– Яқинда “Россия-24” телеканалида дунёнинг сув босиши масаласи атрофлича таҳлил қилинди. Шу пайтгача юз берган дунё тошқинлари тарихига назар ташланди. Боз устига, Сибирь, Европа, Америкадаги ўрмон ёнғинлари ҳақида ваҳимали, айни чоғда афсусланарли хабарлар тарқалмоқда. Нима бўляпти ўзи: Дунёга ўт кетаётгани, уни сув босаётгани тўғрими? Буларнинг барчасига инсон омили сабабми?
– Дунёдаги барча экологик ўзгаришлар, ҳалокатларга инсон сабабчи, деб ҳисоблайман. Сув тошқинларининг аксарияти глобал иқлим исиши оқибатидир. Ер ўз юзасидаги инфрақизил нурларни фазога қайта чиқармаслик хусусиятига эгадир. Улар ерни иссиқ “кўрпа”га ўраб, иссиқхона самарасини беради ва Ердаги ҳароратни сақлаб туради. Мазкур жараён Ерни ҳаёт учун яроқли қилади. Иссиқхона газларисиз Ер ҳозиргидан тахминан 30 даражага совуқроқ бўлар эди. Аммо афсуски, инсон фаолияти натижасида атмосферага юқорида келтириб ўтилган газлар чиқарилмоқда. Рақамларга эътибор берсангиз, бир кунда дунёда 9 миллиард литр нефть ёқилади. Бунинг натижасида ҳаводаги СО2 нинг миқдори йилига 30 фоизга ортиб бормоқда. Унинг оқибатлари эса қуйидагича: ҳарорат ошиши натижасида музликлар эрийди. Музликлар эриганда океан сувининг ҳарорати ва физик хоссалари, океан оқимлари, мазкур оқимларга боғлиқ бўлган мамлакатларда иқлим, глобал гидрологик цикл ва иқлимни яратувчи глобал жараёнлар ўзгаради. Оқибатда ёғингарчиликлар амплитудасида катта ўзгаришлар юз бериб, у ўта кўп ёғин ёғиши ёки умуман ёғмаслиги билан белгиланади, қурғоқчилик ва тошқинлар сони кўпаяди, табиий офатлар – торнадо, тайфунлар, селлар, кўчкилар юз беради.
Бир қарашда бу унча қўрқинчли бўлиб туюлмаслиги мумкин. Аммо Ерда ҳарорат яна 5 даражага кўтарилса, барча жараёнлар орқага қайтариб бўлмайдиган тус олади ва сайёрамизда ҳар қандай ҳаётга жиддий хавф туғилади. Инсон биологик тур сифатида яшаб қолиши масаласи кун тартибидан ўрин олади. Айни шу сабабли бу муаммо оламшумул аҳамият касб этади.
Иқлим ўзгариши муаммоси Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
Албатта иқлим ўзгариши натижасида кўрилиши мумкин бўлган зарарни ҳали ҳеч ким ҳисоблагани йўқ. Хўш, бизнинг фаолиятимиз иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатадими? Албатта, ҳа. Аввало бу автомобиллардан чиқаётган заҳарли газлар, нефть, газ, кўмир ва ўтинни ёқиш оқибатида ажраладиган СО2, атмосферадаги аэрозоллар, цемент саноати. Шунингдек, деҳқончилик, озон қатламининг юпқалашиши, чорвачиликнинг ривожи, ўрмонларнинг кесилиши ҳам иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, 1901-2012 йилларда ўртача глобал ҳарорат Цельсий бўйича 0,89 даражага кўтарилган. Бу 1400 йил мобайнидаги энг юқори кўрсаткичдир. Хавотирли томони шундаки, бу жараён давом этиши башорат қилинмоқда. Яъни, 2016-2035 йилларда сайёрамизда ҳаво ҳарорати яна 0,3-0,7 даражага кўтарилиши эҳтимолдан холи эмас. Бунинг оқибатида яқин ўн йилликда қиш чилласида ҳарорат 20-30 даража иссиққа кўтарилиши, ёзда эса ҳавонинг совуб кетишини кузатиш мумкин. Энг ачинарлиси, иссиқхона эффекти оқибатида дунё аҳолисини, хусусан сиз-у бизнинг ичимлик сувимиз бўлмиш тоғлардаги музликларнинг заҳиралари эриши натижасида камайиб боради. 1960 йилдан бошлаб бугунги кунга қадар Ердаги қор ва муз қоплами 15 фоизга қисқарди. Иқлим исиши, яъни ҳаво ҳароратининг глобал ортиши муаммосини бартараф қилиш жуда мураккаб вазифадир. Чунки, бу муаммо ҳам “табиат-инсон-жамият” муносабатларига, яъни учликнинг мувозанатига, уйғун ривожланишига боғлиқдир. Ушбу мувозанат йўлларини топиш ва уни сақлаш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш лозим:
— иқлим ўзгариши муаммоси мазмун-моҳиятини чуқур англаш, ер шари аҳолиси, давлатлар, халқаро ташкилотларнинг ҳамкорлигига эришиш;
— иссиқхона ҳосил қилувчи газлар эмиссиясини (атмосферага чиқаришни) камайтириш имкониятини берадиган янги технологияни ишлаб чиқиш ва унга ўтиш;
— муқобил энергия манбаларига ўтиш ва уларнинг самарадорлигини ошириш;
— экинзорлардан, айниқса, шолипоялардан метан газининг ажралиб чиқишини камайтирадиган технология ва усулларга эришиш;
— уй-жой ва биноларни иситишда тежамкор, экологик талабларга жавоб берадиган усулларни жорий этиш;
— ҳар бир инсонда “Сайёрамиз-умумий уйимиз” туйғуси ва масъулиятини ошириш, экологик маданиятни шакллантириш;
— маиший чиқиндиларни оқилона бартараф қилиш технологиясини такомиллаштириш;
— иқлим исиши индикатори ва оқибатларини ҳудудлар доирасида ўрганиш ва уни бартараф қилишнинг географик асосларини излаш ва ушбу мавзуда лойиҳаларни ишлаб чиқиб амалиётга татбиқ қилишдир.
Умуман олганда, экологик мувозанатнинг бузилиши ва ерлар деградациясининг олдини олиш, биохилмахилликни сақлаш, чўлланиш ҳамда қурғоқчиликка қарши курашишда биологик ресурсларни муҳофаза қилиш талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш, шамол ва сув эрозиясига қарши курашиш самарадорлигини ошириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида:
биринчидан, ер ва сув ресурсларини бошқаришдаги иқтисодий механизмлар ҳамда ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш;
иккинчидан, ер ҳамда сув ресурсларини барқарор бошқариш ва кенг ўрмонларни барпо этиш йўли билан биохилмахилликни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқлимнинг ноқулай оқибатларига мослашиш;
учинчидан, умуман ер тузиш ишлари нафақат тупроқ муҳофазасида, балки давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида зарурий тадбир эканини эътиборга оладиган бўлсак, ҳозирги пайтда экологик мувозанатнинг бузилиши ва тупроқ эрозияси ҳамда ерлар деградациясининг олдини олиш мақсадида “Ер тузиш тўғрисида”ги, “Тупроқ унумдорлиги тўғрисида”ги, “Яйлов тўғрисида”ги қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишга эҳтиёж борлиги сезилмоқда.
– Айрим ҳолатларда экологиянинг ёмонлашуви маълум маънода бизнесни ўйлаб уюштирилади ёки душманлик натижаси деб ҳисобланди. Бу масалада фикрингиз қандай? Умуман олганда, экологик жараёнларнинг давлат ва миллий хавфсизликка таъсири қай даражада?
– Экология сизу биз, жамият, давлатнинг келажагидир. Унинг ёмонлашуви келажагимизнинг барбод бўлишидир. Бу гаплар сал баландпарвоз туюлиши мумкин. Аммо бугунги кунда Ўзбекистонда табиатга муносабатга бир назар ташлайлик. Экология бўйича қонунлар деярли ишламаяпти. Орқама-кетин қабул қилинаётган қарорлар қоғозда қолиб кетмоқда. Бутун дунё дарахтларни сақлаш, ҳайвонларни ҳимоя қилишга бел боғлаганда, биздаги қуруқ гапларнинг аксарияти қоғозда қолиб кетмоқда. Яқинда жамоатчилик томонидан жуда ҳам кўплаб эътирозлар билдирилган дарахтларни кесишни тўхтатиш мақсадида мораторий (атиги бир йилга) эълон қилинди. Аммо “қимматбаҳо навли дарахтлар” рўйхати эълон қилинмади. Яъни аҳолига охиригача мазкур қарорнинг аҳамияти тўлиқ тушунтириб берилмади. Экология қўмитаси, Экологик партиясининг ўрни экологик муаммоларни ечимини излашда деярли билинмаяпти.
Вилоятларда ижтимоий муаммолар ҳал қилинмаганлиги, яъни кўплаб қишлоқларда газ йўқлиги сабабли дарахтларни, саксовулларни кесиш авж олмоқда. Аммо уларни кесаётган аҳоли келажакда ўзини яшашини таъминлаш учун ўрнига ҳеч бўлмаганда битта дарахтни экишни ўйламайди. Зеро, ҳар бир қишлоқдаги хонадон ўзини қишда ўтин билан таъминлаш учун томорқасининг бир қисмида терак етиштирса, атрофдаги манзарали, мевали дарахтларнинг кесилишини олди олинган бўлар эди. Яна бир масала Қизил китобга киритилган ҳайвонларга бўлган муносабат. Охирги пайтлари Қашқадарё ва Наманганда Қизил китобга киритилган айиқларнинг ўлдирилиши, ижтимоий тармоқларда узумини егани учун қушни осиб қўйиб ураётган боғбон, Наманганда (тахминан) итни қамаб қўйиб ёқиб юборганлар, Қувада гуруҳ бўлиб, ит ва мушукларни азоблаб ўлдираётган болалар, Самарқандда атайин алабай зотли итни босишга уринаётган ҳайдовчилар, сўнг эса ички ишлар ходими томонидан бечора итни уриб ўлдирилиши, Андижонда ноёб оқ турнани отиб, Инстаграммда мақтанаётган шахснинг сурати ва ҳоказолар жамиятимизда табиатга нисбатан ваҳшийлик кучайиб бораётгани, жамиятимизда экологик онг шаклланмаганлигини кўрсатади. Аммо уларнинг бирортасига қонуний чора кўрилмади, жазога тортилмади. Балки, бечора жониворлар “қутирган”га чиқарилиб, жиноятчиларнинг қилмиши оқланди. Келажакда биз қандай жамият бўлиб шаклланамиз? Фарзандларимизга қандай ўрнак бўлаяпмиз? Руҳшунослар ҳайвонларга нисбатан болаликдан ваҳшиёна муносабат келажакда уларнинг жиноятчи бўлиб етишишларига замин яратишини аллақачон исботлашган. Диний томондан олиб қаралганда ҳам ҳайвон ва ўсимликларга ваҳшиёна муносабат исломда қораланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ер юзидаги барча нарсаларга, жумладан, ҳайвонот дунёсига қандай муносабатда бўлиш лозимлигини муфассал баён қилиб берган. Кўпгина оятлар мусулмонларга Аллоҳ таолонинг ҳайвонот оламини яратиш мақсадини тушунтириб беради. Уларни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга ва ўрганишга даъват қилади. Қуръони карим ҳайвонот дунёсидан инсон қандай фойда олиши мумкинлигини, жонзотларни қай тарзда тарбия қилиш кераклигини уқтиради; арзимас туюлган, оддий жониворларда учрайдиган илоҳий қудратни кўриш ва ундан ибрат олишга чақиради.
Аҳоли пунктлардаги қаровсиз уй ҳайвонларининг аянчли аҳволини айтмаса бўлади. Йирик шаҳар ва вилоятлар ҳокимиятларининг қошларидаги Ободонлаштириш бошқармаларида дайди ҳайвонларни ушлаш бригадалари мавжуд. Вазирлар Маҳкамасининг “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан кўчада юрган ит ва мушуклар тутилиб, қафасларда аралаш 5 кунгача сувсиз, емишсиз сақланади. Улар соғми, касалми текширилмайди. 5 кунда ўз ажали билан ўлгани ўлади, ёки темир ва бошқа оғир нарсалар билан уриб ўлдирилади. Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бригадаси вакиллари томонидан ҳайвонларга нисбатан бениҳоя шафқатсизлик (соп, таёқлар, арматура билан уриш) кўпинча болалар ва кекса фуқароларнинг кўз ўнгида содир этилмоқда. Масалан, Навоий шаҳрида ҳайвонларни отиш аҳоли кўз ўнгида содир бўлган. Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ҳайвонларни отиш сутканинг кундузги вақтида вояга етмаганлар кўз ўнгида амалга оширилган. Ҳайвонларни тутишда азоб берувчи, шафқатсизларча, шу жумладан қўл-оёқларни узиб олиш, турли қаттиқ предметлар билан калтаклаш қўлланилган. Масалан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида ҳайвонларни тутиш вояга етмаган шахслар ва кекса фуқаролар кўз ўнгида тўқмоқлар ва арматура қўлланилган ҳолда шафқатсиз тарзда амалга оширилган. Сирдарё вилоятида ва Наманган, Бухоро, Самарқанд (Шарқ таронаси фестивали олдидан) шаҳарларида ҳайвонлар заҳарли кимёвий воситалар билан заҳарланган. Яқинда ҳайвонларга озор бериш, ўлдирилишини олдини олиш бўйича Маъмурий Кодекснинг 111 моддаси кучайтирилган эди. Аммо қонун негадир бу бригадалар учун ишламайди. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 202-сонли қарори ҳамон ўз кучида. Энг ёмони қаровсиз жониворларнинг Ободонлаштириш бўлимларига топширилиши, уларга ЧИҚИНДИ сифатида қаралишига ва йўқ қилинишига олиб келинмоқда. Ривожланган мамлакатларда бу муаммо ҳар бир ҳудудда жониворларга бошпаналар ташкил этиш, тутилгач, у ерда уларни ветеринария кўригидан ўтказиб, касал бўлса даволаб, стериллаш, ювиб-таралгач, уларга янги эга қидириш орқали амалга оширилади. Бундай тартиб Европа, Сингапур, Туркия, Корея, Малайзия, Япония мамлакатларида 50 йилдан бери амалда.
– Экологик вазият ҳақида сўз кетганда беихтиёр экологик онг ҳақида ўйлайсан киши. Инсониятнинг ҳозирги ҳолати кесилаётган шохда ўтириб арра тортаётган Афандини эслатмайдими?
– Экологик онг ўз ичига ёшликдан табиатга тўғри муносабатнинг шаклланишида кўринади. Яъни табиат биз учун хизмат қилиши, ҳайвон ва жониворлар одамларнинг ҳудудларида яшаётгани эмас, аксинча биз уларнинг ҳудудида яшаётганлигимизни ҳис қилишни тарбиялашдан бошланади. Зардуштийлик дини энг “экологик” дин бўлган. Тўрт унсур – сув, ҳаво, олов ва тупроқ тозалигини сақлаш, уларни ифлослантириш учун эса улкан гуноҳ бўлиб, жазо муқаррар бўлган. Бу муқаддас “Авесто” китобининг ҳар бир бандида кўринган. Юқорида айтганимдек, Исломда ҳам табиатга ваҳшиёна муносабат кескин қораланади. Аммо оилада экологик тарбиянинг берилмаслиги, таълим муассасаларида экология борасида соатларнинг ўта камлиги, атроф-муҳитга зарар етказиш борасидаги жарималарнинг пастлиги, экологик йўналишдаги ташкилотлар фаолиятининг сустлиги, бу соҳада коррупциянинг кенг ёйилганлиги (пора эвазига ноёб қуш ва жониворларни ов қилиш, дарахтларни кесишга рухсат берилиши), қатъий экологик сиёсатни амалга оширилмаётганлиги бевосита саволдаги шохда ўтириб арра тортаётган Афандини эслатади.
Экологик дунёқараш деганда, аввало, табиатга меҳр билан муносабат тушунилади. Аслида экологик дунёқараш табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги илмий-назарий билимлар мажмуаси, ҳукмрон иқтисодий, сиёсий, маънавий қарашларни ва оддий кундалик тасаввурларини ўз ичига олади. Шунингдек, ҳар бир инсон, тадбиркор бирор ишни қилишдан олдин “ўзимнинг хатти-ҳаракатим қанчалик табиатга зарар етказади?” деб ўйлаб кўришида кўринади. Аксариятимиз эса фақат ўзимизнинг фаровонлигимиз, бугунги кунимизни ўйлаб иш тутамиз. Афсуски давлат миқёсида “валюта келтирадиган” корхоналар табиатга зарар етказилса ҳам, уларнинг фаолияти тўхтатилмайди. Биргина Қорақалпоғистон Республикасида Қуйи Амударё биосфера резервати ёнгинасида жойлашган “Қорақалпоқ цемент” АЖнинг 2 та заводидан чиқаётган зарарли чиқиндилар шамол йўналишини ўзгартирса мамлакатимизда ўта ноёб ҳисобланган, резерват ҳудудидаги мавжуд ўсимликлар ва Бухоро буғуси каби ноёб жониворларнинг устига ёғилади. Ҳайвонлар эса юнгларини ялашади. Цемент кукуни уларнинг ички аъзоларини ишдан чиқаради. Мутахассисларнинг айтишича, айнан заводнинг фаолияти оқибатида биосфера резерватида туронғил, жийда каби дарахтларнинг қуриши кузатилмоқда, ҳайвонот дунёси соғлиғига зарар етказилаётир. Биосфера резервати шунингдек сувсизликдан азоб чекмоқда. Маъмуриятнинг айтишича, уларда сув чиқариш учун насос бор, аммо уни ишлатиш учун 2 км.га электр сими тортилиши зарур, бунга эса маблағ етишмайди. Натижада сувсизликдан ноёб ўсимликлар қуриб бормоқда. Балки Қорақалпоғистон ёки Хоразмдан мард ҳомий-тадбиркор топилиб, бу муаммони ечимига ёрдам берар? Бундай мисоллар жуда ҳам кўп. Хўш, келажакда биз авлодларга қандай Ўзбекистонни қолдирамиз?
– Бир ҳамкасбимиз Чортоқ туманидаги “Шодлик” оромгоҳида ёзги таътилни ўтказаётган қорақалпоғистонлик болалар тунда идишдаги сувларни қучоқлаб ётишганини сўзлаб берганди. Демоқчиманки, сувни олдида турган, хонасида сув чиқиб турган киши сувнинг қадрига етармикан? Яқин келажакда халқимиз онги шу даражада кўтарилишига кўзингиз етадими? Биз сувимиз исроф бўлмаслиги учун қандай мажбурий-қонуний ишларни амалга оширишимиз керак?
– Сув муаммоси алоҳида оғриқли мавзу. Орол фожиаси ҳақида кўп ва ҳўп гапирилди. Аммо бу билан энди денгизни қайтариб бўлмайди.
Мамлакатимизда 92 фоиз ишлатиладиган сув ҳажми қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Сув кўп истеъмол қиладиган ғалла, шоли ва маккажўхори етиштиришга чучук сувнинг 27 фоиз сарфланади. Тадқиқот натижасига кўра, гўшт ишлаб чиқаришга 22 фоиз, сутга 7 фоиз сув сарфланиши аниқланган. Айнан бирор маҳсулотга сарфланадиган сув “виртуал сув” деб аталади. Ва сувни тежаш ҳақида гап кетганда айнан “виртуал сув”ни тежаш лозим. Бу борада аҳолининг билимини хабардорлигини ошириш лозим. Келинг, мана бу фактларга назар ташлайлик.
— Чучук сув захирасининг 70-90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда экинларни етиштириш учун ишлатилади;
— Кундалик эҳтиёжни қондириш учун аҳоли жон бошига кунига 50 литр сув керак (Дублин тамойиллари,1992);
-1 кг гуруч етиштириш учун 3000 л сув зарур;
-Битта буханка (400 грамм) нонга кетадиган унни етиштириш учун 550 л сув керак;
-Ривожланган мамлакатларда 100 грамм мол гўшти ишлаб чиқариш учун ўртача 7000 л сув ишлатилади;
-Икки ёки ундан ортиқ мамлакатга тегишли ер ости сувларидан тежамсиз фойдаланилаётган 263 дарё ҳавзаси мавжуд;
-Сув исроф қилиниши сабабли Ҳиндистондаги 25 фоиз ҳосилнинг тақдири доим хавф остида туради.
Виртуал сув ҳақида гап кетганда албатта яна бир атама “сув изи” ни тилга олмоқ жоиз. Сув изи деганда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар учун кетадиган умумий сув ҳажми тушунилади. Сув изи маълум бир вақт ичида ишлатилган ёки ифлослантирилган сув ҳажми бўлиб, бунда сувни нафақат тўғридан тўғри, балки билвосита ишлатилиш ҳам назарда тутилади. Сув изи концепцияси 2002 йилда Голландия университетининг мутахассислари Твенте Эриен Хокстр ва Месфин Меконнен томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ишлаб чиқаришга кетадиган ва истеъмол учун сарфланадиган сув изи фарқланади. Истеъмол учун сарфланадиган сув изи барча истеъмолдаги маҳсулотлар ва хизматлардан қоладиган сув изини ўз ичига олади. У ўз навбатида ички, яъни давлатнинг ўз сув захираларидан фойдаланишни, ташқи – экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришига кетадиган сув ҳажмини назарда тутади. Сув изи битта ёки бир гуруҳ одамлар, конкрет маҳсулот ёки хизмат, корхона ёки иқтисоднинг бутун бир тармоғи, ҳудуд ёки давлат миқёсида ҳисобланиши мумкин.
– Ҳозирги ёшларда ёвузликка мойиллик, ёвузликни ёқтириш васвасаси кучайиб бормоқда. Бу ниҳолларнинг синдирилишидан тортиб азим чинорларнинг кесилишида бир чумчуқ боласига озор етказишдан каттакон айиқни ўлдириб, мазза қилишда намоён бўлмоқда. Айтинг-чи, бу жараённи қандай тўхтатиш мумкин? Дунё тажрибасида бундай жараёнлар қандай бошқарилган ва уларга қарши қандай таъсирчан чоралар кўрилган?
– Аввало юқорида айтганимдек, таълим муассасаларида экологик дарсларни кўпайтириш лозим.
Халқаро тажрибани ўрганиш шуни кўрсатадики, бир қатор мамлакатларда ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ жиноятларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган (Беларусь Республикасининг Жиноят кодекси – 3391-модда, Россия Федерациясининг Жиноят кодекси – 245-модда, Қозоғистон Республикасининг Жиноят кодекси – 316-модда, Украина Жиноят кодекси – 299-модда). Шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Италия, Польша, Япония, Ҳиндистон ва бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш жиноят, деб ҳисобланади ва катта миқдорда жарима солишга ёки озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо қўлланилишига сабаб бўлади. Ушбу қонунларнинг мақсади инсонларни ҳайвонларга нисбатан ҳар қандай кўринишда зўравонликдан тийиб туриш ва бундай ҳаракатлар учун жазони кучайтириш йўли билан ҳайвонларни уларга нисбатан шафқатсиз ва нотўғри муносабатда бўлишдан ҳимоя қилишдан иборатдир. Кўпчилик қонунлар этика тамойилларни белгилаб, уларнинг мақсади нафақат ҳайвонларни ҳимоя қилиш, балки инсонларни инсонпарварлик хулқ-атвори ва тафаккур тарзи йўлида тўғри ушлаб туриш эканлигини ҳам эътироф этади.
Аввало экологик маданият оиладан бошланиши лозим. “Қуш уясида кўрганини қилади” деганларидек, аксарият ҳолатда фарзанди қўлидаги чиқиндини дуч келган жойга улоқтирса, дарахтнинг шохини синдирса, жониворларга озор берса, ёнида бўла туриб, ота -оналари индамайди, танбеҳ бермайди. “Болада, болалигига боради” деб, қўя қолишади. Кўчада индамай ётган ит ёки мушукни узоқдан кўришса, “Борма тишлайди, тирнайди” деб, жониворга талпинган гўдакда уларга нисбатан адоват ҳиссини уйғотишади. Аксарият ҳолатда фарзандларга ўрнак бўлган ҳолда, ўзлари қўлидаги сигарет қолдиғи, музқаймоқ қоғози, ичимлик баклашкаси ёки шишасини ерга, ариққа ташлашади. Бугун зудлик билан мактабгача таълим, ўрта, ўрта-махсус, олий таълим тизимига – қайси йўналиш бўлишидан қатъий назар экология фанларини киритиш зарур. Чунки айнан экология бу бугунги кун ҳаётимиз, келажагимиз демакдир. Тўғри ўрта таълим тизимида “Табиатшунослик”, “Экология” фанлари бор. Аммо уларнинг соати камлиги, шунингдек мазкур фанлардан бевосита мутахассислар дарс бермаслиги етарли натижани бермаяпти. Биргина Ўзбекистонда қаровсиз ҳайвонларга нисбатан аҳолининг муносабатини олайлик. Ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиш – бу тараққий этган жамият маданиятининг ажралмас ва ўта муҳим бўлган қисмидир. Криминология, психология, суд психиатрияси соҳасидаги олимларнинг ўтказган тадқиқотлари шуни кўрсатадики, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлаётган шахслар кўпинча потенциал жиноятчилар бўладилар ва ҳуқуқ-тартибот органларининг жиддий эътиборига лойиқдирлар. Тадқиқотларнинг кўпчилиги шуни кўрсатадики, маньяк-қотил 8-12 ёшданоқ шакллана бошлайди. Агар илгари болаларнинг ҳайвонларни таҳқирлаши асосан оиладаги номақбул вазият туфайли тарбиядаги нуқсон сифатида талқин этилган бўлса, ҳозирги кунда олимларнинг сўнгги маълумотларига кўра, шафқатсизлик ва тажовузкорлик учун алоҳида ген жавоб беради. Болалик ёшида ушбу ген маълум бир вазиятларда психопатияга олиб келиши мумкин. Сингапурда жамият болалар тарбияси юзасидан муаммоларга дуч келганида мамлакат бош вазири Ли Куан Юнинг ўтказган ислоҳотлари натижасида мактабларда ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига меҳрни кучайтириш борасида экология дарслари сони оширилди. Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлган ота-оналарини уларнинг ўз фарзандлари уялтира бошлашди. Сингапурда айнан уйсиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш борасида кампаниялар бошланди. Натижада ўсмирлар ва болалар амалга ошираётган жиноятлар сони кескин камайди. Ўзбекистон 1995-йилда “Биологик хилма-хиллик тўғрисида”ги халқаро Конвенцияга қўшилган ва бу билан ўз ҳудудидаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ҳимоя қилиш мажбуриятини олган. Шундай экан, ҳайвонларни ваҳшийларча қирадиган ана у одамсимонларни аввало Қизил китобга киритилган, овланиши тақиқланган ҳайвонни овлагани учун, ана ундан кейин ҳайвонларга шафқатсизларча муносабатда бўлгани учун, ваҳшийлигини видео орқали ижтимоий тармоқларда тарқатиб қирилиб кетиш хавфи остида бўлган Ҳимолай қўнғир айиқларининг бундан кейинги ҳаётини янада хавф остида қолдиргани учун албатта жазоланиши шарт!
Яқинда аҳоли томонидан Парламентга муҳокама учун таклиф киритиш имконини берувчи “meningfikrim” порталига мактабларда ўқитиладиган ботаника, зоология, физика, кимё, алгебра фанларини қисқартириб бунинг ўрнига одамларга фойдаси тегадиган этика, овқатланиш, жамоат транспортида юриш маданияти ҳақидаги фанлар киритилиши борасида таклиф қўйилди. Таклиф муаллифининг фикрича, ушбу фанлар керакcиз бўлиб, одам ҳаёти давомида деярли ишлатилмайдиган фанлар экан. Мана бу бизнинг энг сўнгги нуқтамиз бўлса керак! Шунинг учун, кўрилаётган чоралар, шу жумладан қабул қилинаётган қонунлар, тарбиявий усуллар ҳайвонларга, ўсимликларга ёйинки бутун табиатга нисбатан инсонпарварлик маданиятини ва масъулият ҳиссини шаклланишига хизмат қилиши керак. Биз инсонлигимизни, Она табиатнинг устуни эмас, аксинча унинг бир бўлаги эканлигимизни унутмаслигимиз лозим.