ЁВВОЙИ АНЖИР

Ёввойи анжир тутдошлар оиласига мансуб ўсимлик бўлиб, Ўрта Осиёдаги ниҳоятда камёб, ареали ажралган тур саналади. Сурхондарё вилоятининг Ҳисор тизмасида, Сангардак ва Тўпаланг дарёлари ҳавзаларининг тош-шағалли тупроқларида ўсади. Ўзбекистондан ташқарида Тожикистон ва Туркманистонда ҳам ўсиши маълум.

Ёввойи анжир бўйи 5-8 м га етадиган дарахт ҳисобланади. Барглари 3-5 бўлакли бўлиб, пастки томони туклилиги билан ажралиб туради. Кетма-кет, яъни, навбат билан жойлашган барглари қўлтиғида тўпгули биттадан жойлашган. Дарахтнинг банди қисқа бўлиб, мевасининг кўриниши худди нокни эслатади. Бир йилда икки-уч мартагача ҳосил беради. Апрель ойида гуллаб, меваси июль-август ойларида  пишиб етилади.

Ёввойи анжир совуққа чидамсиз бўлганлиги учун қиш аёзли келган йилларда тез нобуд бўлади. Бундан ташқари, баҳорги сел тошқинларидан ҳам зарар кўради.

Шунингдек, аҳоли томонидан ўтин қилиш мақсадида чопиб кетилиши ҳам дарахт сонининг камайиб кетишига олиб келмоқда. Ҳозирда ёввойи анжирдан маданий анжир навларини етиштиришда фойдаланилмоқда.

Мазкур ўсимлик Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган. Махсус муҳофаза тадбирлари ишлаб чиқилмаганлиги сабабли Тўпаланг ва Сангардак дарёлари ҳавзаларида қўриқхона ташкил этиш лозим.