этаётган неъматларини қадрлаш керак, унга ниҳоятда эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарур. Қанча биз табиатни севиб уни қадрласак, табиат ҳам шу қадар чиройини кўрсатаверади. Табиат тезроқ ўзини тикласагина, ер юзидан табиий офатлар, турли хил касалликлар ва бошқа бало-қазолар ҳам даф бўлади.
Шоҳсанам Усмонова
Андижон вилояти