Ангор эчкиси — эчкининг қимматли сержун зоти ҳисобланади

Ангор эчкиси — эчкининг қимматли сержун зоти ҳисобланади. У 1936 йилда АҚШнинг Техас ва Нью-Мексика штатларидан Наманган вилояти, Поп туманига келтирилиши натижасида Ўзбекистонда Ангор эчкилигига асос солинган.

1962 йилда Ангор эчкисини жайдари эчкилар билан чатиштириб сержун эчки зоти яратилган.  Ангор эчкиси Ўзбекистонда, асосан Наманган, Андижон вилоятларида боқилади. Наманганда бир пайтлар бундай эчкиларни юз минглаб суруви бўлган.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Попда Ангор эчкичилигини қайта жонлантириш борасида катта ташаббусни бошлаб берди.

Эчкичилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида Туркиядан 10 минг бош ангор эчкиларини олиб келиш бўйича топшириқ берилди. Яқин кунлар ичида бу эчки подалари Попнинг кенг яйловлари, қиру тоғларини эгаллайди. “Халқ банки”нинг бу борада Асадбек Чоркесар” фермер хўжалигини етарли кредит маблағлари билан таъминлаши ҳамда аҳоли хонадонларида эчкиликни йўлга қўйиш борасида ҳар томонлама кўмак бериши белгилаб қўйилди.

Ангор эчкисининг асл ватани Туркманистоннинг ғарби ҳисобланади. Туркманларнинг бир қисми 13-асрда бу ердан Кичик Осиёга кўчиб борган ва натижада ҳозирги Туркиянинг Ангора (Анқара) вилояти Ангор эчкисини урчитиш марказига айланган.  Бу зотнинг Ангор эчкиси деб аталиши ҳам шундан келиб чиққан.  19–асрдан эътиборан АҚШ, Африкадаги айрим мамлакатлар, Австралияда боқилади. Ангор эчкисининг жуни майин, оқ, товланувчан, ғоят эгилувчан ва пишиқ (узунлиги 18 — 25 см). Такалари ўрта ҳисобда 50 — 55 кг келади, йилига 5 — 7 кг жун беради, урғочилари 32 — 36 кг га боради, 3,1 кг жун беради. 65 — 70% тоза жун чиқади. Ҳар юз бош Ангор эчкисидан йилига 105 улоқ олинади. Соғин эчкидан 70 — 100 кг сут соғиб олиш мумкин, ёғлик даражаси 4,2 — 4,4% фоизни ташкил этади.

Айни пайтда ушбу фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган жунни қайта ишлаш лойиҳаси доирасида хориждан зотдор эчкилар келтирилиб, эчки жунини қайта ишлаш ҳисобига хозирги кунда пайпоқ, турли кўринишдаги рўмоллар, камзул, шарфлар ишлаб чиқарилмоқда.

Ўтмишда гукираб, бугун унутилган қайси соҳаларни қайта жонлантириш лозим деб ўйлайсиз?

Муаллиф: Анвар Икромов

Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz