14 сентябрь куни Ўзбекистон Экологик партиясининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Пленумда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотлари ва бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия ходимлари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Пленумда қайд этилганидек, мамлакатимизда Олий Мажлис ва маҳаллий кенгашларга навбатдаги сайловлар ўтказилишига қисқа муддат қолди. Юртимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу сиёсий жараённи миллий қонунчилигимиз ва халқаро стандартлар асосида юқори савияда ўтказиш учун ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозим. Бугун фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигининг ошганлиги, ҳуқуқий онгининг юксалганлиги, сиёсий партияларга қаратилаётган эътибор, уларнинг жамият ҳаётидаги ролининг ортиши жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар, соғлом рақобат муҳитида, очиқлик ва шаффофлик, тенглик тамойиллари асосида ўтишининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат сиёсий партиялар катта имтиҳон олдида турибди. Бу борада янги ташкил этилган ва сайловларда илк бора иштирок этаётган Ўзбекистон Экологик партияси бошқа сиёсий партияларга нисбатан масъулиятни янада кўпроқ ҳис этади.
“Биз келажак учун жавобгармиз” ғояси остида ҳозирги ва келгуси авлоднинг қулай атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқларини таъминлаш, экологик барқарорликка эришиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида жамиятни ижтимоий гуруҳларга ажратмаган ҳолда унинг барча куч-салоҳиятни бирлаштириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий мафкурасидир.
Ўзбекистон Экологик партияси — табиат ва инсон саломатлиги учун қайғурадиган, ёши, жинси, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳақиқий ватанпарварлар, табиат муҳофазасига жонкуяр ва фидойилар, амалий ҳаракатлар, келажакка дадиллик билан интилаётганлар партиясидир.
Партия фаолиятини янада жонлаштириш, Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка етказиш, сиёсий партиянинг сайлов кампаниясини ташкил этиш, сайлов кампанияси стратегиясини ишлаб чиқиш, партия ва номзодлар имиджини шакллантириш, самарали сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайловолди тарғибот-ташвиқот ва ОАВ билан самарали мулоқотга киришиш, сайлов кампанияси бош ғояси ва шиорини ишлаб чиқиш мақсадида “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусидаги семинар-тренингларнинг республика ва вилоят босқичлари бўлиб ўтди. Кейинги навбатларда туман ва шаҳарлар кесимида ўтказишга жиддий тайёргарлик кўриш лозим эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, Пленумда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган дебатлар деярли республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилганлиги алоҳида қайд этилди.
Экспертлар гуруҳи томонидан экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим ва тарбия, иқтисодий-ижтимоий соҳанинг барча жабҳаларини, жумладан, соҳада давлат сиёсатини амалга оширишга кўмаклашиш, миллий қонунчиликни такомиллаштириш, экологик хавфсизликнини таъминлаш, “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, экологик таълим-тарбия тизимини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш каби масалаларни қамраб партиянинг сайловолди дастури дебатларда билдирилган таклиф ва мулоҳозалар асосида янада такомиллаштирилди.
Тадбирда иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловолди дастурига:
— иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувни тежайдиган, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилган лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши ҳисобига сув сарфини камайтиришга эришиш ҳамда суғориладиган ерларнинг 25 фоизигача майдонида сувни тежовчи (томчилаб суғориш) самарали технологияларни жорий этиш.
— муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар майдонларини мамлакат ҳудудининг 12 фоизига етказиш.
— ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида услуксиз экологик таълим тизимини жорий этиш, олий таълим муассасаларида экология фани бўйича педогогик кадрлар тайёрлаш тизимини жорий қилиш.
— хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш. Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш.
— экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида илмий-тадқиқот институтини таъсис этиш масаласини ҳал этиш.
— иқтисодиёт тармоқлари ва секторларини ривожлантиришнинг миллий стратегиялари ҳамда дастурларини ишлаб чиқишда экотизим ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни, табиий ресурсларнинг қиммати ҳисобга олинишини таъминлаш.
— экология соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, Ўзбекистон томонидан қабул қилинган халқаро норма ва қоидаларга оғишмай риоя этилишини таъминлаш ҳамда мажмуавий ва тўғридан-тўғри амал қиладиган Ўзбекистон Республикасининг Экологик кодексини қабул қилиш.
— экологик тоза транспорт воситалари миқдорини ошириш, аҳолини велосипедлардан фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаш, ёқилғи сифатини халқаро стандартларга мослаштириш. Эскирган автотранспорт воситаларини утилизация қилиш масаласини ҳал этиш.
— бунёд этилаётган уйларнинг барчасини энергияни, ресурсларни тежайдиган яшил қурилиш талаблари бўйича қуришга эришиш каби аниқ таклифларни Партиянинг сайловолди дастурига киритишга келишиб олинди.
Пленумда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб келгусида жойларда партия тарғиботини кучайтириш, тарғибот-ташвиқот ишларига жиддий эътибор қаратиш, партия сафига ўз ишига фидойи, малакали кадрларни жалб қилиш, бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини тўғри ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Экологик партияси
Ахборот хизмати