Буни бежизга айтаётганим йўқ. Сўнгги пайтлари ов мавсуми баҳонаси билан жониворларга том маънода қирғин келтиришмоқда. Нафсини тия олмаган “овчилар” келажак авлодни, табиатдаги мавжуд мувозанатни ўйламай жониворларни кўплаб ўлдиришаётир. “Лицензия олдим” деб, атрофда қимирлаган жонни ўлдириш на инсонийликка, на мусулмонликка тўғри келади. Жарималарнинг пастлиги, жазо турларнинг енгиллиги эса бу фаолиятнинг янада фаоллашувига олиб келмоқда.
Экоинспекторлар аниқлаган ҳолатлар бор албатта. Амммо бу етарлими?
Қорақалпоғистон Республикаси Экология қўмитасининг ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 16 январь куни Қорақалпоғистон Республикаси Экология кўмитаси инспекциясининг бош мутахассиси М.Рысназаров ва Биохилмахиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўйича давлат инспектори К.Қожамуратовлар ва Ишки Ишлар Вазирлиги ходимлари билан биргаликда ўтказилган тезкор рейд давомида Хоразм вилоятига тегишли давлат рақами 90 V 363 DA бўлган Нексия русумли автомашина тўхтатилди ва салони кўздан кечирилганда ундан 157 дона ёввойи кабутарлар овланганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ўрганилганда Хоразм вилояти “Ханқа” туманида яшовчи фуқаролар Т.О, К.У ва Х.Злар ўзларига тегишли ов милтиғи ёрдамида Чимбой тумани ҳудудида ов қилганлиги ва 100 дона ёвойи кабутарларга тегишли йўлланма олиб, аммо 57 ёввойи кабутарларни йўлланмасиз, ноқонуний овлаганлиги аниқланди. Улар ЎзР Адлия Вазирлигидан 2006 йил 2 май санасида 1569-сон билан рўйхатдан ўтган “Ўз.Р. ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш қоидалари” талабларини бузишган.
Қонунбузар фуқароларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқароларга ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сон қарорининг 14-иловасига асосан 6 355 500 сўм ҳайвонат дунёсига етказилган зарар ҳисобланди. Айни пайтда Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 90 моддаси 4 бандига асосан маъмурий ишлар бўйича суд органига ўтказиш учун ҳужжатлар таёрланмоқда.
Бу эса атиги “ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача бўлган жарима”, холос.
Ушбу юқорида кўрсатилган ноқонуний тарзда тутилган қушлар эса Нукус шаҳридаги хайвонат боғига ов қуроллари сақлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Миллий гвардиясига топширилди.
🍀 Каналимизга уланинг👇
http://t.me/ekologuz