Қора лайлак

(Ciconia nigra (Linnaeus, 1758))

Кўпчилигимиз Лайлак деганда чиройли оппоқ қушни тасаввур қиламиз. Аслида эса, хамма лайлаклар хам оппоқ рангда бўлавермайди, масалан юртимиз тоғли ҳуду

дларида яшовчи қора лайлакнинг ранги жигарранг-қора рангда.

Ушбу лайлакнинг танасининг асосий қисмлари – қанотлари, елкаси, бўйни, думи жигарранг-қора рангда. Танасининг пастки қисми эса оқ. Боши, елкаси ва бўйни қуёшда яшил рангда товланади. Бўйи ўртача 90 сантиметр ва 1 метр ораси, оғирлиги 3 кг, қанотлари кентлиги ўртача 1,73-2 метр, тумшуқ узунлиги 18-19.5 см. Бошқа лайлаклар каби оёқлари, бўйни ва тумшуғи узун. Кўз атрофи патлардан холи. “Юзи”, тумшуғи ва оёқлари қизил рангда. Ёш лайлакларда эса тумшуқ ва оёқлари кулранг-яшил ва тана туси жигарранг.

Қора лайлак ҳам бошқа лайлак турлари каби сув ва сув атрофи жониворлари билан озиқланадилар. Рационлари таркибига бақалар, балиқлар, ва хашоротлар киради.

 

Қора Лайлаклар жуда кенг яшаш худудга эга – Ёз ойларида Хитой шимолидан Европада қадар катта худудда яшашади. Қишлашга эса Хиндистон, Покистон, жанубий Хитой ва Африканинг жанубий ҳудудуларига учиб кетадилар. Шунингдек Африканинг жанубида ўтроқ хаёт тарзини кечирувчи популяциялари хам мавжуд

Бизнинг юртимизда қора лайлаклар Нурота қўриқхонаси ҳудудидаги тоғларда, Угом-Чотқол миллий боғи ҳудудида ва шимолий Туркистон тизмаларида уялайдилар. Бошқа ҳудудлар устидан эса кузги ва баҳорги миграция давомида учиб ўтишади.

Қора лайлак оқ лайлакка нисбатан кам учровчи хамда яширин хаёт тарзи сабабли кўзга камдан кам кўринувчи қушдир. Юртимизда ушбу Лайлак турининг бор йўғи 20 жуфтга яқини уялайди, кўчиш замонида хам бир неча ўн донадан кўп бўлмаган миқдори юртимиз осмонидан учиб ўтади. Учиб ўтиш даври февраль-март ойларида.

Қора лайлак Европа мамлакатларида қалин ўрмонлар ичида яшаса, бизнинг юртимизда улар тоғли ҳудудларда учрайдилар. Уяларини ердан етиб бўлмас қояларга жойлаштирадилар. Диаметри 1 метр бўлган уяларини асосан қуруқ чўплардан, ўт ва лойдан ясашади. Апрель-май ойларида курк бўлиб тухум босишга ўтирадилар. 2-5 дона тухумини ўртача 32-38 кун босиб ўтирадилар. Бу даврда қушлар жуда эхтиёткор бўлиб уяларига келишдан аввал уя устида узоқ вақт парвоз қилиб уя атрофини кузатиб турадилар. Полапонларини тахминан 71 кундан сўнг мустахкам патларга эга бўладилар ва июль ойи охирларидан уяларини тарк этадилар. Жанубга учиб кетиш вақтлари август-сентябрь ойларида. Лайлаклар 3-5 ёшларида балоғатга етадилар, табиатда 18 йилгача, тутқунликда 31 йилгача яшайдилар.

 

Қора лайлак табиий кам учровчи қушлардан бўлиб, дунёнинг кўп мамлакатларида – жумладан Ўзбекистонда хам Қизил Китобга киритилган.  Лайлакларни табиий душманлари деярли йўқ. Асосий душмани эса одамзоддир. Қуш одамлардан қочади, одамларни уни яшаш ҳудудига кириб бориши оқибатида, қора лайлакларни яшаш ҳудудлари бориган сари камайиб бормоқда.

 

🍀 Каналимизга уланинг. 👇

https://t.me/ekologuz