СУВ МУАММОСИ ҲАМКОРЛИКДА ЕЧИЛАДИ

Сув масалалари глобал иқлим ўзгаришимуаммоларининг кескинлашуви оқибатида  долзарблашиб бормоқда. Марказий Осиё давлатларида ҳамкорликда сувга эга юқори давлатлар (Тожикистон, Қирғизистон) ва қуйи давлатлар (Ўзбекистон, Туркманистон) ўртасида ҳамжиҳатликда сув ресурсларини бошқариш, эгалик қилиш ва ҳамкорликни кучайтиришга ёрдам бериш мақсадида 2019 йил 22-23 апрель кунлари Ўзбекистан ва Қирғизистон Подшоота дарёси кичик ҳавзаси кенгашининг иккинчи қўшма йиғилишини ўтказиш учун Наманган шаҳрига ташриф буюришди. Учрашув умумий сув ресурслари бўйича минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (CAREC) амалга ошираётган Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) “Smart Waters” лойиҳаси кўмагида ташкил этилди.

-Самарали трансчегавий сув ресурсларини бошқариш ва ҳамкорлик Марказий Осиёнинг ижтимоий ва иқтисодий ривожланиши ва барқарорлиги билан узвий боғлиқ, деди учрашувда Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлигининг директори Герри Робинз.- Бугунги учрашув Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида умумий сув ресурсларини биргаликда бошқаришда ижобий қадамдир. Бутун дунёда Ер куни нишонланаётган ушбу кунда барчамиз шу ерга тўпландик ва сайёрамиздаги энг қимматбаҳо манба – сувдан оқилона фойдланишга масъул эканимизни ёдга олдик. Чунки сувни тежаб ишлатиш икки мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий, шунингдек сиёсий барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Ҳамкорлик фуқароларга биргаликда қарор қабул қилиш имконини беради. Подшоота сув ҳавзаси мисолида кичик сув ҳавзалари кенгашини тузиш албатта ўз самарасини беришига ишонамиз. Чунки тобора қисқариб бораётган сув ресурслари тежамкорликни талаб этади.  Муаммони ҳал қилиш учун сувга эгалик қилиш жуда муҳим. АҚШнинг ривожлантииш дастури сувдан оқилона фойдаланиш масалаларининг ижобий ечимини топишга ва ҳамкорликни ўрнатишга мамлакатларга яқиндан ёрдам беради.

Маълумот: Кичик ҳавза кенгашлари сув ресурслари бошқарувига ҳавзавий ёндошувни тарғиб этиш ҳамда сув ресурслари бошқаруви соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш  мақсадида ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда Марказий Осиёда сувдан унумсиз фойдаланишни келтириб чиқарадиган, эскирган технологияларни ўз ичига олган 200 дан ортиқ кичик трансчегаравий дарёлар мавжуд. Фарғона водийсида жойлашган ва Қирғизистон Республикаси билан Ўзбекистон ўртасида кичик трансчегаравий дарё бўлган Подшоота сувҳавзасини ҳамкорликда бошқариш кенгашини тузиш муҳим аҳамиятга  эга.

Маълумот: Подшоота сув ҳавзаси Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикалари ҳудудидан оқиб ўтувчи 130 км. узунликка эга кичик дарё бўлиб, унинг суви била 29154 гектар майдон сўғорилади. Дарё қирғоқларида Ўзбекистон қисмида 130 минг нафар одам яшайди. Сув ресурслари икки республикада 1980 йилги Келишувга асосан тақсимланади. Ўзбекистон дарёнинг 64%, Қирғизистон 36% сувидан фойдаланади.

Наманганга ташриф буюрган қирғизистонлик давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари, сувчи-мутахассислар делегацияси айнан сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги  фикрлари билан ўртоқлашишди.

  • Кичик сув ҳавзалари кенгаши бир қатор муаммоларни бартараф этишга ёрдам беради. Хусусан, дарё қирғоқларини муҳофаза қилиш, қирғоқлардаги сув оқими кўтарилишининг олдини олиш ва тақсимлаш тизимини яхшилаш бўйича ҳамкорликда чоралар кўриш борасидаги тадбирларни мувофиқлаштиради, дейди Марказий Осиё Ҳудудий экологик маркази Қирғизистон бўлими эксперти Смайлбек Ибраимов.

Сувнитежаш самараси

Қирғизистонлик мутахассисларнинг юртимизга ташрифи 1974 йилда қурилган Янгиқурғон туман Эскиер сув омборини кўришдан бошланди.

-Сув омбори 8 минг гектар фермер хўжаликларни ерини сўғориш учун ишлатилади. Омбор асосан Подшоота дарёсининг суви ва ер ости булоқ сувлари ҳисобига тўлдирилади. Бу ерда Ғалаба1 ва Ғалаба 2 насосларимиз бор. Қирғизистонлик меҳмонларга айнан сув омборидан сувни туманимизнинг тепа қисмига қандай олиб берилишини кўрсатдик, дейди Янгиқурғон тумани сув-ер ресурслари бўлими бошлиғиҚаюмов Жамолиддин.

Тадбирнинг биринчи кунида Подшоота дарёсининг Ўзбекистондаги қисми бўйича кичик ҳавза кенгаши мажлислар залининг тантанали очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (CAREC) амалга ошираётган Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлигининг (USAID) “Smart Waters” лойиҳаси доирасида Наманган вилояти Янгиқурғон тумани ирригация бўлимига компьютер техникалари топширилди.

-Қардош Қирғизистондан келган ҳамкасбларимиз билан кўп йиллардан бери ҳамкорлик қилиб келамиз. Бугун ўтказиладиган Smart Waters лойиҳаси доирасида ўтказиладигансеминар Наманган вилояти учун келгусида ўзининг самарасини беради ва туманимизга асосий обиҳаётни етказиб бераётган Подшоота дарёси сувидан биргаликда самарали фойдаланамиз, дейди Янгиқурғон тумани ҳокими Асатилло Нажмиддинов.

Маълумот: Smart Waters лойиҳасининг мақсади кадрлар тайёрлаш тизимини яхшилаш, сув хўжалиги ходимларининг малакасини ошириш, улар ўртасида ишчи алоқаларни ўрнатиш, шунингдек сув ресурслари бошқарувига ҳавзавий ёндошув салоҳиятини намоён этиш ҳамда минтақавий академик ҳамкорликни кучайтириш ҳисобланади. Лойиҳанингмиллийҳамкори – ЎзбекистонРеспубликасиСувхўжалигивазирилигидир.

Албатта юртимиздаги сувга бўлган эҳтиёжнинг аҳоли сонининг кўпайиши, қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштириш ҳажмини ошиши сувни тежашни талаб қилади.  Наманганлик тадбиркорлар ҳам буни яхши тушунган ҳолда сувни ежовчи технологиялардан фойдаланишга ўтишмоқда. 2017 йили  Корея ва Исроил технологияларини қўллаган ҳолда помидор етишитиришга мўлжалланган иссиқхона Янгиқурғон туманидаги етакчи корхонага айланиб улгурди.  Корхона Собиржон Ҳошимов раҳбарлигида 10 гектар ерда жойлашган. Иссиқхона асосан пушти “Пинк прадайс” навли помидор етиштиришга мослаштирилган.

-Корхона 960 минг АҚШ доллари кредит олиб қурилган иссиқхонада  60 тадан зиёд фуқаролар  иш билан таъминланган. Иссиқхона автоматлаштирилган бўлиб, тўлиқ томчилаб сўғорилади. Ҳозир бир гектар сув сўғориш учун агар эгатдан сув берилса 100 тоннага яқин сув кетади, томчилаб сўғоришда 60% сув тежалади. Бунда ўғитлар ҳам сувда эритиб помидорга берилади, деди корхона иш юритувчиси Мансурбек Бувижонов.  – Иссиқхонада бир йилда икки марта ҳосил олиниб, бир гектар ердаги ҳосил миқдори 280 тоннани ташкил этади.

“Яхшидан боғ қолар…”

Янгиқурғон туманининг энг чекка  ҳудудига қадам қуйган инсоннинг кўзи қувнайди. 300 минг гектар ерда 2017 йили вилоят ҳокимининг қарорига асосан ташкил этилган олма боғи “Фрутс экспорт” компаниясига тегишли. Унинг раҳбари Абдулазизхон Темировнинг айтишича, олма экиш учун айнан туманнинг бу қисми бежиз танланмаган. Бу ер ёзда ҳам салқин бўлиб, доимо шабода эсиб турадиган бу ҳудуд айнан олмаларнинг серсув бўлиб етишиши учун жуда мос.Боққа “Голден 6”, “Пинк леди”, “Салтанат” навли 860 минг дона кўчат экилган. Боғнинг умумий қиймати 20 миллиард сўм.

-Мутахассислигим бўйича аслида биологман, дейди Абдулазизхон Темиров биз билан суҳбатда. –Сўнгги йилларда сувнинг етишмаслиги албатта қишлоқ хўжалигига ўзининг салбий таъсирини ўтказмай қолмади. Шу сабабли мазкур интенсив боғни тўлиқ томчилатиш технологияси орқали сўғорамиз. Бу катта миқдордаги сувни тежаш имконини беради, яъни сув Подшоота дарёсидан  кичик омборга йиғилиб, насослар орқали боққа етказиб берилади. Ҳар 48 метрга томчилатиб сўғоришда  1 литр сув сарфланади. Умумий сув сарфининг 50 фоизи тежалади. Косонсой туманида 280 гектар шафтоли боғимиз ҳам томчилаб сўғориш технологияси асосида ўстирилади. Оқар сувда сувнинг исрофи  70 фоизга етади, томчилатиб сўғоришда сув айнан дарахтнинг томирига бориб етади. Агар аввал битта дарахт экилгач,  4-5 йилда мева берган бўлса, мана шу янги боғимиз 1 йилда ҳосилга кирди. Томчилатиб сўғориш учун резина ичаклар ҳам  корхонамиз қошидаги цехда ишлаб чиқарилади.  Қирғизистонлик делегация вакиллари бизнинг тажрибамиздан фойдаланишади, деган умиддамиз.

Тадбирнинг иккинчи куни бевосита Подшоота кичик трансчегаравий дарёси сув ресурсларини бошқариш бўйича долзарб масалаларни муҳокама этиш масалаларига бағишланди.

-Smart Waters лойиҳаси туфайли бизнинг кичик ҳавза кенгашларимиз тузилди. Мана, икки йилдирки, Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан фаол равишда ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз. Ҳозирда бизнинг вазифамиз – шу ҳамкорликни яхшилаш ва мустаҳкамлаш, сув ресурсларини бошқариш билан боғлиқ масалаларни муҳокама этиш, ўзаро фойдали, манфаатли қарорлар қабул қилишдан иборат. Мен Янгиқўрғон туман ҳокимига иккинчи КҲК учрашувини шу ерда – Подшоота дарёсининг Ўзбекистондаги қисмида ўтказиш имконияти ҳамда сув объектлари ва фермер хўжаликларини намойиш этгани учун миннатдорчилик билдираман, дейди Подшоота дарёсининг Қирғизистондаги қисми бўйича КҲК раиси Масалбек Мирзамамитов.

Иштирокчилар дарёнинг Қирғизистондаги қисмидаги таянч пунктини ҳамкорликда таъмирлаш, шунингдек сув ресурсларининг ҳисобини тезкор ва аниқ юритиш  учун сув ўлчовчи ускуналарни ўрнатиш масаласи кўриб чиқишди.

-Ҳозирги кунда асосий муаммолардан бири сойнинг қирғоқлари емирилишидир. Тошқинлар оқибатида 30-40 метрлик Подшоота дарёси 100 метрга кенгайган. Иккинчи муаммо, июлнинг ўрталарида сувнинг камайиши кузатилади, яъни 40 млн. кубометр  атрофидаги сув сел тошқинлари билан фойдаланмасдан, оқиб кетиб қолаяпти. Муаммони ечишни битта йўли сув омбори қуришдир. Ўзбекистонда икки томони баланд, ўртаси чуқур ҳудуд йўқ, шу сабабли бундай жой Қирғизистон ҳудудида ажратилса ва омбор ҳамкорликда қурилса, икки томонга ҳам манфаатли бўлади. Қурилгач, омбор Подшоота кичик сув ҳавзаси кенгаши томонидан бошқарилади.Сувнинг исроф бўлмаслиги, экологик жиҳатдан тозалиги ҳам Кенгаш томонидан назорат қилинади. Бу эса аввало дарё қирғоқлари бўйлаб яшаётган аҳолини трансчегаравий сувдан самарали фойдаланиш имконини беради, дейди Неъматжон Нурматов, “Норин-Сирдарё” ирригация ҳавза тизимлари бошқармаси Чортоқ ирригация бўлими бош ирригатори.

Семинарда Ўзбекистон томонидан Қирғизистондаги ҳамкасбларга сув хўжалиги фаолиятида фойдаланиш учун махсус техниканинг вақтинчалик тақдим этилиши масаласи ўртага ташланди. Яна бир масала – Наманган вилоятида Подшоота дарёсининг Қирғизистондаги қисмида экотуризмни ривожлантириш мақсадида маълумот тарқатилишига кўмаклашиш бўлди. Бундан ташқари, иштирокчилар жорий йилнинг 12-14 июнь кунлари илк Подшоота дарёси кунини Қирғизистон Республикаси ҳудудида ўтказишга қарор қилишди.

Наргис ҚОСИМОВА.