Коронавирус туфайли ҳаракатланишга ўрнатилган чекловлар экологияга ижобий таъсир кўрсатди. Дунёнинг турли ҳудудларида ҳавонинг зарарланиш даражаси ва атмосферага газлар чиқиши сезиларли даражада пасайди. Венецияда туристлар йўқлиги туфайли каналлардаги сувлар тиниқлашди, кўплаб шаҳарларда одамлардан бўшаб қолган кўчаларда ёввойи жониворлар сайр қила бошлади.
Коронавирус бутун дунёдаги одамларни уйига «қамагач», кўчалар бўшаб қолди. Машиналар юрмаяпти, самолётлар учмаяпти, дунё тинчиган. Шунчалик тинчиганки, сейсмологлар ер остидаги кичик силкинишларни ҳам аниқлай олишмоқда.
Одамлар уйида ўтирган бир вақтда биз ёввойи деб атайдиган, аслида эса табиатнинг эгалари бўлган ҳайвонлар катта шаҳарлар кўчаларига кириб келишди.