БЕКОБОД. “Тошкент вилояти Бекобод шаҳридан мурожаат. Биоинспекция неча йиллардан бери рейд ўтказмагани оқибатида табиат талон-торож қилинган.
Яқинда Бекобод шаҳри инспекцияси тунда рейд ўтказди. Рейд пайтида Сирдарёдан ноқонуний равишда электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган браконьерлар қўлга олинган. Бундай рейдлар мунтазам ўтказилиши, браконьерларга имкон қолдирилмаслиги керак!”.
Браконьерларнинг айби билан ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсининг айрим турлари йўқ бўлиб кетиш ёқасига келиб қолди. Ҳар йили браконьерлар томонидан Африкада 35 мингга яқин фил ва мингдан ортиқ каркидон ўлдирилади.
Дарҳақиқат, сайёрамиздаги биохилма-хиллик кун сайин қисқариб бормоқда. Олимларнинг фикрича, инсоният тарихидаги бу галги ҳайвонот дунёсининг йўқ бўлиб кетиши ҳисоб бўйича олтинчиси экан. Бундан аввалги беш марта биохилма-хилликнинг йўқолиши оқибатида қандай фожеалар юз берганини тахмин қилиш мумкин. Энг фожеали томони шундаки, бу гал биохилма-хиллик инсонларнинг айби билан йўқолмоқда. Уч авлод кўз ўнгида ҳайвонларнинг оммавий қирилиши юз беради. Бугунги кунда жаҳон мамлакатларининг ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятчиликнинг янги турлари, жумладан, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси билан боғлиқ янги жиноятлар пайдо бўлаётганидан бонг уришмоқда.
Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz