Бугун ҳар бир аёл ўз ошхонасини замонавий идиш ювиш воситаларсиз тасаввур қила олмайди. Бир-икки томчи дастмолга томизилган кимёвий восита ҳар қандай ёғлиқлик даражаси мавжуд идишни топ-тоза қилади. Тез, осон ва қулай. Аёллар идиш ювиш воситаларини сотиб олишда кўпроқ реклама қилинаётган воситаларга ўз эътиборларини қаратадилар. Ҳозир маҳсулотни харид қилиш учун унинг нафақат нархи, балки қадоғи, фирмаси ҳамда ҳиди муҳим аҳамият касб этади. Аммо унинг қай даражада ўзи ва оила аъзоларининг соғлиғига таъсир қилиши ҳақида камдан кам аёллар ўйлаб кўришади. Ҳўш, ҳар бир ОАВ, айниқса телевидение орқали реклама қилинаётган идиш ювиш воситалари ҳақиқатдан ҳам соғлиғимиз учун зарарлими?
Кўпчилик идиш ювиш воситалари билан ювилган идиш-товоқни камида етмиш маротаба чайқаш зарурлигини билишмайди, дейди Ишмамат Тоғаев, Ўзбекистон Республикаси Экологик ҳаракатининг Навои вилояти бўлими раҳбари.- Аксарият ҳолатда восита таркибидаги зарарли кимёвий моддалар идиш юзасида қолиб, овқат билан инсон организмига тушади ва бир қанча оғир касалликларни келтириб чиқаради. Идишларни ювишга мўлжалланган воситалар кимёгарлар тилида юзанинг фаол моддалари (ЮФМ) деб аталиб, улар катионли (КЮФМ), анионли (АЮФМ), амфотерли (АмфЮФМ), неионогенли (НЮФМ) ларга бўлинади. Ушбу кимёвий бирикмаларни идиш юзасидан ювиб тушириш анча қийин. Энди тасаввур қилинг, оддийгина тўрт нафар одамдан иборат бўлган оиладаги идиш- товоқларни ювиш ва хавфсизликни таъминлаш учун қанча сув кераклигини? Агарда оилада 7-10 нафар одам бўлсачи?
Аввало идиш идиш ювиш гели билан ювилганда сув томчиларида эриган ЮФМ бўлади. Сув қуригач, мазкур моддалар идиш юзасини қоплайди. Биз идишга иссиқ овқат солганимизда, айнан ЮФМ овқатимизга қўшилади ва емак билан биргаликда организмимизга киради. Оддий ҳисоб-китоб қилинганда доимий равишда кимёвий ювиш воситасидан фойдаланадиган оилаларда ҳар бир оила аъзоси бир йилда 200 граммгача кимёвий ювиш воситаларини “ейди”!
Сир эмас бугунги кунда дунё аҳолисининг аксарияти, хусусан юртдошларимиз ҳам турли хил аллергик касалликлардан азият чекишади. Кўпчилик буни экологик вазиятнинг ёмонлашуви билан изоҳлайди, 70 фоиз аллергик ва бошқа касалликлар айнан ошхонамизда кимёвий идиш ювиш воситаларидан фойдаланиш натижаси эканлигини билмайди.
— Ҳозирда нафақат катталар, айниқса болаларда намоён бўладиган турди хил аллергик касалликларнинг келиб чиқиши кимёвий воситалардан турмушимизда кенг фойдаланишимиз оқибатидир, дейди шифокор Ленире Зупарова. — Оддийгина кимёвий идиш ювиш воситалари бунга мисол бўла олади. Уларнинг таркибидаги моддалар синтетикдир. Кўпинча касалликларнинг бошланиши аллергик реакция сифатида намоён бўлиб, ошқозон-ичак йўлининг саратони, гипертония, дипрессия билан якунланади.
Юқорида санаб ўтилган кимёвий моддалар ичида табиат учун энг хавфсизи хлордир. У табиатда хавфсиз компонентларга парчаланади. Хлор ва унинг органик бирикмалари инсонга акс таъсир этиб, юрак-томир, атеросклероз, анемия, гипертония касалликларини келтириб чиқаради. Европа Иттифоқи мамлакатларида 1987 йилдан буён таркибида хлор бўлган ювиш воситаларини сотиш тақиқланган. Мазкур моддалар инсон организмидаги ҳужайра мембранасини парчалайди, оқибатда иммунитет пасайиши, организмнинг турли хил касалликларга чалинувчанлигининг ортиши кузатилади. Чунки юзанинг фаол моддалари канцерогендир. Улар ошқозоннинг ҳимоя қатламини емиради. Бирикмалар қонга сўрилиб аста-секинлик билан бутун организмни заҳарлайди. Фақат фаол моддалар эмас, идиш ювиш воситаси таркибига кирувчи ҳид берувчи моддалар ва консервантлар ҳам инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Бекаларимиз ҳид берувчи моддаларни идиш ювишаётганда уни нафас олиш жараёнида ичларига тортишади, бу ўз навбатида нафас йўллари касалликлари, астманинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Таркибидан идиш ювиш воситаси бўлган оқава сувлар атроф-муҳитга ҳам катта зарар етказади. Оқава сувлар сув ҳавзасига тушгач, айнан уларнинг ботқоқлашувига олиб келиб, жониворлар ва ўсимликларнинг нобуд бўлишига олиб келади. Агарда идиш ювиш воситасининг таркибида анионли ЮФМ бўлса улар деярли парчаланмайди ва бошқаларига нисбатан инсон танаси ва экологияга уч баробар кўпроқ зарар етказади.
Бугунги кунда қатор хорижий мамлакатларда кимёвий идиш ювиш воситаларига қатъий талаблар қўйилмоқда. Масалан, Евроиттифоқда ЕИ Регламенти № 259/2012га мувофиқ идиш ювиш воситаларининг ёрлиқларида товар ва унинг таркиби ҳақида тўлиқ маълумот берилиши зарур. Бундан ташқари аъзи бир ингридиентлар уларнинг концентрациясидан қатъий назар санаб ўтилиши лозим. Мисол учун ҳид берувчи моддалар. Россияда 2010 йилда қабул қилинган Техник Регламент қоидалари ювиш воситалари таркибини тўлиқ санаб ўтишга мажбурламайди. Бундан самарали фойдаланган ишлаб чиқарувчилар аксарият ҳолатларда энг токсик ва заҳарли моддаларни “унутиб” қолдиришади. АҚШда “антибактериал” деган ёзуви бўлган кимёвий идиш ювиш воситалари билан биргаликда совунлар, чўмилиш гелларининг сотиши тақиқланиш арафасида. Кўп йиллик тадқиқотлар уларнинг таркибида инсон соғлиғи учун хавфли бўлган 19 та компонентни топишди. Уларнинг энг асосийлари триклокарбан ва триклозан бўлиб, шу пайтгача мазкур моддаларга вирусли ва бошқа касаллик чақирувчи микроорганизмларни ўлдиради, деб қаралар эди. Антимикробли триклозан жигар церрози ва фиброзни келтириб чиқаришга қодирлиги эса яқинда аниқланди. Эксперт маркази раҳбари Жанет Вудокнинг фикрига кўра триклозаннинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўлиқ аниқланган. Ҳўш, нима қилиш керак? Биринчи галда ювиш воситаси инсон соғлиғи учун хавфсиз бўлиши зарур.
Россия Федерациясининг истеъмолчилар ҳуқуқлари ва инсон фаровонлигини ҳимоя қилиш соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (“Роспотребназор”) хорижда ва мамлакатда ишлаб чиқариладиган машҳур брендга эга Henkel, Procter & Gamble, Colgate-Palmolive, Werner & Mertz GmbH, The Clorox Company компанияларининг кимёвий ювиш воситалари сотилишини тақиқлади. Идиш ювиш воситалари ичида мазкур тақиққа идиш ювиш воситаси Fairy Platinum тушди. Ташкилот мутахассисларининг қайд этишларича, уларнинг таркибидаги мавжуд модда инсон ҳаёти учун хавфлидир. Шу сабабли албатта сотиб олган ювиш воситасининг таркибини диққат билан ўқиб чиқинг. Унинг таркибида нималар бор? Мавжуд фаол моддалар юмшоқми ёки қаттиқ? Албатта юмшоғини сотиб олиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари идиш юваётганингизда гелни қанча кам ишлатсангиз, шунча соғлиғингизга фойда. Идиш ювиш воситалари устига ёзилган “Глицеринли”, “Терингизни ҳимоя қилади” деган сўзларга ишонманг. Бу реклама қармоғи. Албатта идишни резина қўлқопларда ювиб, сўнг терини юмшатувчи крем суришни унутманг. Аммо идишларни бутунлай кимёвий ювиш воситаларсиз ҳам тозалаш мумкинми?
Ҳозир барчамиз ўрганиб қолган, идиш-товоқлардан осонгина ёғни кетказадиган, инсон организмига зарар етказмайдиган идиш ювиш воситасининг ўрнини боса оладиган муқобил борми?
Албатта бор. Бунинг учун момоларимиз тажрибасига мурожаат қилсак бўлди. Энг зарарсиз восита бу кул ва кир ювиш совунидир. Замонавий воситалардан уларнинг қаторига чой содаси, хантални қўшиш мумкин. Безарар идиш ювиш воситасини тайёрлаш учун бир дона кир совунни қирғичдан ўтказиб, уни шиша идишга жойланг, устидан ярим қути чой содасини солиб, илиқ сувда ивитиб қўйинг. Бундай восита энг ёғли идишларингизни ҳам бир зумда тоза қилиб, мутлақо безарардир. Агарда тайёр ювиш воситасига ёқимли ҳид бермоқчи бўлсангиз яримта лимонни сиқиб, сувини аралаштиринг.
Шунингдек ёғли идишларни хантал кукуни ҳам самарали равишда тозалайди. Бундан ташқари хантал, чой содаси антсептик хусусиятларга эга, яъни терингиздаги ҳар қандай микробларни ўлдиришга қодир. Бундан ташқари улар сувда эриб, атроф-муҳитга ҳам зарар етказмайди. Сувни тежаш имконини беради. Агарда сиз тоғорачада идишларни ювсангиз ҳам, уларни табиий ювиш воситаларидан сўнг бир маротаба чайқаш кифоя.
Кимёвий идиш ювиш воситалари фан-техника тараққиёти маҳсули. Биз ўз ҳаётимизни енгиллаштиришга ҳаракат қиламиз. Бунга эса ҳар куни оммавий ахборот воситалари томонидан реклама қилинаётган, “Бир томчиси- сизнинг барча муаммоларингизни ҳал қилишга қодир” кимёвий идиш ювиш воситаларини харид қилишга шошиламиз. Ўйлаб кўрингчи, бир томчиси ҳар қандай ёғни парчалайдиган геллар, сизнинг ичингизга киргач наҳотки жим турса? Ички аъзоларингизга, фарзандларингиз, яқинларингиз соғлиғига зарар етказмаса? Албатта олимлар хавфсиз идиш товоқларни яратиш устида мунтазам иш олиб боришаётир. Масалан, швед олимлари ўзини ўзи тозалайдиган ликопчани яратишди. Олим ҳамда дизайнер ханна Билквиснинг фикрича, идиш таркиби асосан целлюлёза ва ёғоч тўқималаридан иборат. Тарелка шунингдек осонгина шаклини ўзгарттиради. Бундан ташқари у синмайди. Целлюлёза пресланиб, ёғоч тўқималари қўшилган материал ўта силлиқ ва супергидрофобдир. Овқат қолдиқлари силтаб ташланса бас. Унинг яна бир хусусияти, ликопчага 3D-принтерда ўзингиз истаган суратни туширишингиз мумкин. Аммо кашфиётнинг нархи жуда қимматлилиги боис ҳали сотувга чиқарилгани йўқ.
Бугунги кунда бир чайқашда юз фоиз идиш юзасидан кетадиган арзон идиш ювиш воситалари сотувда йўқ. Демак, ҳар гал идиш ювиш воситасини сотиб олар экансиз унинг неча фоизи сизни, қанчаси эса атроф-муҳитни заҳарлашини яна бир ўйлаб кўринг.
Наргис ҚОСИМОВА