Ўзбекистонда ҳар ойнинг учинчи жумасида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида “Автомобилсиз кун” акцияси доирасида амалга оширилаётган тадбирлар бўйича ўтказилган матбуот анжуманида хабар берилди.
Дунёнинг турли мамлакатларида бу каби тадбирларни ташкил этиш ўзига хос анъанага айланган, яъни улар ҳар йили 22 сентябрни Бутунжаҳон автомобилсиз бир куни сифатида кенг нишонлаб келадилар.
Ўз навбатида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикаси йўл хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 377-сонли қарори билан белгиланган тартиблардан бири – йўлларда хавфсизлик муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этишга, автотранспорт воситаларисиз ҳаракатланиш мумкинлиги ва зарурлигини намойиш қилишга, унинг барча қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишга оммавий чақиришга йўналтирилган “Автомобилсиз кун” ойлик акцияси мунтазам асосда республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилиши белгиланган.
Ушбу қарордан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги кунини ўтказиш ва йўл транспорт ҳодисалари профилактикасининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 701-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, кенг жамоатчилик иштирокида ҳар ойнинг учунчи жума кунида “Автомобилсиз кун” акцияси ўтказилишининг йўлга қўйилиши белгилаб қўйилган.
Қўмита ҳам бугунги кунда аҳоли, аёниқса ёшларни мазкур масалаларга жалб этиш, ҳар бир фуқаронинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сақлашга ўз хиссасини қўшишга имкон яратиш мақсадида тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари билан ҳамкорликда “Автомобилсиз кун” акциясини ўтказишни режалаштирган.
— Атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи манбалардан бири – бу шубҳасиз автотранспорт воситаларидир, деди Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бошқармасининг бошлиғи Умиджон Абдужалилов. -Мисол тариқасида эътироф этиш ўринлики, бугунги кунда мамлакатимизда атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддаларнинг 60 фоизи ёки йирик шаҳарларимизда 80 фоиздан ортиғи ва бевосита Тошкент шаҳрида деярли 95 фоизи транспорт воситаларининг ҳиссасига тўғри келади.
Албатта ушбу ифлослантирувчи моддаларнинг миқдор жиҳатидан ортишини, шунингдек, атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатилишини олдини олиш мақсадида, қатор сайи-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шулардан бири, Давлат экология қўмитаси Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда мамлкатимиз бўйича йилда икки босқичда “Тоза ҳаво” операциясини ўтказиб келинишидир. Айни кунда мазкур тадбир Тошкент шаҳридан ташқари (Тошкент шаҳрида 10 сентябрдан 10 октябрга қадар амалга оширилади.) мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилиб келинмоқда.
Таъкидланганидек, автотранспорт воситалари нафақат атроф-муҳитга, балким фуқароларнинг ҳаётий хавфсизлигига, соғлиғига, шаҳар ичида бехавотир ҳаракатланишига ҳам таъсир қилади.
Аммо бугунги кун талаблари ҳисобга олинса, шубҳасиз, автотранспорт воситаларисиз ҳаётни тасаввур этиш мушкул. Лекин, ойда бир маротаба бўлса-да, аҳоли, кенг жамоатчилик эътиборини ушбу масалаларга жалб этиш, уларга атроф-муҳитни асрашда ўз ҳиссаларини қўшишларига имкон яратиш мақсадида “Автомобилсиз кун” акциясини ташкил этиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Автомобиллар йўллари давлат қўмитаси ҳамда журналистлар иштирок этишди.
Н.Қосимова