Ватанни севасиз, ростми шу?!

Баъзида жамиятдаги камчиликлар, муаммолар тўғрисида соатлаб бонг урамиз, қайта қайта илму-маърифат,  маданият, она ватанга муҳаббат  ҳақида сўзлаймиз. Аммо гоҳида  айтган сўзларимизга зид бўлган ҳолатда иш тутамиз. Ватанни севиш, ардоқлаш ҳақида гапирамизу  бироқ унинг йўлларига,  ҳиёбанлари,  атроф – муҳити еру – суви жамики, бизга гўзаллик  бахш этиб турган  табиатига  ўз ҳатти ҳаракатларимиз орқали озор етказамиз.

Ватанпарварлик, она юртга муҳаббат тилда айтиладиган,  мадҳ этиладиган сўзлар эмас, балки унга бўлган муносабатимиздир. Бу муносабатни эса унинг шарафига айтилган дил исхорларию алёрлар билан ифода этиб бўлмайди балки, унинг юксалиши,  тинч-фаровонлиги,  озодалигию ободлиги  йўлида хизмат қилиб намоён этилади. Аслида атроф муҳитни озода ва обод сақлаш ҳам ватанимизга бўлган энг олий хизмат ва бурчларимиздан бири ҳисобланади.

Минг афсуслар бўлсинки, орамизда ана шундай маъсулиятли бурчга путур етказаётганлар ҳам  топилади. Одамлар гавжум бўладиган жамоат жойларида сигарета чекиб,  унинг зарарли тутунини атрофга тарқатиб,  қолдиғини чиқинди қутисига ташламай қолдириб кетаётганлар қанча: икки уч киши бир бўлиб, пистани чақиб пўчоғини ерга сочаётганлар ҳам орамизда ҳар қадамда  учраб туради. Кўзларимиз гоҳида ерда ётган бўм- бош елим идиш, пакет, қоғоз бўлаклари ва турли хил  чиқиндиларга тушади.

Очиғини айтиш керак, ҳали жамиятимизда экологик маданият яхши шаклланган деб айта олмаймиз. Ёши улуғ нуронийларимизнинг “сувга ахлат ташлама!” дея айтган сўзлари оғир ботадию, лекин улардек табиатни эъзозлашни ўрганмаймиз. Ҳозир кун ора махсус транспортлар аҳоли яшаш манзилларида тўпланган чиқиндиларни олиб кетади. Аммо яқинда гувоҳи бўлган ҳолатим кўнгилни ранжитди. Маҳалламизда туривчи ёши ўттизлардан ошган киши ҳовлисидан бир неча қадам нарида турган махсус жойга чиқиндиларини олиб бормай, шу ердан оқиб ўтган анҳор сувига оқириб юборди. Ёшларга ўрнак бўлиш ўрнига қилган иши шу бўлдими деб ўйлаб қолдим.

Хонадонимизни  озода қилиш учун  тинмай меҳнат қилиб ҳаракатланамиз. Шунинг учун ҳам доимо тоза ва пок сақлашга ҳаракат қиламиз. Гоҳида эса ўз меҳнатларимизни қадрлаймизу ўзгалар меҳнатининг қадр қийматига етмай оёқ ости қиламиз. Оқибатда эса захматкаш  инсонларнинг меҳнати паймон бўлиб, гўзал юртимизнинг кўчалари йўллари ифлосланиб, зарарланади.

Ҳадиси шарифда “Ватанни севмоқ иймондандир” — дейилади. Иймони бут инсон эса унинг ҳар гардини азиз билиб, асрашни лозим билади. Сизу биздан эртанги кун учун гулдек юрт қолсин. Бу жараёнда ўзини четга олиш марднинг иши эмас!

Ҳилола АБДУЖАББОРОВА,
ЎзЖОКУ талабаси