“Шерзодхон Қудратхўжаевга етказинг! Қорақалпоғистонга 1000 туп тут кўчати юбораман”

— Бир неча ой аввал халқаро пресс-клубда Шерзодхон Қудратхўжаевнинг орол минтақасидаги вазият ва у ерда саксовул экиш ишлари ҳақидаги фикрларини кузатдим. Мунозара давомида у мамлакатимизда Қорақалпоғистон учун саховатпеша инсонларимиз борми мазмунидаги ташаббус қилди, — дейди меҳнат фахрийси Ж.Солиев. — Рости обдон ўйлаб қолдим. Боболаримиз эккан мевали кўчатлардан оталаримиз фойдаланишди. Оталаримиз ўтқазган нав-ниҳоллардан биз баҳра оляпмиз. Биз қачон экамиз, биз қачон болаларимиз учун сил-силани давом эттирамиз?! Шу саволлар гирдобида Қорақалпоғистон учун ўзим етиштираётган иссиққа ва табиатнинг турли шароитларига чидамли тут кўчатларини хайрия қилишни ният қилдим. Тўғриси,мана шундай ташаббусларнинг боши ва асосчиси бўлиш ниятим бор. Савобидан умидворман. Фақат қай тартибда, Қорақалпоғистоннинг қаерига ким орқали юборишга ҳайрон бўлиб турибман.

Жанобиддин ота Солиев Риштон тумани Оқ томир қишлоғининг Боғистон кўчаси, 111-уйда истиқомат қилади. Узоқ йиллар жамоа хўжалигида оддийгина ҳайдовчи бўлиб ишлади. 6 фарзандни мана шу касб ортидан вояга етказди, ўғилларни уйли жойли қилди, қизларни ўз “эгалари”га топширди. Ҳозирда 21 набиранинг меҳрибон бобоси. Айни кунларда Жанобиддин ота кафтдек томорқасида гилоснинг 4 хил, чўл ҳудудларига мослашган ноёб чилон жийда кўчатларининг 2 хил, ўрик кўчатларининг 10 га яқин навларини парваришламоқда. Отанинг таъкидлашича,суронли йилларда, очарчилик дамларида кўпчиликнинг жонига тут меваси бакор келган. Шунинг учун ҳам у айнан тут кўчатларини бошқача қадрлайди.

 

Ҳурматли мутасаддилар,ҳурматли Шерзодхон Қудратхўжаев! Мана, сиз айтгандек, саховатпеша инсонлар ҳам топилди. Энди улар қорақалпоқ дўстларга тортиқ қилаётган 1000 туп тут кўчатларини жойига бориб етишини таъминлашга кўмаклашишингиздан ва бу ташаббус бутун республикамиз бўйлаб “газак” отиб кетишидан, челленжга айланиб кетишидан умидвормиз.

Элёржон ЭҲСОНОВ, “Халқ сўзи”

 

🍀 Каналимизга уланинг👇

http://t.me/ekologuz