Туркманистоннинг Аҳал вилоятининг Анау шаҳрида 7 май куни уй ҳайвонларини сақлаш мажмуаси (зоомеҳмонхона) ва ветеринария клиникаси очилди, деб хабар бермоқда «Хроника Туркменистана».
Очилиш маросими саноат ва қурилиш вазири бўлган, шунингдек, 1 май куни «Туркман алабай итлари» ассоциацияси раиси этиб сайланган Сердар Бердимуҳамедов иштирокида бўлиб ўтган.
Туркманистоннинг ТDH давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, ушбу мажмуа уй ҳайвонлари: мушуклар, итлар, қушларни сақлаш учун мўлжалланган, шунингдек, балиқлар учун аквариум ҳам бор.
Қайд этилишича, меҳмонхона бир неча қисмларга бўлинган. Улардан бири қушлар учун, иккинчиси эса мушук ва кучуклар учун. У ерда 32 та «номер» бўлиб, уларнинг 20 таси катта икки хонали ва 12 таси нисбатан кичикроқ. Шунингдек, кинолог хонаси, итлар сартарошхонаси, ювинтириш, сайр қилдириш хоналари ва машқ қилдириш майдонлари ҳам бор.
Мушукларни сақлаш учун эса 8 та икки қаватли қутилар жойлашган хона ажратилган.
Меҳмонхона ва клиниканинг тантанали очилиш маросимидан кейин Туркманистон президентининг ўғли Сердар Бердимуҳамедов «Туркман алабай итлари» ассоциациясидан давлат раҳбари номидан туркман алабай зотли итларни Ашхобод шаҳри ва вилоятларга, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги ва чегара хизматига топширган.
Бунга жавобан мамлакатнинг ит боқувчилари номидан давлат раҳбарига миннатдорчилик билдирилиб, алабай ити боласи совға қилинган. Нашрнинг ёзишича, тадбирда иштирок этмаган Бердимуҳамедовдан унга лақаб бериш сўралган. Президент унга Полвон дея лақаб қўйган ва унга атаб шеър ёзган.
Шу куни ассоциациянинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтган ва унга масъул шахслар тайинланиб, ассоциация эмблемаси тасдиқланган.
Хабарда айтилишича, президент зоомеҳмонхонани қуришни 2019 йилнинг февраль ойида топширган. Унда ушбу меҳмонхонага ўз турар жойларини ўзгартириб, ит ёки мушукларни боқа олмайдиган, дам олиш ёки хизмат сафари юзасидан чет элга кетиб, уй ҳайвонлари қаровга муҳтож бўлган одамлар мурожаат этиши мумкинлиги таъкидланган.
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz