БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШ МАҚСАДЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Бугун Тошкент шаҳрида  2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадлар  ҳамда  Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати бўйича жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.

Бутунжаҳон атроф муҳит кунига бағишланган жамоатчилик эшитуви видеоконференция шаклида ўтказилди.

Жамоатчилик эшитуви Ўзбекистон Экологик партияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, «Логос» ННТ, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ), Конрад Аденауер жамғармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси, Марказий Осиё минтақавий экологик марказининг Ўзбекистондаги филиали, ОҚХЖ Ўзбекистондаги агентлиги, Халқаро сув менежменти институти (IWМI), Марказий Осиё ва Кавказ Глобал сув ҳамкорлиги ташкилоти  ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда парламент, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларга эришишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилаётганлигига, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида дастур ва лойиҳаларни қамрови ва кўламини янада кенгайтириш лозимлигига алоҳида тўхталиб ўтишди.

Қайд этилганидек, 1972 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Бош ассамблеясининг 27-сессиясида атроф муҳит муаммоларига дунё ҳамжамияти эътиборини жалб қилиш мақсадида 5 июнь — Бутунжаҳон атроф муҳит куни деб эълон қилинган. Ҳар йили дунё бўйлаб ушбу кунда оммавий «яшил» акциялар, концертлар ва танловлар, илмий, амалий ва маърифий тадбирлар ўтказилиши анъанага айланган. Бироқ бу йил коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли бундай  тадбирлар  онлайн виртуал тарзда амалга оширилмоқда.

Тадбирда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммоларни ҳал этиш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бутун жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, бу соҳада давлат, жамоат ва халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигини янада кучайтириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Маърузачилар барқарор ривожланиш учун сув ресурсларини тежаш ва улардан оқилона фойдаланиш, мавжудларини эса санитария ҳолатини яхшилашни таъминлаш (6-мақсад),  иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига қарши шошилинч чоралар кўриш (13-мақсад), ер экотизимларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш ва улардан оқилона фойдаланиш, ўрмонларни барқарор бошқариш, чўлланишга қарши курашиш, ерларнинг деградацияга учраши ва биологик хилма-хилликни қисқариши жараёнини камайтиришга эришиш (15-мақсад) лозимлигини алоҳида қайд этишди. Таъкидланганидек, бу йўналишдаги ишларни самарали  амалга оширилишини таъминлашнинг бош мезони, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотларнинг ҳамжиҳатликдаги сайъ-ҳаракатлари билан ўзаро яқин алоқаларни  йўлга қўйишдир.

Ушбу мақсадлар Ўзбекистон Экологик партияси ва унинг парламентдаги депутатлик фракциясининг асосий дастурий мақсадларидан ҳисобланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси режалари, Ўзбекистон экологик ҳаракати ва экология йўналишидаги бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг мақсадларига ҳам ҳамоҳанглиги алоҳида  қайд этилди. Миллий ривожланиш стратегиясини амалга оширишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш ва Барқарор ривожланиш мақсадлари тўғрисида аҳолининг хабардорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, жамоатчилик эшитуви иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги № ПП-4099  қарори билан тасдиқланган Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» нинг амалга оширилиши жамоатчилик мониторинги билан боғлиқ масалаларни ҳам муҳокама қилишди.

Траст фондининг фаолияти ва мазкур фонд томонидан Оролбўйида амалга оширилаётган лойиҳалари 2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш мақсадларининг  6, 13 ва 15-мақсадлари бўйича  аниқ натижаларга эришишга қаратилганлигини алоҳида қайд этишди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат ташкилотлари томонидан «Йўл харитаси»нинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши зарурлиги, шунингдек, Оролбўйи минтақасида Траст фонд лойиҳаларини амалга оширишда атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги маҳаллий органлар ва ННТ салоҳиятидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

2030 йилга қадар Барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсадларнинг ва Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди фаолиятини янада жонлантириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Анъанага кўра, экологик муаммолар, табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва экологик тоза, ресурс тежамкор, энергия манбааларидан ҳамда сувни тежаш технологияларидан фаол фойдаланиш борасидаги янгиликларни ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёритиб келаётган фаол журналистлар ва блоггерлар ҳомий ташкилотлар томонидан ташаккурномалар ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.