«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам йўлда бора туриб, қаттиқ чанқади. Бир қудуқ топиб, тушиб, сув ичди. Сўнгра чиқиб, қараса, бир ит чанқоқдан тили осилиб, тупроқ емоқда. Ҳалиги одам «Бу ит ҳам менга ўхшаб чанқабди», деди-да, қудуққа тушиб, махсисига сув тўлдириб чиқиб, итга тутди.
Бас, Аллоҳ уни тақдирлади ва мағфират қилди», дедилар.«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?» дейишди.«Ҳар бир ҳўл жигари бор нарсада ажр бордир!» дедилар».Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда мавзуга, ҳайвонни соғиб, ичиб туришга беришга тегишли ҳеч нарса йўқ. Уни бу жойда келтиришдан бирдан-бир мақсад, ҳайвонларга меҳрибон бўлиш, уларни қийнамаслик, холос. Чунки Исломда ҳар бир жонзотга яхшилик қилган инсон ажру савоб олиши қайта-қайта таъкидланган.
Сувсиз қолган итга сув тутган кишини Аллоҳ таоло тақдирлаши, унинг гуноҳларини кечириши катта маънони англатади. Ҳозирги баъзи бир одамларнинг аввало ҳайвонларни шафқатсиз равишда қириб бўлиб, кейин уларга меҳр кўрсатиш жамиятларини тузаётганларидан хабаримиз бор.
Бундан ўн тўрт аср илгари эса Исломда ҳайвонларга меҳр кўрсатиш намуналари воқеъликда қандай бўлганлигини ушбу ҳадисдан кўриб турибмиз. Ҳар қандай ҳайвонга меҳр кўрсатиш мусулмон одамнинг бурчи бўлганидан кейин ўзига вақтинча соғиб, сутини ичиб туриш учун берилган ҳайвонни ардоқлаш ҳам лозимдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz