Қор қоплони (Panthera uncia) мушуксимонлар оиласига кирувчи йирик ёввойи сут эмизувчи бўлиб, Шимолий ва Марказий Осиё ҳамда Ҳималай тоғларида яшайди. Қор қоплони Табиатни муҳофаза қилиш халқаро иттифоқининг Қизил рўйхати ва у учрайдиган барча мамлакатларнинг Қизил китобларига киритилган бўлиб, йўқолиш хавфи юқори бўлган йиртқич ҳайвон сифатида баҳоланади.
Ўзбекистонда бу ҳайвон яшайдиган ҳудудларнинг умумий майдони 10000 км² ёки глобал майдоннинг 0,36 фоизига тенг. Қор қоплони Ғарбий Тян-Шаннинг Чотқол, Пскент, Угам ва Курамин тоғ тизмалари, шунингдек Помир-Олой тоғ тизимининг Ғиссор, Туркестон, Зарафшон тоғ тизмаларида яшайди. Ўзбекистонда қор қоплонининг сони 30−50 дан 80−120 гача баҳоланади.
Қор қоплонининг яшаши учун асосий хавфлар: яшаш жойларининг деградацияси, ўғринча овлаш, уй ҳайвонларига ҳамла қилгани учун қасос ўлароқ ҳайвонларни ўлдириш, илвирсни муҳофаза қилиш бўйича етарли бўлмаган чора-тадбирлар ва паст хабардорлик.
Ўзбекистонда қор қоплонини мониторинг қилиш дастури доирасида БМТТД лойиҳаси, Экология давлат қўмитаси, ЎзР Фанлар Академияси Зоология институти мутахассислари томонидан ҳайвонни тутмасдан ва унга жисмоний зиён келтирмасдан уни ўрганиш ва текшириш имконини берувчи ноинвазив генетик таҳлил усулларини қўллаш бўйича инновацион технология жорий қилинмоқда. Бунда ўзбекистонлик олимлар қор қоплонининг бавл намуналарини лаборатор таҳлил қилиш орқали унинг тури, жинси ва идентификациясини аниқлаш имконига эга бўлади.
Мамлакатда қор қоплонининг зичлиги ва сонини даврий баҳолаш учун ноинвазив генетик таҳлил усули ёрдамида Ўзбекистонда қор қоплонини мониторинг қилиш дастури амалга оширилади. Бу глобал миқёсда илвирсни муҳофаза қилиш ва йўқолиши даражасини камайтириш йўлида муҳим қадамдир ва у Ўзбекистонда амалга оширилмоқда.
Шу пайтгача 12 мамлакатнинг трансчегаравий ҳудудида яшовчи мазкур ноёб турни муҳофаза қилиш бўйича лойиҳалар экспертлари генетик таҳлил учун барча тўпланган намуналарни ҳорижга юборишади. Яқин келажакда буни Ўзбекистонда ихтисослаштирилган генетик лабораторияларида амалга ошириш кўзда тутилган.