Хабарингиз бор Қўқон шаҳрида “Халқаро ҳунармандчилик фестивали” ўтказилди. Қўқон шаҳрига фестивални кўриш учун йўлга отландим. Қўқондаги ташрифимдан олдин 2019 йил 17 июнда uza.uz сайтида “Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади” сарлавҳаси остидаги мақолани ёдга олдим. Мақоладаги қуйидаги жумлалар менда қизиқиш уйғотди. “Сариққамиш”, “Пўстиндўз”, Абдулла Қодирий ва Шароф Рашидов номидаги кўчаларда ҳам ободонлаштириш ишлари билан биргаликда, 110 та кўпқаватли уй миллий услубда таъмирланмоқда. Шаҳар ички йўлларини таъмирлаш ишлари учун 4 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлиб, бу борадаги ишлар ҳам сифатли олиб борилмоқда. Бундан ташқари, шаҳарнинг 24 та кўчасига ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортилди”. Хаёлимда Қўқон шаҳрида амалга оширилган ободонлаштириш ишларини тасаввур қилиб бордим. Озгина вақт ўтгач кўзланган манзилга хаёллар оғушида етиб бордим. Шаҳар чиндан ҳам чирой очган, бунақа манзарани ҳеч қаерда кўрмаган эдим. Барча ерга гуллар экиб обод қилинган, шаҳар йўллари равон эди. Ҳунармандлар учун тайёрланган расталарни кузатдим. Ободонлаштириш бўлими ходимларидан бирини суҳбатга тортдим.
Аёлнинг илмоқли гапини тушунмай бир оз ўйланиб турдим. Атрофда аста- секин одам кўпая бошлади. Шаҳар кичик бўлса-да, кўчалар гавжум. Буни қарангки, пиёдалар йўлагига сиғмаётган одамлар экилган гулларни босиб, гулзорлар ичидан ўрталаб кетишни бошлашди. Мен гулзорни босган баъзи аёлларга тўғри йўлдан юришларини, уларни экиш учун катта меҳнат кетаётганини айтган эдим, гапимни тўғри тушунишмади чоғи. Улардан бири мен билан ҳатто ёқалашишгача борай деди. Бозори чаққон пистачиларнинг қўли қўлига тегмайди. Аммо, атрофда писта пўчоғидан “гилам” тўшалгандек эди. Назаримда, уларни ташкилотчилар халқаро тоифадаги фестиваль бўлаётганидан огоҳлантиришмаган кўринади.
Шу пайт ахлат ташлайдиган қутилар эътиборимни тортди. Уларнинг бирида чиқиндилар “тошиб” кетаётганини кўрсангиз, яна бирида елим идишлар қалашиб ётарди. Қутилар қолиб, ариқ ичига ҳам ахлат ташлашган. Мана сизга маданият. Аксарият фестиваль қатнашчи ва томошабинлари қутилар қолиб, дуч келган жойга ахлат ташлашди.
Таъкидлаш керакки, фестивални ташкиллаштириш жараёнида ташкилотчилар ушбу масалага эътибор қаратишмаган. Чунончи, шаҳардаги озиқ- овқат дўконлари, кўпқаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари олдида шундай қутилар мавжуд эмас.
Яна бир оғриқли муаммо. Қўқоннинг энг машҳур тарихий обидаси Худоёрхон саройининг деворлари ҳунармандларнинг асбоблари, маҳсулотлари, безакларини илиш учун қоқилган михлардан илма –тешик бўлиб кетди, назаримда. Яна икки-уч маротаба шундай оммавий тадбир ўтказилса аниқ бу тарихий обида билан ҳам хайрлашишимизга тўғри келади, шекилли.
Албатта, юртимизда қўли гул ҳунармандларнинг фаолиятини халқаро фестиваль орқали жаҳонга танитиб, мамлакатимиз туристик салоҳиятини оширишга 1 Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўз ҳиссасини қўшди. Амммо ташкилотчилар аввало инсонлар хавфсизлиги билан бир қаторда тарихий обида хавфсизлиги, атроф-муҳит муҳофазасини ҳам яхшилаб ўйлаб кўришлари керак эди.
Одатда хонадонга бирор бир киши меҳмон бўлиб келадиган бўлса, ён- атроф тозаланиб, тартибга келтирилади. Зеро, уйдаги саранжом, саришталик шу ерда яшовчиларнинг одоби, хулқ- атворидан дарак беради. Ўзига хос катта тантанага, тўйга мезбонлик қилган қадим- Қўқон шаҳрида эса хорижлик сайёҳлар, меҳмонлар қандай манзаранинг гувоҳи бўлишди-ю, нима хаёлга боришди?! Буниси бизга қоронғу. Ачинарлиси, Она диёримиз, юртдошларимиз ҳақида нотўғри фикрга боришганидир. Ахир биз дунё илм- фанига, цивилизациясига улкан ҳисса қўшган, маданиятли халқ фарзанларимиз-ку.
Ўз мухбиримиздан