Асалари – нуқсонсиз аъзолардан иборат вужуд. Унинг кўзлари узоқ масофадаги нарсаларни олтмиш марта катталаштирилган ҳажмда кўра олади. Ҳид билиш қобилияти бир чақирим узоқликдаги гул ифорини бошқа бўйлардан ажратган ҳолда қабул қилади. Митти жуссали мавжудот учганида, қанотлари сониясига 500 марта ҳаракат қилади. Гул шарбатини эса энг моҳир жарроҳ сингари нозиклик билан чимдиб олади.
Асаларининг мўжаз танасидаги идрок тизими унинг қаерга, неча чақирим масофага учганини хатосиз қайд қилиб боради. Иши битгач, ҳеч адаштирмасдан уни яна уясига қайтаради.
Асалдонида тўпланган шифобахш асал шундоқ ёнбошида жойлашган ўта кучли, баъзан ўлдирувчи заҳрига аралашиб кетмайди. Айни пайтда, вужуди асални қайта ишлай бошлайди ва асал мумлари қоронғу зулматда нуқсонсиз шаклда «тўкилади». Унинг катакларига тўлдирилган бол эса, илоҳий ҳадя сифатида, инсониятга эҳсон этилади.
Ҳа, кичик бир вужуд қилаётган бу ишлар нақадар буюк!
Асалари уяси — чинакамига шоҳона меъморлик асаридир. Оз материал ишлатиб, кенг маконга эга бўлишнинг юксак намунаси ҳамда «Асаларилар масаласи» дейилиб майдонга чиққан ва кўпгина математик олимларни адаштирган бир математик мўъжизадир.
Асал микроб тушмайдиган бирдан-бир егулик. Бошқа ҳеч бир озука моддасида топилмайдиган Б-13, Б-14 ва Бт дармондориларига бой.
Тирик мавжудот ярата оладиган моддаларнинг энг сирлиси ҳисобланган асалари сутининг қаймоғи жигар, кўкйўтал, ошқозон яраси, бод, камқувватлик, ичак, тери, камқонлик ва бошка кўплаб касалликларнинг давосидир. Юрак ва у билан боғлиқ асаб силсилаларининг озука манбаи. Мияни озиқлантира оладиган мўъжизакор маҳсулот.
Аллоҳ таолонинг улуғ каломи Қуръони каримда тафаккур қилиш учун улкан маҳлуқотлар қатори ўргимчак, пашша, асалари ва чумоли каби митти жонзотлар яратилгани баён этилган. Шундай митти жонзотлардан бири – асаларини Аллоҳ таоло Ўз китобида зикр этиб, бир сурани асалари номи билан “Нахл” деб атади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
“(Эй, Муҳаммад) Роббингиз асалариларга ваҳий (буйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!”. Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир”.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам ҳам бир ҳадиси шарифларида: «Асал еб туринглар, зеро у минг дардга даводир», деб марҳамат қилганлар.
Ойга одам юборган XX аср тараққиёти ҳануз асаларисиз асал ишлаб чиқара олмаганининг ўзи ҳам тафаккур қилувчиларга ибратдир.
Хўш, асалари шунча кўп болни фақат ўзи учун тўплайдими? Йўқ, асло. Чунки, бир арига ўзи тўплаган болнинг юздан бири ҳам етарлидир. Аммо улар Аллоҳ тарафидан ҳаракатга келтирилиб, инсон учун меҳнат қиладилар.
Қўлсиз бир қуртга ипак тўқитиб бизга кийим кийдирган, заҳарли бир аридан бол егизган буюк Роббимиз бизларга асаларилар мисолида бирдамлик, ҳаракатчанлигу меҳнаткашликни жонли ибрат ва намуна қилгувчидир.
Фақат бу намунани кўзларимиз кўришни истаса, кўра олса бас! Асалари етти хазинининг бири ҳамдир. Баҳорда хосил баракаси ҳам асалари билан келади. Бу хосиятли жонивор дарахтлару ўсимликлар гулини чанглатиб инсоният озуқаси учун мўл-кўл захира ҳозирлайди. Айни кунларда ҳам юртимизнинг қаерида очилган гул борки, атрофи гавжум – улар теграсида боларилар ғужғон. Демакки, бу йилимиз ҳам тўкин-сочинликда, серхосилликда ўтади.
Махсимова Рисолат
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz