Мавзусида 12-13 сентябрь кунлари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизацилаш институтида Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан ташкил этилган Инновация ва илмий тадқиқотлар кластерида Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» лойиҳасининг бир қисми бўлган «Ўзбекистонда сув ва атроф-муҳит масалалари бўйича саводхонликни ошириш ҳамда ҳамкорликни ривожлантириш (UzWaterAware) » йўналишида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Асосий мақсад- бугунги кундаги долзарб бўлган чучук сувни тежаш ва ундан оқилона фойдаланиш масалалари борасидаги ахборотни тарқатишда мувофиқ ташкилотлар ахборот хизматлари ва журналистлар ўртасида ҳамкорликни ўрнатишдан иборат.
Шоҳиста Зокирова, Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳит муҳофазаси қилиш бошқармаси мутахассиси:
- Тренинг ҳам ахборот хизматларининг ходимлари ҳам журналистлар учун фойдалидир. Чунки бугунги кунда долзарб бўлган ичимлик суви муаммосини тежаш ва ундан оқилона фойдланиш масаласи бутун жаҳонни ташвишга солмоқда. Афсуски, жамиятимизда айнан сувдан фойдаланиш маданияти тўлиқ шаклланмаганлиги боис ҳануз сувни кўплаб исроф қилиш ҳолатларини кўришимиз мумкин. Тренингда ахборот хизматлари ходимлари ва журналистлар ўртасида мазкур долзарб муаммони биргаликда ҳал қилиш, аҳолини бу борадаги ахборот билан таъминлашда стратегияни ишлаб чиқиш масалалари кўтарилмоқда. Ўйлайманки, мазкур ҳамкорлик ОАВ томонидан ушбу муаммони кенгроқ ёритишга туртки бўлади.
Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг сувга бўлган талаби асосан трансчегаравий дарёлар – Амударё ва Сирдарё ҳисобига қондирилади. Кузатишларга қараганда, 2020 йилга бориб иқлим ўзгариши, глобал ҳароратнинг ошиши туфайли мазкур дарёларни сув билан таъминлаётган музликлар захирасининг 15–20 фоизга камайиши кутилмоқда. Тоғ музликлари ҳажми йилига 0,2–1 фоиз атрофида камайиб бораётгани, тоғ дарёлари ҳавзаларида қор захиралари тобора қисқараётгани фикримизнинг исботидир. Иқлим ўзгариши туфайли минтақамизда ёз фаслига хос давр чўзилади. Ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш меъёри 2030 йилга бориб ҳозиргидан 5 фоизга, 2050 йилга бориб 7–10 фоизга ва ниҳоят 2080 йилга бориб 12–16 фоизга ошади. Бинобарин, табиатга муносабат, жумладан, сув ресурсларидан оқилона, тежаб-тергаб фойдаланиш янада муҳим масалалардан бирига айланади. Сувсизлик муаммоси қишлоқ хўжалигига, қолаверса, иқтисодиётнинг бошқа соҳаларига катта зарар етказиб, шу заминда яшаётган кишиларни жиддий синовларга дучор этиши мумкин.
Тренингни Ижтимоий тизимларни стратегик бошқариш Институти стратегик ривожлантириш бўйича директори Андрей Бойцов олиб борди. Икки кун давомида қатнашчилар ижтимоий фикрни шакллантиришда мавсумий маркетинг усулларини қўллаш, ОАВ учун ахборот хизматлари билан ҳамкорлик масалалари, сувдан фойдаланиш ва уни тежаш бўйтча жамоатчилик фикрини шакллантириш борасидаги замонавий усуллар ҳақида тушунчаларга эга бўлишди. Тренинг давомида ўтказилган “Сувдан самарали ва оқилона фойдаланиш масалаларини стандарт равишда қабул қилиш. Ахборот хизматларининг ОАВ билан ҳамкорлик вазифаларини шакллантириш”, “ Сувдан оқилона фойдаланиш масалаларига доир ахборот хизматлари томонидан ОАВ учун янгилик яратиш жараёнининг моделлари” ни ишлаб чиқиш борасида ишбилармонлик ўйинлари ўтказилди.
Тренинг якунида қатнашчиларга сертификатлар топширилди.
Наргис Қосимова
Фотосурат муаллифи Аскар Якубов