Хоразмда ёшлар кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг хонадонларини тозалашга ёрдам беришди

2019 йил 20 сентябрь куни Хива шаҳрида Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилояти партия ташкилоти Кенгаши, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда 21 сентябрь – “Бутун жаҳон тозалик куни” муносабати билан “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида экологик акция ўтказилди.

Аҳолининг кенг қатламларида мамлакат тақдири учун даҳлдорлик туйғуси ва экологик маданиятни юксалтириш, давлатимизнинг экологик сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга татбиқ қилишда фаол иштирок этишга чақириш, инсонларни ўзи яшаб турган ҳудудни чиқиндилардан ҳоли этиш йўлида бирлаштиришни ўз олига мақсад қилиб қўйган мазкур тадбирда Ўзбекистон Экологик партияси “Ёшлар қаноти” фаоллари, атроф муҳитга бефарқ бўлмаган аҳоли ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирнинг биринчи қисмида ташкилотчилар Хива шаҳридаги “Ичон қалъа” музей қўриқхонаси ҳудудида юртдошларимиз ҳамда қадим шаҳримизга ташриф буюрган хорижий меҳмонларга “21 сентябр -Бутун жаҳон тозалик куни”ни нишонлашнинг аҳамияти, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан фуқароларимизнинг қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлари хусусида маълумот берувчи буклетларни тарқатдилар. Қолаверса, юртдошларимизни халқимиз соғлигини сақлаш ва бебаҳо табиий бойликларини асраб авайлашдек олий вазифани бажаришда фаол қатнашишга чақирдилар.

Вилоятнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги мусиқий дастур экологик акцияга байрамона кўтаринки кайфият бағишлади.

Аксиянинг иккинчи қисмида кўнгилли ёшлар томонидан кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилаларнинг хонадонларида тозалик ишларини амалга оширдилар. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакилларига бепул дори-дармонлар тарқатилди, бепул тиббий кўриклари ҳам ташкил этилди.

Келажак бугундан бошланади. Зеро, инсоният соғлом келажак учун мусаффо табиатни бекаму-кўст асраб-авайлашга тўла масъулдир.