Атмосфера ҳавоси ифлосланишининг 79 фоизи транспорт воситалари ва кимё саноати ҳиссасига тўғри келди. Ис гази кўпайиши ер шари ҳароратининг 1,5-3,0 С0 исиш хавфини юзага келтиради.
1000 та автомобиль ғилдирак резина балонларининг ейилишидан бир йилда ҳавога ўн-ўн икки минг килограммгача олтингугуртли резина чанги чиқарилади. Тошкент, Москва, Ереван, Нью-Йорк, Деҳли, Милан каби шаҳарлар ҳавосидаги ис гази миқдори рухсат этилган нормадан 7-12 баробар зиёд экани аниқланган.
Автомобиль резина шиналаридан ҳавога кўтарилган олтингугурт ангидридлари атмосфера ҳавоси таркибидаги сув томчиларида эриб кетади ва фотокимёвий реакциялар асосида сульфат кислота ҳосил қилади. Бу кислота ҳаводан оғир бўлганлиги учун ер юзасига тушиб, тупроқни ифлослантиради, ўсимликларни зарарлайди. Шунингдек, турли аллергик касалликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.
Автотранспорт йўллари нотекислиги сабабли техникаларнинг бир маромда ҳаракатлана олмаслиги, натижада двигателларда ёқилғининг тўла ёнмаслиги, светофорларнинг кўплиги туфайли машиналарнинг тирбандликда туриши, етарлича тезлик ололмаслиги ҳам ана шу омиллар сирасига киради.
Энди ҳисоблаб кўрайлик: битта автомобиль ўртача 1000-1200 километр йўл босганда 27 килограмм ис гази, 24 килограмм углеродлар, 13,5 килограмм азот оксиди, 0,4 килограмм қўрғошинни ҳавога чиқаради. Ушбу сонни ҳозирги кунда ер юзида мавжуд 1 миллиарддан ортиқ автомобиль сонига кўпайтирсак, автотранспорт воситаларининг атроф-муҳитга салбий таъсирини баҳолаш қийин эмас.