Ҳукумат сув таъминоти ва оқова сув объектларига доир янги ҳужжат қабул қилади

Сув таъминоти ва оқова сув объектларини самарали фойдаланишга топшириш мўлжалланмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Сув таъминоти ва оқова сув объектларини самарали фойдаланишга топшириш тўғрисида”ги ҳужжати лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3507-сон ва 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4067-сон қарорларига асосан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигини “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК буюртмачилигида ичимлик сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши амалга оширилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2019 йилда қурилиш ишлари якунланиб, давлат қабул ҳайъати далолатномалари расмийлаштирилган ичимлик ва оқова сув объектлари “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудий корхоналари устав капиталига баланс қийматида давлат улуши сифатида ўтказиш тўғрисида берган таклифлари маъқулланади.

Белгиланишича:

“Ўзсувтаъминот” АЖ ҳудудий сув таъминоти ва канализация корхоналари устав капиталида объектларни бериш ҳисобига шаклланадиган давлат улушлари номинал қийматда “Ўзсувтаъминот” АЖ устав капиталини ошириш ҳисобига берилади;

келгусида давлат дастурлари ва ҳукумат топшириқлари доирасида қуриладиган объектлар давлат қабул ҳайъати далолатномалари асосида топшириш ва қабул қилиш далолатномаси билан ҳудудий “Сув таъминоти” масъулияти чекланган жамиятлари устав капиталига баланс қийматида давлат улушини шакллантириш ҳисобига кейинчалик ушбу давлат улушларини номинал қийматда “Ўзсувтаъминот” АЖ устав капиталини ошириш ҳисобига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан биргаликда кўрсатилган ҳамда келгуси йилларда ҳам уч томонлама далолатнома асосида қабул қилинадиган объектларни белгиланган тартибда ҳудудий сув таъминоти ва канализация корхоналари устав капиталига берилишини ва “Ўзсувтаъминот” АЖ устав капиталини оширишни таъминлайди.

Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz