ХОРАЗМДА СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИНГ ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК ТАЖРИБАСИ ЖУРНАЛИСТЛАР НИГОҲИДА

Инсон аждодлармиз муқаддас деб билган тўрт унсур, сув, ҳаво, олов, тупроқсиз яшай олмайди. Минг йиллар олдин сувнинг кўп бўлишига қарамай у жуда асраб-авайланган, ифлосланишдан, бекор сарфдан асралган. Бугун  Ўзбекистонда сув танқислиги ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги муаммолар тобора долзарблашмоқда.

-Бунинг асосий сабабларидан бири сув истеъмолининг ошганлиги, ерларнинг мелеоратив ҳолатининг ёмонлашуви, сувдан жойларда нотўғри фойдаланиш, сув тежамкор сўғориш технологияларини тўлиқ қўлламасликдан иборат, дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш  муҳандислари институти кафедра мудири,  профессор Илҳом Бегматов.  – Бунинг олдини олиш учун аввало аҳолининг саводхонлигини ошириш, сув ресурсларни бошқаришнинг самарали усулларидан фойдаланиш, ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдан иборат.

Сувдан оқилона фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Республикамизда сув танқислигидан азият чекаётган ҳудудлардан бири бўлган Хоразм вилоятига  оммавий ахборот вакиллари учун уюштирилган медиатур  Европа Иттифоқининг «Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида сув ресурсларини барқарор бошқариш» Дастури доирасида  амалга оширилмоқда.

Мазкур дастур Европа Иттифоқи (ЕИ) ва Ўзбекистон ўртасидаги 2014-2020 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик доирасида сув ресурсларини бошқаришни қўллаб-қувватлайди ва Европа Иттифоқининг Сув бўйича Доиравий Директивасига таянган холда энг яхши Европа амалиёти қўлланилишини рағбатлантиради. Дастурнинг умумий мақсади иқлим ўзгариши шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳар тамонлама ва барқарор ўсишига ҳисса қўшишдир. Дастур 3 та ўзаро боғлиқ таркибий қисмлардан иборат:

1-компонент. GIZ томонидан амалга оширилиб, сув ҳўжалигини ва ресурсларини мукаммал бошқаришнинг миллий доиравий концепциясини яратишга қаратилган. Шу билан бирга ушбу компонент доирасида умумий қиймати 7 миллион еврога тенг сув ва энергия ресурсларини тежовчи асбоб-ускуналар ва замонавий қишлоқ ҳўжалиги техникалари хариди ҳам кўзда тутилган.

 2-компонент. БМТнинг Тараққиёт Дастури томонидан амалга оширилиб, қишлоқ жойларида, айниқса қишлоқ ҳўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича техник салоҳиятни оширишга қаратилган.

3-Компонент. Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи Делегацияси томонидан амалга оширилиб, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳит муҳофазаси ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган. Ушбу компонентнинг асосий мақсади сув ресурсларини асраш, сув ресурслари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг стратегик аҳамиятини жамоатчилик томонидан янада чуқурроқ англанишини уйғотишдан иборат.

Лойиҳанинг миллий ҳамкори бўлмиш Сув хўжалиги вазирлигининг берган маълумотларига кўра, республикада сув ресурслари чегараланганлиги сабабли, мамлакатимизда сувдан фойдаланиш чекланган лимитлар асосида амалга оширилади. Бугунги кунда асосий сув истеъмолчиси қишлоқ хўжалиги саналиб, жами ишлатиладиган сувнинг ўртача 90 фоизи ушбу соҳада сарфланади. Бебаҳо неъматнинг қолган қисми коммунал хўжалигига – 4,2%, энергетикага – 2,3%, саноатга – 1,3%, балиқчилик хўжаликларига – 1,2% ва бошқа соҳаларга 1,0 фоиз миқдорида тўғри келади.

Сув хўжалиги иншоотларини ишлатиш ва замонавийлаштиришга давлат бюджетидан ҳар йили жуда катта маблағ ажратилаяпти. Шунинг ҳисобига, республика бўйича ҳар йили 5,0 минг километр магистрал каналлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 16,0 минг километр суғориш ва нов тармоқлари, 10 мингга яқин гидротехник иншоотлар ва гидропостлар тозаланиб, таъмирланяпти.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида сувни тезкор бошқариш ва истеъмолчиларга ўз вақтида кафолатли етказиб бериш имконияти яратилмоқда ҳамда суғориш тармоқларидаги техник ва фильтрация йўқотилишини камайтиришга эришилмоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори ўтган асрнинг 80-йилларига нисбатан йилига 64 миллиард м3 дан ўртача 51 миллиард м3 гача камайишига эришилди.

1 кун.    Марказий Осиё минтақавий экологик маркази томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда барқарор сув ва экологияни ривожлантириш учун хабардорликни  ва ҳамкорликни ошириш”  мавзусидаги журналистлар учун семинар Урганч шаҳрида   бўлиб ўтди.

  Лойиҳа компонентлари тақдимотидан сўнг журналистлар  UzWaterAware лойиҳаси томонидан ташкиллаштирилган Ўзбекистондаги БМТ ТД томонидан амалга оширилаётган «Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасида сув хўжалиги мутахассислари учун тренингларда қатнашдилар.

  Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизациялаш  муҳандислари институти профессори Ифода Ахмадхўжаеванинг фикрига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида сув ресурсларини камайиши кузатилмоқда. Яқин йилларда биз сув танқислигига дуч келишмиз мумкин. Ҳозир сув ҳали етарли. Аммо ҳозирданоқ уни тежашни ўрганишимиз лозим.

-Биз мана уч йилдан бери 6 та пилот ҳудудларнинг ириггация мутахассиларига тренинг ўтамиз, деди биз билан суҳбатда И.Аҳмадхўжаева.- Бугунги кунда 40% дан 60%гача сув истеъмолчига, фермер хўжаликларга етиб боргунига қадар  бесамар сарф бўлади. Тренингларда биз қатнашчиларга  сувни тежаш техника ва  технологиялардан самарали фойдаланиш, сувдан фойдаланиш ва уни бошқаришни билиш, бошқарув мониторингини олиб бориш, барча сув тақсимоти нуқталарини зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш ва албатта ҳамма жойда ахборот коммуникацион технологияларни жорий этиш лозимлиги айтилади.

Лойиҳанинг иккинчи компоненти Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт  Дастури томонидан амалга ошиилиб,  бевосита қишлоқ ҳўжалигида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича техник салоҳиятни оширишга қаратилган. У ўз фаолиятини 2016 йилдан бери олиб келмоқда. Лойиҳа доирасида  сув хўжалигидаги кадрларнинг техник салоҳиятини ошириш, СИУларнинг техник базасини мустаҳкамлашдан иборат. Техник салоҳиятни мустаҳкамлаш лойиҳа раҳбари Улуғбек Исломовнинг айтишича, республикамизнинг 6 та вилоятни қамраб олган лойиҳада СИУларга қарашли каналларни таъмирлаш ва сувни ўлчаш гидропостларни жиҳозлаш, ишчи шароитни яратиш учун биноларни таъмирлаб, хизматлари учун транспорт воситаси олиб берилди. Танланган хонадонларда томчилатиб сўғориш тизимини жорий этиб, интенсив боғларни яратилди. Лойиҳа бошлангандан бери тренинглар ўтказилиб,

2,5  йилдан бери  3 мингдан ортиқ мутахассислар ўқитилди. Лойиҳа ташкилотчилари томонидан ирригация мутахассисларини ўқитиш ўз самарасини бермоқда.

 

Наргис Қосимова.