Жиззах вилоятида юзлаб тут дарахтларини ноқонуний кесган икки фермерга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоятнинг Зарбдор туманидаги «Зафарбек Жавлонбек даласи» фермер хўжалиги раиси, 1993 йилда туғилган Ф.М. касалланди, деб ўз хўжалигидаги 402 туп тутни нобуд қилган.
Туман экология бўлими маълумотларига кўра, нобуд қилинган дарахтларнинг 260 тупи ҳеч қандай касалликка чалинмаган. Мутахассисларнинг билдиришича, ўсимлик дунёсига 106 миллион 415 минг 600 сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, тумандаги «Руслан Нодирбек даласи» фермер хўжалиги раиси, 1995 йилда туғилган Р.Я. ҳам 680 туп тутни ноқонуний кесган. Ушбу дарахтларнинг 416 тупи касалланмаганлиги аниқланган. Фермер етказган зарар миқдори 149 миллион 856 минг 600 сўмни ташкил қилган.
Қайд этилишича, ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда жиноят ишлари қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилнинг май ойи «Браконьерликка қарши кураш ойи» деб эълон қилинди. Бу ой давомида Давлат экология қўмитаси тизимидаги инспекторлар республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб, ноқонуний ов ва балиқ овлаш билан шуғулланадиган қонунбузарларга, шунингдек, ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланадиган, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесадиган ҳуқуқбузарларга қарши кескин кураш олиб боради.
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz