Янгийўл шаҳрида тунда қурол кўтариб юрган шахслар қамоққа олинди

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрида 15 апрель, чоршанба куни, тунда милтиқ кўтариб юрган ва дайди итларни отаётган шахслар ҳақида хабар тарқалганди.

Тошкент вилояти ИИББ Жиноят қидирув бўлими ва Янгийўл шаҳар ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу нотаниш кишилар Янгийўл шаҳрида яшовчи 1976 йилда туғилган Д.С., 1982 йилда туғилган А.Х. ва 1983 йилда туғилган А.К. эканлиги аниқланганди.
Олий суд матбуот хизмати маълум қилишича, уларга суд ҳукми эълон қилинди.

Маълум бўлишича, 14 апрель, сешанба куни, соат 21:00 ларда Д.С. қўшнилари А.Х. ва А.К. билан бирга касалликлар тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган карантин қоидаларини бузиб, Янгийўл шаҳар Наврўз даҳаси ҳудудида 2 дона Hatsan Striker номли спорт пневматик милтиғини олиб юриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, ушбу тир милтиқлари билан ит овлаб, жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузиб, майда безорилик содир қилган.

Улар суҳбат жараёнида ўзларига тегишли бўлган спорт пневматик (тир) милтиқларини Тошкент шаҳридаги «Динамо» спорт дўконидан ҳужжатлар асосида расмийлаштириб олганлигини ва карантин даврида ёш болалари уйда бўлганлиги сабабли хавфсизлик юзасидан ушбу қуролларни таниши «Улуғбек» исмли шахснинг уйига олиб кетаётганлигини ва жониворларга қарата ўқ отмаганлигини билдирган.

18 апрель, шанба куни, Тошкент вилояти Янгийўл шаҳар маъмурий суди суд ишида Д.С, А.Х. ва А.К. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик), 54-моддаси 2-қисми (Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш) билан айбли деб топилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (Бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан, Д.С. ва А.Х. га 15 суткадан, А.К.га 5 сутка маъмурий қамоқ, шунингдек, уларнинг ҳар бирига 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Ашёвий далил сифатида олиниб, маъмурий ишга илова қилинган икки дона Hatsan Striker номли спорт пневматик милтиғини эса йўқ қилиш белгиланган.

Телеграм каналимизга уланинг. https://t.me/ekologuz