СУВ ИФЛОСЛАНТИРИЛСА, ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛАДИ?

 

❓Автотранспорт воситаларини ювиш натижасида автомойкалардан ҳосил бўлган ва ишлатилган – зарарларган сувларни канал ва ариқларга оқизиш ҳолатлари юзасидан қонуний чоралар борми?

Саволга экоҳуқуқшунос Сайдали Мухторалиев жавоб беради

✅ Ўзи аслида, автомобилларни ювиш жойлари ҳам атроф муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи фаолият турларидан бири ҳисобланади ва ушбу фаолият атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг IV тоифасига кирадиган (маҳаллий таъсир кўрсатиш) фаолият турларидан бири бўлиб ҳисобланади.

✅ Чунки бундай субъектларда, масалан, автомобиль мойларининг ёки шунга ўхшаш бошқа хавфли маҳсулотларнинг тўкилиши ва оқинди сув билан бирга қўшилиб сув ва сув объектларини ифлослантириш ҳолатлари кузатилади.

👉 Айнан шу ва шунга ўхшаш ҳолатлардан келиб чиқиб, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун дастлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат экологик экспертизаси тўғрисида”ги низомда белгиланган тартибда  давлат экологик экспертиза хулосасини олиш талаб этилади.

👉 Амалдаги қонунчиликда ҳар қандай корхона, ташкилот ҳамда фуқароларга сувдан фойдаланиш ва сув объектлари билан боғлиқ ҳаракатларни амалга оширишда айрим таъқиқловчи ҳамда чекловчи нормалар мавжуд.

👉 Масалан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 90-моддасига кўра, корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга мойларнинг, ёғочларнинг, кимёвий ва нефть маҳсулотларининг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг тўкилиб-сочилиши натижасида сувни ва сув объектларини булғатиш ва ифлослантириш таъқиқланиши қайд этилган.

☝️ Демак, тадбиркорларнинг автомобилларни ювиш жойларидан ҳосил бўлган ва ишлатилган сувларни қонун ҳужжатларига хилоф равишда канал ва ариқларга оқизилганда, СУВЛАРНИ ИФЛОСЛАНТИРИШ ВА БУЛҒАТИШ БИЛАН БОҒЛИҚ ҚОНУНБУЗАРЛИК КЕЛИБ ЧИҚАДИ.

👉 Ўзбекистон Республикаси Маъурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 72-моддаси

1-қисмига асосан эса сувларни ифлослантириш ёки булғатиш, сувтўплагич иншоотларида сувни муҳофаза қилиш режимини бузиш ҳаракатлари содир этилганда,

❗️– фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

☝️ Кўриниб турибдики, саволда кўрсатилган қонунбузарлик ҳолатлари содир этилганда,  ушбу хўжалик субъектларининг (яъни, “Автомойкалар”нинг) мансабдор шахсларига нисбатан энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.