Кеча, 21 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Тошкентда Матиз йўлда юрган туяни уриб учирворди. Туя жойида ўлди” сарлавҳали видео тарқалди.
ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати маълум қилишича. ушбу видеодаги ҳолат ўрганилган. Ҳодиса эса 2019 йил 11 июнь куни соат 23:45 ларда содир бўлган. Ҳайдовчи С.К. фуқаро Д.Л.га тегишли “Matiz” русумли транспорт воситасини тегишли меъёрий ҳужжатларсиз Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ҳудудида Олтинтопган кўчаси бўйлаб, Бектемир шоҳ кўчаси томонга бошқариб кетаётиб, унга нисбатан қарама-қарши юриб келаётган она туяни уриб юборган.
Ҳайдовчи автомобилни тўхтатмагани оқибатида йўлнинг ўнг қаторидаги иккинчи туяни ҳам уриб юборган ва машинаси билан ағдарилиб кетиб, тан жароҳати олган.
Урилган биринчи туя жароҳат олган, иккинчи туя эса ҳодиса жойида ўлган.
Аниқланишича, туялар фуқаро М.К.га тегишли бўлиб, улар боғлаб қўйилган жойидан бўшалиб, автомобиль йўлига чиқиб қолган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқишлик учун Тошкент шаҳар, Бектемир тумани маъмурий судига юборилган.
Жорий йилнинг 7 январь куни Бектемир тумани маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддаларига асосан, фуқаро С.К.га нисбатан БҲМнинг 5 баравари, фуқаро Д.Л.га нисбатан БҲМнинг 3 баравари ва туялар эгаси М.К.га нисбатан БҲМнинг ½ қисми миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz