Ускуна АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти томонидан тақдим этилиб, Ўзбекистонга муҳим халқаро чегара пунктида радиоактив материал контрабандасига қарши курашда ёрдам беради.
“Мен икки мамлакатимизнинг халқаро ядро хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлигида янги давр бошланганини эълон қилишдан хурсандман. Бугун АҚШ Давлат энергетика департаменти Ўзбекистон давлат божхона қўмитасига радиацияни аниқловчи ускунанинг биринчи фазасини ҳадя этганига гувоҳ бўлдик. Бу АҚШ-Ўзбекистон чегара хавфсизлиги бўйича ҳамкорлигини илгари суришда муҳим қадамдир”,- деди элчи Розенблюм.
1998 йили, АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмурияти ядро ва радиоактив материаллар контрабанасини халқаро миқёсда чеклаш лаёқатини кучайтириш мақсадида махсус дастурни ишга туширди. Анъанавий хавфсизлик воситалари, жумладан рентген сканер ва металл детекторлар радиацияини аниқлай олмагани сабабли, бу борада махсус ускунани тадбиқ этиш чегараларда контрабанданинг олдини олишда муҳим ва самарали воситадир. “Дўстлик” кўпригида янги ўрнатилган ускуна автомобиль ва йўловчилар, мобил детекцион тизимлар ва қўл/ портатив детекторларни сканердан ўтказувчи радиацион портал мониторларни ўз ичига олади.
“Дўстлик” кўпригидаги ускуна кўп йиллик, кўп миллион долларлик лойиҳанинг биринчи фазаси бўлиб, унинг доирасида АҚШ давлат энергетика департаментининг Миллий ядро хавфсизлиги маъмуриятига қарашли Ядро контрабандасини аниқлаш ва ушлаб қолиш идораси бошқа стратегик чегара ўтиш пунктларини ҳам радиацион портал мониторлари билан жиҳозлайди. Бу идора Ўзбекистон ҳукуматининг бошқа агентликлари билан янги ускунага хизмат кўрсатиш ва ядро хавфсизлигининг бошқа соҳаларида келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришга имкон яратиш билан шуғулланади.
“АҚШ ва Ўзбекистон одамлар ва товарларнинг қонуний оқимини енгиллаштириш орқали Афғонистон билан чегара хавфсизлигини таъминлаш ва гиёҳванд моддалар ноқонуний ҳаракатини чеклаш йўлида яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ушбу янги муҳим имконият ёрдамида биз ядровий ва бошқа радиоактив материаллар контрабандасига қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтирамиз”,‑ таъкидлади элчи Розенблюм.