БУТУНЖАҲОН ТОЗАЛИК КУНИДА ЎЗБЕКИСТОНДА 3411 НАФАР ФУҚАРО ТОЗАЛАШ ИШЛАРИДА ҚАТНАШДИ

21 сентябрь куни Ўзбекистонда Бутунжаҳон тозалик куни (World Cleanup Day)  Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг саъй –ҳаракати билан жойларда ўтказилган тозалик бўйича акцияларда жами 3411 нафар юртдошимиз иштирок этди.  Биргина  “Таинственный Узбекистан”, FLO пойафзал мультибренд дўконлар тармоғи, Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston билан ҳамкорлигида Тошкент вилояти (Янгиобод тоғлари)ни чиқиндилардан тозалаш  бўйича  ўтказилган экологик акцияда 110 нафар кўнгиллилар қатнашишди.

-Ўзбекистон бизнинг уйимиз, бу тоғлар, бу ердаги табиат Ватанимизнинг бир бўлаги. Уларни ифлос, чиқиндиларга тўла ҳолда ўсиб келаётга қолдиришнинг ўзи жиноят, дейди экоакция қатнашчиси  Лариса Сагановская.
Экоакциядан мақсад Бутунжаҳон тозалик кунини 158 мамлакат билан бир вақтда нишонлаётган Ўзбекистонда жамоатчилик, ҳукумат, ОАВ ва тижорат бирлашмаларини мамлакатимиз тозалигини сақлаш, барқарор тараққий этишимиз учун шароитлар яратиш, аҳолининг экологик маданиятини кўтаришдан иборат.

-Экоакцияларни кўпроқ ташкил этиш керак. Мен 17 августда Белдирсойни тозалаш бўйича ўтказилган экоакцияда ҳам қатнашган эдим. Чунки ҳар бир одам бугун тозалик ишларига ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим. Одамларга аввало чиқинди ташламасликни ўргатиш, уларнинг экомаданиятини ошириш керак. Бунда ОАВда кўпроқ экоакцияларни тарғиб қилинса яхши бўлар эди, дейди Нозим Ахмаджонов.

  Акцияда ёшлар ҳам қатнашаётгани қувонарли ҳол. Кўпчилик ота-оналар ўз фарзандлари билан келишган. Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бор. Болаларни ёшлигидан чиқиниларни дуч келган жойга ташламасликка ўргатиш, табиатга меҳр уйғотиш бутун умрга қолади ва бундай инсонлардан келажакда ҳеч қачон жиноятчи, ҳуқуқбузар чиқмайди. Экоакциянинг энг ёш қатнашчисидан бири Мария Маркова 6 ёшда. У экоакцияда отаси ва онаси билан қатнашди ва Янгиобод тоғларини тозалаш ишларига ўзининг жажжи ҳиссасини қўшди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг талабаси Фирдавс Умурзоқовнинг фикрича, ҳар бир инсоннинг табиатни асрашга виждонан ёндошмоғи лозим. Тозалаш ишларида қатнашар эканман, шундай гўзал табиатимизни бундай ёмон аҳволда қолиришнинг ўзи гуноҳлигини англаб етдим, дейди у.

  -Экоакцияда кўпчилик қатнашишни исташади. Аммо кўпчилик бунга имкон топа олмайди. 17 августда Белдирсойда Қўмита томонидан ўказилган тозалик акциясидан сўнг бизга жуда ҳам кўп  ҳудудларларда тозалик акцияларини ўтказиш бўйича таклифлар келиб тушди. Уларнинг орасида  ёз ойлари энг кўп дам олувчиларни қабул қиладиган Янгиобод тоғлари ҳам бор эди. Шу сабабли бу сафар акция Янгиободда ўтказилмоқда, дейди Қўмита ахборот хизматининг раҳбари Севара Давлатова.

Чиқиндилар тўплангач, қатнашчилар бир дастурхон атрофида йиғилишди. Фаол қатнашчилар ўртасида турли хил совринли ўйинлар  ўтказилиб,  “Таинственный Узбекистан” гуруҳи билан икки киши учун Ўзбекистоннинг кўзга кўринган жойлари бўйлаб бир кунлик тур, FLO мультибренд пойафзал дўконидан совғали ваучер ва бошқалар билан тақдирланишди.
Ташкилотчилар томонидан қатнашчилар автотранспорт, тозалаш ишлари учун анжомлар (қўлқоплар, чиқинди тўплаш халталари) билан таъминланди.Тўпланган чиқиндилар Ангрен “Тоза ҳудуд” ДУК ходимлари томонидан олиб чиқиб кетилди.
Айтиш жоизка, Бутунжаҳон тозалик куни  2018 йили Эстониянинг Let’s Do It!  лойиҳаси дунёнинг турли хил бурчагидаги ташаббусларни бирлаштиришга муваффақ бўлди.  Бутунжаҳон тозалик куни 2018 йили 15 сентябрь куни ўтказилиб,  унда 157 мамлакатдан  17,5 миллион нафар одам қатнашган эди.

Эстониянинг ўзида эса  Let’s Do It  лойиҳаси илк маротаба 2008 йили  амалга оширилиб, 5 соат давомида эстонлар  иложи борича мамлакат бўйлаб кўпроқ чиқинди тўплаб, ҳудудларни тозалашга ҳаракат қилишганди.  Бу йил мазкур ташаббусга  Қўмита ҳаракати билан Ўзбекистон ҳам қўшилди. Бу йили дунё бўйлаб тозалик ишларида 169 та мамлакатдан 36 млн. нафар кўнгиллилар қатнашиб,  энг катта акция Индонезияда бўлиб ўтди. Унда 7,6 млн. нафар аҳоли қатнашган.

Наргис ҚОСИМОВА