Атрофимизни ўраб турган табиат ўзининг мутаносиблиги билан ва ундаги ҳайвонлар ва ўсимлик олами инсонларни доимо ҳайратга солиб келган. Инсон доимо ўзини ўраб турган тирикликни ўрганишга интилган ва улар ҳақида кўплаб маълумотлар тўплаган. Баъзи ҳайвонларнинг номи Қуръони каримда, ҳадиси шарифларда келтирилади, инсонлар ҳам ўз навбатда улар ҳақида зарбул масаллар, ибратли воқеалар ва бошқа қизиқарли маълумотларни китобларда келтиришган.
От отсимонлар оиласига мансуб бўлиб тоқ туёқли ўтхўр ҳайвонлар авлоди ҳисобланади. Отлар кўп асрлар мобайнида инсон учун асосий транспортвоситаси қишлоқ хўжалигида асосий иш ҳайвони бўлиб келган. Бўйи 2,5 м гача баландлиги 50 см дан 185 см гача вазни 60 кг дан 1500 кг( Бельгияда 1928 йилда туғилган Бруклин Сюприм номли оғир юк ташувчи от 1440 кг бўлган) гача боради. Отнинг ошқозони оддий тузилишга эга, ўт ҳалтаси йўқ, терисининг жунлари нисбатан калта (1-4см), жингалаклиги кам учрайди, пешонасининг гажаги, ёли ва думи қиллардан иборат.
Ёш отлар 1,5 ёшга етганданда жинсий етилади. Лекин 3-3,5 ёшгача насл олишга қўйилмайди. Отлар 5-6 ёшда ўсишдан тўхтайди. Биялар 4 ёшга тўлганда биринчи кулун беради, уларнинг бўғозлик даври 11 ой 340 кунга яқин. Соғин даврида (6-10 ой) суткасига 11-15 литр сут беради. Сутидан қимиз олинади. Ўрта Осиё халқлари отни гўшт олинадиган ҳайвон сифатида ҳам боқишади. Янги туғилган тойчоқ кулун, 2 ёшлиги той, 3 ёшидагиси ғўнон ва 4 ёшлиси дўнон деб номланади.
Отларнинг сифати, иш қобилияти ва узоқ фойдаланиш имконияти уларни боқиш ва асраш шароитига боғлиқ. Отларга асосан сули, арпа, жавдар, маккажўхори дони, ва сершира озуқа (сабзи, лавлаги, картошка ва силос) ем сифатида берилади. Отлар кунига 3 маҳал суғорилади. Джеймс Уатт буғда ишлайдиган машинани ихтиро қилганда унинг имкониятларини намойиш қилиш учун янги ускунанинг кучини от кучи билан солиштиришга мажбур бўлди. Натижада янги куч бирлиги, от кучи киритилди. Отларни иппология фани ўрганади.
Шайх Камолиддин Дамирий ўзларининг “Ҳайвонларнинг катта ҳаёти” номли китобларида қуйидагиларни ёзадилар: “Отларни араблар қуйидаги кунялар билан номлашади: Абу Шужаъ, Абу Толиб, Абу Мудрик, Абу Музий, Абул Мизмар ва Абул Мунжий”. Отлар икки хил бўлади; чатиштирилган ва зотдор (атиқ). Уларнинг фарқи чопқирликда билинади, чатиштирилган отлар зотдор отларга нисбатан секинроқ чопадилар. Араблар зотдор отларни ҳудди Каъбатуллоҳни номлаганлари каби “Атиқ” деб номлашади. Сабаби “атиқ” дегани барча айб нуқсондан саломат деган маънони билдиради. Каъбатуллоҳ ҳам золим подшоҳлар томонидан эгаллаб олинмаганлиги учун эгалланганлик айбидан пок деган ном олган. Абу Бакр розияллоҳу анҳуни ҳам атиқ деб номлашарди. Биринчидан чиройлик бўлганлари, иккинчидан Расулуллоҳ алайҳиссалом уларга: “Сен Раҳмоннинг (атиқи) дўзаҳдан озод қилинганисан”, деганлар. Учинчидан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг оналари дунёга келтирган болалари узоқ яшамасдан чақалоқлигида вафот этиб колаверар экан, Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса яшаб кетганлари учун уларни учун шундай номлашган.
Отларнинг табиати мағрурлик, ўзидан ҳурсанд бўлиш ва эгасига муҳаббатли бўлиш ҳисобланади. Отлар шарафи учун қуйидаги Аллоҳ таолонинг ояти кифоя қилади: “(Аллоҳ йўлида) харсиллаб чопадиган (от)ларга қасамки” (Адият сураси 1-оят).
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам ҳам бир куни отнинг пешонасини силаб туриб айтган муборак сўзлари ҳам бунга далолат қилади: “Отларнинг пешонасида қиёмат кунигача хайр (ажр ва ғанимат) боғлаб қўйилган”. Бу ерда пешонадан мурод отнинг бошидаги осилиб турган соч (ёлидир).
Имом Замахшарий Анфол сурасининг тафсирида қуйдаги ҳадисни келтирадилар:
“Шайтон зотдор отнинг эгасига ва зотдор от боқиладиган уйга яқинлашмайди”.
Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насоий ва Ибн Можалар Абу Ҳурайра разяллоҳу анҳудан қуйидагини келтиришади. Набий саллолоҳу алайҳи ва саллам отларда ўнг оёқда ва олдинги чап оёғида ёки ўнг олди оёғида ва чап орқа оёғида оқлик бўлганларини ёмон кўришар эди. Отни биринчи бор эгарлаб минган зот Исмоил алайҳиссалом ҳисобланадилар. Унгача от бошқа ёввойи ҳайвонлар қаторида бўлган. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: От мининглар, зеро бу отангиз Исмоил алайҳиссаломнинг мероси ҳисобланади, деб марҳамат қилганлар. Анас розияллоҳу анҳудан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун аёллардан кейин отдан кўра маҳбуброқ нарса бўлмаган”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Ассакаб (Мадинада бир аъробийдан сотиб олганлар), Сабҳа, Алмуртажиз, Аззораб, Аллаҳиқ, Лаззоз ва Алвард (Тамийм Аддорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳадя қилган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бериб юборганлар) номли отлари бор эди.
Отни тушда кўрилса қуйидагича таъбир қилинади: Ким тушида отни минса иззат, обрў ва бойликка етади, саҳоватгўй кишига йўлиқади, кўпинча туш эгаси сафарга чиқади.
Манбалар асосида “Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти Ахунджанов Рустам тайёрлади