Синовли дамларда эгасиз ҳайвонлар ҳам беэътибор қолмайди

Пандемия давридаги карантин инсонлар билан биргаликда уйсиз  ҳайвонлар учун ҳам синов  даври бўлди. Овқатланиш шаҳобчалари ёпилиши туфайли кўпгина жониворлар оч қолишди.

Ўзбекистон Экологик партияси, Тошкент шаҳар Кенгаши, Партиянинг вилоят ва туман бўлимлари аъзолари ва ekolog.uz сайти билан  ҳамкорликда юртимизда давом этаётган карантин пайтида эгасиз қолган ҳайвонларга меҳр-шафқат кўрсатиш бўйича акция ўтказмоқда.

Бу борада, Партия аъзолари ҳар куни ўз ҳудудларида қаровсиз қолган ит ва мушукларга егулик бериб боришни ўз олдиларига мақсад қилишди.

Мукаммал яратилган она табиат тизимида ҳайвонот дунёсининг ўз ўрни ва муайян функциялари борлиги барчамизга аён. Биохилмахилликни таъминлаш, олам мувозанатини таъминлашда бу каби жониворларнинг инсон томонидан хўрланиши яхшиликка олиб келмаслигига жуда кўп гувоҳ бўлганмиз.

Биргина мисол: жорий йилнинг аввалида, Австралияда инсонларнинг беэътиборлиги сабабли (ўрмон ёнғинлари натижасида) қарииб 1 млрд. ҳайвон қирилиб кетди ва ушбу континентда катта экологик таҳдид юзага келди.

Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши, вилоят ва туман бўлимларининг аъзолари  мазкур акция доирасисида  баклашкалардан идишлар ясаб, оч қолган жониворларга ёрдам қўлини чўзишмоқда.

Рамазон ойи арафасида мазкур савоб ишга  юртдошларимизни ҳам қўшилишини,  ўзлари истиқомат қилаётган ҳудудларда эгасиз қолган ҳайвонларга ёрдам беришга чорлаб қоламиз.

Ҳурматли Ватандошлар ушбу синовли кунларда эгасиз қолган ҳайвонларни ҳам беэътибор қолдирмайлик! Зеро улар, биз яшаётган юртнинг, Она табиатнинг ажралмас бўлагидир.

Ҳурмат билан,

Ўзбекистон Экологик партияси