Дунёнинг ноёб қушлари ҳақида биласизми?

Ер юзида 10 мингга яқин қушларнинг тури бор. Улар турли оилаларга мансуб бўлиб, кўриниши, ҳажми, ҳаракатлари билан ажралиб туради. Айниқса, уларнинг ғаройиб, ноёб турлари кишини ҳайратга солади. Масалан, ер юзидаги энг кичик қуш колибри-асалари қуши ҳисобланади. Бу қушларнинг узунлиги тумшуғи ва думи қўшиб ҳисобланганда бор- йўғи 5 см ни ташкил этади. Колибрининг оғирлиги эса 1,6 гр ни ташкил қилади. Ҳаттоки туяқушнинг биргина пати ҳам бундан оғирроқ. Бироқ шундай танада ҳам юрак уриб туради ва бир дақиқада 500 мартагача уради. Энг қизиқарлиси, 1 танада 2 хил ноёб хусусият. яъни колибри энг кичик қуш бўлиши билан бир қаторда, орқага қараб учоладиган ягона қуш ҳам ҳисобланади. Бу қуш еб тўймасдир. Ундаги моддалар алмашинуви шу даражада тезки, 16 соат ичида юз мартадан ортиқроқ овқатланади ва сув ичади.

Ялтироқ Кетцал – бу қуш тури Мексика ҳамда Панама тарафларда яшайди. Ўзининг узунлиги 35 см га тенг бўлиб, яна узун, думсимон патлари ҳам бор. Юқоридан қараганда қуш метал ялтироқли ҳамда тилларанг тусли оч яшил рангда кўринади. Қоринчаси малина рангида. Пастки томондаги думи эса оқдир. Кетцал бир пайтлар мая ва ацеклар қабилалари учун муқаддас ҳисобланган, уни ҳаво ҳудоси деб ҳисоблаганлар. Патларидан ҳаттоки диний маросимларда ҳам фойдаланишган.

Гоацин— бу қушларнинг ноёблиги шундаки, полапонларининг қанотларида чанталлари, яъни тирноқлари бўлиб, улар ёрдамида дарахт шохларига осилиб, ҳаракатланади. Қуш катта бўлган сайин тирноқлари йўқолиб боради. Бу қушнинг гўштини еб бўлмайди, шунинг учун уни “сассиқ” деб аташади. Лекин чиройли кўриниши туфайли қуш Гаяна давлатининг миллий белгиси ҳисобланиб, гербига тасвири қўйилган.

Топорик- бу қуш ўз қардошлари каби фақатгина ҳавода эмас, балки ҳаводаги ҳаракатини сувда ҳам бажара олади. Ташқи кўринишидан пингвинга ўхшаш бўлган бу турнинг авлодлари 15 млн йил аввал ҳам мавжуд бўлган. Топориклар яхшигина суза оладилар ва бунда қанотларидан фойдаланадилар. Ҳатто кичик балиқларни тутиш учун 100 метрлик чуқурликкача ҳам тушишлари мумкин.

Дубулғасимон тумшуқли калао— бу қуш тури жуда ноёб бўлиб, Малай яри моролида, Суматра ва Борнеода учратиш мумкин. Калао каркидонсимонлар оиласига мансуб бўлиб, тумшуғи дубулғага ўхшайди. Қушнинг боши ва дубулғасимон тумшуғи танасининг 10%ини ташкил қилади.

Серсоқол— бу қуш қирғийлар оиласига мансуб булиб, соқоллиларнинг ягона туридир. Бу йирик ҳажмли қуш бўлиб, 95-125 смни ташкил қилади. Оғирлиги эса 7,5 кг га тенг, қанотларини ёзганида 308 смгача боради. Серсоқол Кичик ҳамда Марказий Осиёда, Шарқий ва Жанубий Осиё, Жанубий  Европада учрайди. Марказий  Осиёда бу қуш болтаютар деб аталади.

Наҳангбошли қуш— лайлаксимонлар оиласига мансуб бўлиб, кўзларининг жойлашиши билан ажралиб турадилар. Кўзлари қуш чаноғининг икки ёнида эмас, балки чаноқнинг олдинги қисмида жойлашган. Шу сабабли, у ҳамма нарсани катта ҳажмда кўради.

Қора оёқли митти лочин— дунёдаги энг митти йиртқич қуш бўлиб, узунлиги 15 см, оғирлиги эса 35 гр га тенг. Қора оёқли митти лочин Осиёнинг Жануби-Шарқида учрайди ва энг жажжи йиртқич қуш сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.

Крачка-инка— бу кулгили, мўйловли денгиз қушлари Перу ва Чили қиргоқлари яқинидаги қояларда яшайдилар. Балиқлар билан озиқланиб, мушукка ўхшаб овоз чиқаришади. Крачкаларнинг мўйловлари узунлиги 5 см га тенг бўлиб, аслида улар мўйлов эмас, қушнинг патларидир.

Мовий оёқли меров қуш— бу қушлар ерда  кулгили ва бесунақай юришлари туфайли шундай ном билан аталадилар. Бироқ сувда бу қушлар умуман ўзгача кўринадилар.

Бу каби ғаройиб қушлардан яна бир қанчасини санаб ўтиш мумкин. Aслида қушларнинг ўзи табиатнинг ғаройиб мўъжизаси. Шу боис, асл мўъжиза ва гўзалликарни асрайлик. Зеро, табиат ва унинг бағридаги барча неьматлар ҳам абадий эмас.

Ситора Йўлчиева,  ЎзЖОКУ  2-босқич талабаси