Дашт қора илони Ғарбий Тянь-Шань тоғ тармоқларида, Чирчиқ ва Сирдарё воҳаларида тарқалган. Ўзбекистондан ташқарида Қозоғистоннинг жануби ва Балхашбўйи, Қирғизистоннинг жануби, Тожикистон шимолида учрайди.
Мазкур илонлар дарё қайирлари ва кўл соҳиллари, баъзан тоғ ва тоғ этакларидаги қуруқ даштларда ҳаёт кечиради. Маълумотларга кўра, XX асрнинг 70-йилларида маҳаллий популяцияларда гектарига 10–12 дона учрар эди. Ҳозирда сони жуда камайиб кетган.
Март–октябрь ойларида фаол ҳаёт кечиради. Тошлар остида, тупроқ ёриқларида, кемирувчилар инида беркинади ва ўша ерда қишлайди. Март–май ойларида жуфтлашади. Август–сентябрда болалайди. Асосий озуқаси ҳашаротлар, ўргимчаксимонлар, майда калтакесаклар, қушлар ва сутэмизувчилар ҳисобланади.
Ерларнинг ўзлаштирилиши, пестицидларнинг қўлланиши, одамлар томонидан таъқиб қилиниши турнинг камайиб кетишига олиб келмоқда. Ҳозирга қадар Тошкент ҳайвонот боғида ва ЎзР ФА Зоология институти серпентариясида бир неча марта насл олинган.
Илонларни ўлдирманг. Халқимизда негади р илонни кўрса, дарҳол ўлдириш пайига тушадиганлар жуда ҳам кўп. У табиатимизнинг ажралмас бўлаги. Тегмасангиз, у ҳам сизга тегмайди.