Оқсоқ мушукча

Кичкина бир дўкон эшигига “Мушукчалар сотилади” деган эълон ёпиштирилди. Бу ёрлиқ бирпасда болаларнинг эътиборини тортди. Кўп ўтмай дўконга бир болакай кириб келди. У дўкончи билан саломлашгач, журъатсиз бир шаклда мушукчаларнинг нархини сўради.

– 30 сўмдан 50 сўмгача, – деб жавоб берди сотувчи.

Бола чўнтагидан ҳамёнини олиб, тангаларини санай бошлади.

– Ҳозир икки сўмгина пулим бор экан, холос, – деди хўрсиниб. Сўнг: – Ҳеч бўлмаса, мушукчаларни кўришга рухсат беринг, – деб илтимос қилди.

Дўкончи жилмайди ва катта қутидан мушукчаларни чиқарди. Эркинликни ҳис қилган мушукболалар миёвлай бошлашди ва ҳар ёққа чопиб кетишди. Фақат биттаси ҳаммадан ортда қолган, орқа оёғини ичига тортиб ҳаракатсиз турар эди.

– Бу мушукчага нима қилган? – деб сўради бола.

– Панжасида туғма нуқсони бор. Ветеринар айтди, бу бутун умр шундай оқсоқланиб ўтар экан.

Бу гапдан бола негадир қаттиқ ҳаяжонга тушди.

– Мен мана шу мушукчани сотиб оламан, – деди у.

– Нима, менинг устимдан куляпсанми, болакай? Ахир бу норасо бир жонзот бўлса! Унинг сенга нима кераги бор? Жа-а шунақа раҳмдил бўладиган бўлсанг, уни сенга текинга бераман.

Бу гапдан боланинг ҳафсаласи пир бўлгани кўриниб турарди.

– Йўқ, мен уни текинга олмоқчи эмасман, – деди у қатъият билан. – Бу мушукчанинг нархи бошқалари билан бир хил! Ҳозир пул олиб келаман, ҳақини тўла тўлайман!

Болакайга ҳайратланиб қараб турган сотувчининг юраги титради.

– Ўғлим, сен гапимни тушунмадинг. Бу бечора мушукча бошқаларига ўхшаб югуролмайди, сакролмайди, сен билан ўйнолмайди. Ҳеч қачон!

Бу гапдан сўнг болакай чап оёғининг почаларини қайиришга тушди. Унинг оёғи буришиб-майишиб ётар, унга қадалган темир гардишларгина оёқни тик тутиб турарди.

 

Бола сотувчига қаради:

– Мен ҳам ҳеч қачон югура олмайман, сакрай олмайман. Бу мушукчага ҳам уни тушунадиган, қанақа қийналаётганини биладиган бир ғамхўр керак… – деди бола мунгли, титроқли товуш билан.

 

Раста ортида турган дўкончи лабларини қаттиқ тишлаб олган, кўзларига жиққа ёш тўлган эди.

Бироз жимликдан сўнг у ўзини зўрлаб жилмайди:

– Ўғлим, мен Худодан ҳар бир мушукчанинг сенга ўхшаган меҳрибон, раҳмдил эгаси бўлишини сўрайман. Ҳаққингга дуо қиламан, болам.

Ориф Толиб