Бир килограмм гўштнинг асл нархи қанча? Бир буханка ноннинг-чи? Аслида биз ҳар куни 650 сўмга сотиб олаётган 400 грамм оғирликка эга мазкур ноннинг таннархи салкам 30 минг сўм. Нега дейсизми? Бир ҳисоблаб кўринг. Бир килограмм буғдой етиштириш (лалми бўлмаган) ва хамир қориб, дастурхонимизга етказиш учун 1000 литрга яқин сув сарфланади. Етилган бўғдони ўриш, янчиш, ташишга кетадиган сув, хамирга ишлатиладиган, хамир қорилган ва нон пиширилган идишларни, тахминан икки дақиқа давомида қўлни ювишга кетадиган сувнинг нархи мутахассислар томонидан ҳисоблаб чиқилганда ўртача 86 м3 сув сарфланади. Агарда уни бугунги кунда республикамиздаги мавжуд сувнинг нархига (Тошкентда 345 сўм) кўпайтирилса (вилоятларда, Хусусан Хоразмда сувнинг нархи 900 сўм) ўртача бир буханка нонни таннархи, яъни унга сарфланган виртуал сувнинг нархи келиб чиқади. Аслида виртуал сув нима? Нега виртуал сувни билиш бунчалик муҳим? Виртуал сув биз ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун кетган сувнинг ҳажмидир. Масалан,бир килограмм гўшт учун 15 500 литрга яқин сув сарфланади, демак, биз истеъмол қилаётган гўштнинг таннархи 15 500 литр виртуал сувнинг нархига тенг. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра битта одамнинг виртуал сув истеъмол қилиш ҳажми бир кунда 1 м3 яшаб қолиш учун, 2,6 м3 ва ундан кўпроғини эса кўп гўшт истеъмол қиладиганлар учун ташкил этади. Албатта, сув танқис мамлакатлар маҳсулотлар, товарларни харид қилишганида, уларни ишлаб чиқарган мамлакатдан харид қилинган мамлакатга виртуал сув ўтади. Бу эса мамлакатдаги сув ресурсларини тежаш имконини беради. Глобал даражада эса виртуал сувни сотиш геосиёсий аҳамиятга эгадир: у мамлакатларни бир бирига боғлайди. У ҳамкорлик ва тинчлик асоси ёхуд турли хил зиддиятлар манбаси бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, ўртача экспорт қилинадиган маҳсулотлар юзадаги ва ер ости сувларини ички бозорда истеъмол қилинадиганларга нисбатан кўпроқ ифлослантиради.
-Сув танқислиги мамлакатимизда тобора кескинлашиб бормоқда. Агарда 2000 йилларнинг бошларида мазкур муаммо Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида долзарб бўлган бўлса, бугунги кунга келиб аксарият вилоятларда одамлар кундалик эҳтиёж учун сувни сотиб олишмоқда, дейди Қашқадарё вилояти Экоҳаракат бўлими бошлиғи Носир Халимов. –Қаршида 1 машина (4 м3) сув 75 минг сўм турса, Деҳқонобод туманида у 200 минг сўм туради. Буни ҳар бир вилот мисолида кўришимиз мумкин.
Қишлоқ сув хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг асосий тармоқлари бўйича сув олий ҳажмининг тақсимланиши қуйидагича:
Қишлоқ хўжалиги (Ирригация) — 84,2 – 91,8%
Саноат — 1,8 – 3%
Коммунал маиший эҳтиёжлар — 3 – 6%
Энергетика — 2 – 6%
Балиқчилик хўжалиги — 0,5 – 2%
Аҳолининг сувдан оқилона фойдаланиш борасида маданиятининг пастлиги, муаммони тўлиқ англаб етмаганлиги оқибатида ҳануз қатор муаммолар долзарб бўлиб қолмоқда:
-Марказий Осиё ва Ўзбекистонда сувни истеъмол қилиш даражаси эса узлуксиз пасаймоқда ва бу аҳоли тобора кўпайиши ва ривожланиши билан чамбарчас боғлиқдир;
-Марказий Осиёнинг дарё ҳавзаларидаги сув ресурсларига бўлган антропоген юкламалар рухсат этилган чегаралардан ортиб кетмоқда;
-минтақада сув ресурсларини бошқариш ва улардан фойдаланиш эскирган тамойил ва ёндашувларга таянмоқда. Қишлоқ хўжалигида суғориш жараёнида сувни тежайдиган технологиялар, саноатда эса кам сув сарфлайдиган ва сувдан умуман фойдаланмайдиган технологиялар кам қўлланилади.
-трансчегаравий сувлардан фойдаланиш бўйича ўзаро мақулланган келишувлар ва мустахкам ҳамкорлик мавжуд эмас;
— асрлар давомида синовдан ўтган экинларни суғориш ва сувни тежаш борасидаги амалиёт деярли қўлланилмайди;
-табиатни авайлаш ва унга ғамхўрлик қилиш фазилатлари йўқ бўлиб кетмоқда;
-аҳолини сув бўйича ахборот билан таъминлаш соҳасидаги камчиликлар билан боғлиқ.
Proceedings of the National Academies of Science нашрида чоп этилган тадқиқотларда жаҳонда сув истеъмоли борасида маълумотлар келтирилган. Дунёда 92% ишлатиладиган сув ҳажми қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Сув кўп истеъмол қиладиган ғалла, шоли ва маккажўхори етиштиришга жаҳондаги чучук сувнинг 27 %и сарфланади. Тадқиқот натижасига кўра, гўшт ишлаб чиқаришга 22%, сутга 7% сув сарфланиши аниқланган. Шунингдек, тадқиқотчилар «виртуал сув»нинг мамлакатлар ўртасидаги айланишини ҳам ўрганишган, яъни Осиёда сув сарфлаб ўстирилган шоли Африкага экспорт қилинади. Дунёдаги сувнинг бешдан бир қисми айнан виртуал сув сифатида ишлатилади, яъни мамлакатлар ўз ҳудудида сувни камроқ сарф қилиш ва сув таъминотининг ифлосланишининг олдини олиш мақсадида импортни амалга оширади. Бугунги кунда виртуал сувнинг асосий экспортёрлари бу Шимолий ва Жанубий Корея, Жанубий Осиё, Австралиядир. Импортёрларга эса Шимолий Африка, Шарқий Осиё, Европа, Япония кабиларни киритиш мумкин.
Сувга оид фактлар
Чучук сув захирасининг 70-90 фоизи ривожланаётган мамлакатларда экинларни етиштириш учун ишлатилади;
Кундалик эҳтиёжни қондириш учун аҳоли жон бошига кунига 50 литр сув керак (Дублин тамойиллари,1992);
1 кг гуруч етиштириш учун 3000 л сув зарур;
Бир филжон қаҳванинг таннархи -18900 литр, битта товуқнинг-4300 литр, 1 кг. Пишлоқнинг -3180, 1 кг. гуручнинг- 2500 литр, 1 кг. шакар олишга -1780, 1 дона олма етиштиришга 822 литр, 1 кг. картошкага 2000 литрга яқин сув кетади.
Илк маротаба виртуал сув тушунчаси 2003 йили учинчи Бутунжаҳон сув форумида тилга олиниб, йиғилишдан сўнг виртуал сув ва ундан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинди. Натижада 2004 йилнинг апрель ойида ҳисобот эълон қилиниб, унда қуйидаги масалалар тилга олинган эди:
Виртуал сув экспорти сув танқис бўлган мамлакатларда уни тежаш имконини берадими?
Виртуал сув озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ёрдам берадими?
Виртуал сув сув борасидаги зиддиятларнинг олдини олиб, уларни бартараф этадими?
Виртуал сувни қисқартириш, яъни сувни тежаш, қурғоқчиликка мослашган экинларни экиш, ишлаб чиқаришда камроқ сув ишлатиш, иккиламчи ва учламчи сувлардан фойдаланишни кенг йўлга қўйиш дунёдаги мавжуд ичимлик сувини тежашга ёрдам берадими?
Виртуал сув ҳақида гап кетганда албатта яна бир атама «сув изи» ни тилга олмоқ жоиз. Сув изи деганда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар учун кетадиган умумий сув ҳажми тушунилади. Сув изи маълум бир вақт ичида ишлатилган ёки ифлослантирилган сув ҳажми бўлиб, бунда сувни нафақат тўғридан тўғри, балки билвосита ишлатилиш ҳам назарда тутилади. Сув изи концепцияси 2002 йилда Голландия университетининг мутахассислари Твенте Эриен Хокстр ва Месфин Меконнен томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги кунда ишлаб чиқаришга кетадиган ва истеъмол учун сарфланадиган сув изи фарқланади. Истеъмол учун сарфланадиган сув изи барча истеъмолдаги маҳсулотлар ва хизматлардан қоладиган сув изини ўз ичига олади. У ўз навбатида ички, яъни давлатнинг ўз сув захираларидан фойдаланишни, ташқи – экспорт қилинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришига кетадиган сув ҳажмини назарда тутади. Сув изи битта ёки бир гуруҳ одамлар, конкрет маҳсулот ёки хизмат, корхона ёки иқтисоднинг бутун бир тармоғи, ҳудуд ёки давлат миқёсида ҳисобланиши мумкин.
Бир инсоннинг сув изи– бир киши томонидан истеъмол қилинадиган ва фойдаланиладиган маҳсулот ва хизматлар учун кетадиган сув ҳажми (бунга уй-коммунал хўжалиги учун кетадиган сув ҳам киради);
Маҳсулот ёки хизматнинг сув изи – маҳсулотни тайёрлаш ёки хизматни амалга ошириш учун кетадиган сув;
Корпоратив сув изи– тижорат фаолиятини олиб бориш учун кетадиган сув ҳажми. Бунга маҳсулотни тайёрлаш, хизматни амалга ошириш учун кетадиган, шунингдек таъминот, логистика ва бошқа нарсалар учун сарфланадиган билвосита сув сарфи ҳам киради.
Ҳудуднинг сув изи(давлат, вилоят) деганда давлатдаги ишлаб чиқариш, саноат, жамият эҳтиёжи, иқтисодиёт, хуллас давлатнинг фаолияти учун кетадиган сув сарфи тушунилади.
Сув изининг учта тури фарқланади:
Яшил из– ўсимликларни зарур оби ҳаёт манбаи билан таъминлайдиган, тупроқда ёмғир, қор натижасида тўпланадиган сув;
Мовий из– турли хил ер юзаси ва ер ости сув объектларидан олиниб, сарфланадиган сув изи. Бунда ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган сув бир сув ҳавзасидан олиниб, фойдаланилгач, маълум муддат ўтгач иккинчи сув ҳавзасига ташланади;
Кулранг из– ишлаб чиқаришдаги оқава сувлардаги ифлослантирувчи моддаларни эритиш учун ўрнатилган стандартларгача сув сифатини оширишга қаратилган ва ишлатилган, сув объектларига ташланадиган сув.
Масалан, Россия Федерациясининг бир йиллик сув изи 400 млрд. м3, мамлакатимизда 1990 йилгача турли мақсадлар учун ишлатилаётган сув 64 миллиард кубни ташкил этган, 2008 йилдан сўнг бу кўрсаткич 51 миллиардгача қисқарган. 1985 йилгача 1 гектар майдонни суғориш учун 22,4 минг метр куб сув сарфланган бўлса, замонавий тежамкор технологиялардан фойдаланиш туфайли 2015 йилга келиб бу миқдор 6-10 минг метр кубгача қисқарди. Маълумотсиз оддий бир одамга чучук сув муаммоси унчалик катта ёки инсоният учун хавфли кўринмаслиги мумкин. Сув ресурслари танқислиги Ўзбекистоннинг изчил ривожланишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин бўлган асосий омиллардандир. Мамлакат айни кунларда сув етишмаслиги, сув манбаларининг қуриши ва ифлосланиши билан боғлиқ айрим муаммоларга дуч келмоқда. Шаҳар ва қишлоқларда сувга оид муаммоларнинг асосий сабаби сув қимматбаҳо ресурс эканини тан олмасликдан иборат. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида суғориш учун ишлатиладиган сувга кўпроқ эҳтиёж сезадиган мамлакатдир. Негаки унинг суғориладиган майдони катта, қишлоқ аҳолиси кўпчиликни ташкил этади ва зич жойлашган. Сувнинг катта қисмидан, айниқса қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётганини эътиборга оладиган бўлсак, суғориладиган деҳқончиликнинг экологияга салбий таъсир кўрсатаётганини кўришимиз мумкин. Ҳўш озгина бўлсада, фарзандларимизга тоза ичимлик суви заҳирасини қолдиришимиз учун нима қилиш керак. Бунинг ечими оддий. Сувни тежаш ва асраш.
Сувни асрашнинг 10 та осон йўли
Хожатхонадаги унсурдан “ахлат челак” сифатида фойдаланманг ёки ундаги сувни заруратсиз туширманг. Хожатхона сув таъминотининг тўртдан бирини, хамда керагидан 40 фоиз ортиқ сув истеъмол қилади.
Тишингизни ювётганингизда ёки идиш-товоқни совунлаётганингизда крандаги сувни ўчириб туринг. 2 дақиқа тиш ювиш давомида канализацияга 18 литр тоза сув оқиб кетади.
Ичиш учун бир шиша сувни совутгичда сақланг. Кранда совуқ сувни бекордан бекорга ёқманг.
Идиш-товоқ ювгич ва кир машинани фақат тўлгандагина ишлатинг.
Кран ва қувурларни оқяптими ёки йўқми текширинг ва созланг. Кўп уйларда овқат қилиш ёки бошқа эҳтиёжларга сарфланадиган сувга қараганда қувурлардан сув оқиши ҳисобига кўпроқ сув сарф бўлади.
Хаммомга кам сарфли душ мосламасини ва кранларга сув оқишини олдини оладиган қурилмалар ўрнатинг. Оддий душ мосламасидан 5 дақиқада 100 литр сув оқади, вахоланки кам сарфли душ мосламаси 35 литр сув сарф қилади.
Мева ва сабзавотларни оқар сувда эмас, чуқур идишда ювинг. Ишлатилган сув билан хонаки ўсимликларни сўғориш мумкин.
Газон (ўт)ни хар уч кунда салқин тушганда суғоринг.
Газонга сув сарфини камайтириш мақсадида пестицидларни камроқ солинг.
Шахсий автомобилни челакка сув олиб, ювинг. Шлангдан фойдаланманг.
Кўчалар, махалларда оқибётган кранларни ёпиб юриш, бошқаларни назорат қилишни ўрганинг.
Автомобилдан камроқ фойдаланинг! Биласизми, 1 литр ёнилғи ишлаб чиқариш учун 10 литр сув сарф бўлади.
Наргис ҚОСИМОВА