ОЗАРБАЙЖОНДАГИ ЁНАРТОҒ СИРИ

Бокудан 27 км. шимолга юрсангиз  Каспий денгизида жойлашган Апшерон ярим оролида туну-кун, қишу-ёз, мана салкам 4 минг йилдан буён бир дақиқа ҳам ўчмай, ёнаётган тепаликка дуч келасиз. Ҳалқ тилида Ёнартоғ (озарб. Янардаг) номини олган  мазкур табиат ҳодисаси  кўплаб сайёҳларни ўзига жалб қилиб келаётир.

Дунёда бу каби табиат ҳодисасини уч жойда – Туркманистонда (“Дўзах дарвозаси”),  Ироқда (“Баба Гургур”) ва Озарбайжон (“Янардаг”) кузатиш мумкин. Ёнартоғ ҳақида Марко Поло, Александр Дюмалар ўз асарларида ёзиб қолдтиришган.

Аксарият оташпарастлар ёнартоғ феноменини илоҳийлаштиришсада,  Озарбайжон Геологик хизматининг  хабарига кўра, оловнинг ёнишига асосий сабаб ер пўстлоғига яқин  жойлашган газларнинг ташқарига чиқишидир. Бундан 200-300 йил илгари олов тиллари  2-4 метргча кўтарилган. Аммо Бакуда нефть  қазиб олина бошлагач, газ қатлами пастга туша бошлади, ва Ёнартоғнинг аксарият қисми ўчди.

Оташпарастлик намоёндалари қадимдан Ёнартоққа сажда қилишган ва уни  илоҳий деб билишган. Озарбайжонда бундай жойлар Оташгоҳ ва Ёнартоғдир. Бутун дунёдан оташпарастлар бу ерга зиёрат учун келишган. Улар учун ибодатхоналар, карвонсаройлар қурилган.

2007  йилдан бошлаб, Озарбайжон Республикасининг Президентининг қарорига биноан  64, 55 гектар ерда тарихий- маданий ва табиий давлат қўриқхонаси ташкил этилди.  2018 йили Қўриқхонада реконструкция ишлари бошланиб, 2019 йил 12 июнда янгиланган Ёнартоғнинг очилиши бўлиб ўтди.

Мазкур мўъжизани кўрган ҳар бир инсон табиатнинг сеҳрли тилсимига лол қолмай иложи йўқ. Аммо инсон фаолияти натижасида минг йиллаб ёнган олов ҳам ўчиши мумкин, афсус…

 

Наргис Қосимова