Марказий Осиё халқлари, хусусан ўзбек, қирғиз, тожик,туркманларда сув билан боғлиқ кўплаб маросимлар мавжуд. Уларнинг асосида эса айнан ҳудудда исломгача бўлган даврда зардуштийликнинг гуллаб-яшнагани ётади. Зеро муқаддас Авесто китобида қайд этилганидек, зардуштийлар тўртта унсур олов, тўпроқ, сув ва ҳавони муқаддас деб билганлар.
Қизиқ маросимлардан бири, бу янги таваллуд топган бола қирқ кунлик бўлганида, уни 40 қошиқ сувда чўмилтириш маросимидир. Уни қирғизлар
«қирқини чиқарамиз» деса, қозоқ тилида «Қырқынан шығару же шiлдехана», татар,
ўзбек, уйғур тилида «қирқ сув» деб аташади. Бу маросимни аёллар ўтказиб, қирқ
қошиқ сувни томчилатиб, болани ювинтиришади ва ҳар бир қошиқ сувни қуяётган
пайтда «Умай эна қўлласин», «Умри сувдай покиза ва узун бўлсин», «Сувдай тўғри
оқиб, ҳеч йўлидан адашмасин» каби яхши тилакларни айтиб туришади. Муҳими,
қирқи чиққунга қадар гўдак уйдан ташқарига чиқарилмайди. Бу маросим
Қирғизистоннинг барча қишлоқларида ўтказилади, шу билан бирга, жой-жойига қараб, бироз айирмалар бўлиши мумкин.
Қозоқларда боланинг қирқинчи куни унинг туғилган санаси ҳисобланади, чунки
40 кун ўтгандан кейингина бола онасининг ҳидидан ташқаридаги ҳаётга кўника
бошлайди. Қирқи чиқмагунга қадар болани ҳеч кимга кўрсатишмайди. Маросимни
ўтказган аёллар гўдакни 41 қошиқ сув билан ювинтиришади. Атайин тайёрланган
косага 41 тийин ва 41 дона ловия солишади. Тангалар бойликни, ловия эса тўқлик ва узоқ умрнинг белгиси ҳисобланади. Чақирилган меҳмонлар чинни косага қошиқлаб сув қуйишади ва яхши тилаклар билдириб туришади. Ювинтириш чоғида танга ва ловия боланинг устига тушса бўлаверади. Бола танасининг ҳар бир аъзосига сув тегиши керак, чунки сув тегмай қолган жой бўлса, ўша жойлар хасталикларни чақириши мумкин. Боланинг тирноғи ва сочини олиб, кўз тегмасин деган ниятда, уларни матога ўраб, кийимига тикиб қўйишади. Маросим битганидан кейин ишлатилган косалар, қошиқ ва тангалар уларнинг уйида ҳам болалар туғилсин деб, маросим иштирокчиларига тақсимлаб берилади. Ловияларни эса, қадам тегмас ерга тўкиб қўйишади. Маросим сувининг эмлаш хусусияти бор, боланинг уйқуси бузилса, унинг юзига сув суртиб қўйиш яхши фойда беради.
Ўзбекларда эса аёллар йиғилиб, таом пишириб, икки косадаги сувга танга, олтин,
исириқ ва қовурилган гўштнинг бир кесимини солишади. Аёллар навбати билан бир косадан иккинчисига қошиқлаб сув қуйиб, болага яхши тилакларини айтишади. Кейин сув докадан ўтказилиб, гўдак чўмиладиган сувга қўшилади.
Масалан, «Қора қирғиз» китобининг 20-бетида боланинг қирқини ўтказиш
маросими шундай тасвирланади («Кара кыргыз», 5-китеп, Орозбек Айтымбет: Көкө
Теңир, Б.:Бийиктик, 2007): «Гўдак туғилганига қирқ кун бўлганида, «ит кўйлагини» (туғилганида кийгизилган кўйлаги) ечиб, қирқ матодан қуроқ қилиб тикилган «қирқ кўйлак кийгизиш тўйи» маросими ўтказилади. Қирқ дона нон пиширилиб, ташқарида ўйнаб юрган қирқ нафар болага улашилади. Ўша қирқта нон асосида қирқ уруғли қирғизнинг ота-боболарни хотирлаш одати ётади. Чақалоқнинг «ит кўйлаги» ечилиб, «қирқ кўйлак» кийгизилган ўша кечада унинг бешиги атрофида қирқта шам ёқилади. Ҳар бир шам қирғизнинг бир уруғини англатади, ўша уруғларнинг бор хосияти, куч-қудрати болани қўллаб турсин, деган маънода шам ёқилади. Ўша ердаги энг кекса қария Көкө Тэнгрига топиниб, болага узун умр сўрайди. Ювинтириш маросимида юртнинг энг мўътабар онахони гўдакка тоғнинг кўк қашқа сувидан томизиб, мана бундай дуо қилади:
Қирқ отанинг удуми,
Ота-она таянчи.
Қирқ уруғ қирғиз ичган сув,
Қирқ отамиз кечган сув,
Қирқ довонни ошган сув,
Қирқ думалаб келган сув,
Қир-тошларни қирққан сув,
Хизир бобом тотган сув,
Сувдай тоза бўл!
Нурдай сулув бўл!!!
Бошдан сув ўгириш
Кўп ҳолларда олис сафарда ёки беморхона, шунингдек, бошқа хавфли жойлардан
келаётган одамларни уйга кириш пайтида бўсағада тўхтатиб, бошидан бир коса сувни бир неча марта ўгириб, ирим қилишади. Косадаги сувни одам босмайдиган ерга ёки дарахтнинг остига тўкишиб, идишни эшикнинг олдига тўнкариб қўйишади. Бундан мақсад, ирим қилинаётган одамнинг умри узун бўлсин, ҳаёти тоза бўлсин, сафари чоғида илашган ёмон сўз, ёмон кўз, оғриқлар бўлса, ўша сув билан кетсин, деб ният қилмоқдир.
Дам солиш, учуқлаш ирими
Қаттиқ совуқ тегиб ёки кўз текканларни учуқлаб қўйишса, уларнинг аҳволи яхши
бўлишидан хабаримиз бор. Шом кириб, кун ботиб бораётган чоғда беморни остонага ўтирғизиб, темир қириндисини қизаргунча иситиб, беморнинг боши устида тутиб туришади, сўнгра оғизга сув олиб, исиган қириндига пуркашади. Чиққан буғ ва сув даволанувчининг бошига тушади. Буни уч марта такрорлаб, сувни беморнинг бошидан ўгириб, кун ботишга қараб сепиб юборишади. Бемор эса ўша ҳолатда тўшакка ётқизиб қўйилади, сўнгра унинг бошидан оёғига қадар болтани тегизиб ирим қилишгач, уни беморнинг оёғи остига ташлаб қўйишади. Икки-уч соат ўтгандан кейин бемор терлайди, тер билан бирга бош оғриғи, илашган дардлари ҳам чиқиб кетади.
Сувга дам солиб, ўша сувни ҳар қандай дардлардан халос бўлиш мақсадида ёки
соғлиқни сақлаб туриш ниятида ичишади. Кўпгина табиблар сувга Қуръони Каримнинг сураларидан ўқиб дам солса, насроний динидагилар Инжилдан дуолар ўкиб дам солишади. Сувга яхши сўз, яхши тилак айтиб, дам солса ҳам бўлади деб айтишади. Масалан, ҳар куни бир чойнак сувга Тэнгир Ата ва Жер эна номи билан дам солиб, ичиш олдидан 9 марта айтиладиган дуолар бор:
Сувнинг пири – Сулаймон ота!
Ўзинг каби покизалик бер,
Танамдаги дардларнинг ҳаммасини тозала,
Куч-қувват бер!
Сувнинг пири – Сулаймон,
Бор дунёни оралаб,
Бор дунёни дорилаб,
Босган ёмон ўйлардан,
Қора изли қорадан,
Бош айлантирган жинлардан,
Бош олгувчи тиллардан,
Халос бўлай, Сув ота,
Кароматинг кўрсатгин!
Сувга дам солиш билан боғлиқ яна бошқа иримлар ҳам мавжуд. Масалан,
айрим ҳолларда дам солинган сувни қабоғига тирсак чиққанларнинг кўзига пуркаб,
дарддан халос этиш ирими бор. Кичик болани кимдир қаттиқ яхши кўрса, кўз
тегмасин, кўзи ўтиб кетсин деган мақсадда, боланинг бошидан оёғига қадар сув билан силаб қўйишган ёки энаси кўйлагининг этагини сувга ҳўллаб, боласининг бетига суртган. Кичик болаларнинг юраги тушган бўлса, сувни юрак кўтариш маросимида ҳам қўллашади.
Юрак кўтариш маросимини катта бувим ўтказганини кўрганман, дейди Гулнора Солиева. — Бувим эмчи
аёл эди. Эмчилик кўпинча онадан қизига берилади деб эшитганим бор. У қаттиқ
қўрққан ёки чўчиган кишиларнинг юрагини кўтариб қўярди. Бувим ўзидан бошқа
икки-уч нафар эмчи аёл билан бирга юрак кўтариш маросимини ўтказарди. Энг
аввало, юраги тушган кишини уйнинг остонасига ётқизиб, оёғини осмонга қараб
кўтариб, уч марта «тушдими-тушди» деб ирим қилишган. Ундан кейин кичик
косадаги сувни беморнинг боши узра кўтариб, ундан идишга уч марта тупуришни
сўрашган. Ундан кейин ўша сувга ун қўшиб хамир қоришарди. Кейин хамирни
ўтнинг чўғига кўмиб қўйишарди. Агар думалоқ хамир ёрилмай, ўша ҳолича қолса,
ирим яхши натижа бериб, беморнинг юраги жойига тушган ҳисобланарди. Агар
хамир ёрилса, бу иримлар такроран бажариларди. Айрим кезларда, думалоқ
хамирни юраги тушган киши қўлтиғи остига қўйиб юриши зарур ҳисобланарди.
Юракни кўтариш 3 ёки 7 марта такрорланади. Баъзан «эс кириб кетибди» деган гап ҳам айтилади. Бу беморнинг юраги тушганига кўп бўлганини билдиради. Бу ҳолда унинг юрагини кўпроқ кўтариш зарур бўлади.
Тонг отар маҳалида, ҳеч ким сувга тегмаган кезларда, булоқнинг суви ўзгача
хосиятга эга бўлади. Боланинг юраги тушганда, саҳарлаб булоқ ёки кудуқдан
олинган сувни ортга қарамай олиб келиб, болага ичириб, қўл-оёғини ювиб, ортиб
қолганини дарахт остига тўкиш лозим. Қудуқдан қирқ марта сув олиб келиб,
болани қирқ марта сувга ювинтирса, даво бўлади. Мен ўз болаларим ва
набираларимни ана шундай тарзда даволаганман.
Сув устидан ҳатлаш
Кўп ҳолларда бемор киши тузалавермаса, йўлдаги сув ёки ариқни ҳатлатиб, уни
бошқа қишлоққа олиб боришади. Сувдан ҳатлаб ўтса, касалликнинг ҳаммаси ўша
аввалги ерда қолади дейишади. Одам дарддан қутилгач, ўз маконига қайтиб
келаверади.
Ортидан сув сепиш
Хонадонга ёмон фикрли одам келса ёки кимдир келиб жанжаллашиб кетса,
«Айланайин, ёмонлигини оқар сув олиб кетсин!» — деб ортидан сув сепиб юборишар экан. Бунга ўхшаган ирим русларда ҳам бор бўлиб, ёмон одам уйимизга қайтиб келмасин деб, унинг ортидан сув сочишади. Бунинг устига, рус халқининг қадимги ақидасига кўра, бу дунё билан у дунёнинг сарҳади сув бўлгани учун, майитни кўмиб келишганидан кейин, ўлик чиққан уй остонасига бир коса сув қуйиб, хоналарнинг полини ювишар экан. Дунганларда эса, қудалар қизни олиб кетганидан кейин, уларнинг ортидан сув сочиб, ҳовлини супуришар экан. Бу ирим «Қизимиз борган ойидан бахтини топсин» деган маънони билдирар экан.
Шу билан бирга, айрим кишилар яқин одами олис сафарга чиқиб кетса, уйга соғсаломат қайтиб келсин деган ниятда, унинг ортидан сув сепишар экан. Сафарга отланган одамнинг ортидан сув сепилса, у сув каби эсон-омон қайтиб келади, деб ирим қилинади.
Никоҳ (уйланиш тўйи)
Уйланиш тўйининг асосий маросими никоҳланиш ҳисобланади. Никоҳдан аввал,
косага сув қуйиб, унга шакар қўшиб, баъзан идиш тубига кумуш танга солиб тайёр
қилиб қўйишади. Никоҳ дуоси ўқилганидан кейин, ўша сувни келин-куёв бўлиб
ичишади. Сувни ичишаётганда, турмушнинг иссиқ-совуғига, паст-баландига бардошли бўлайлик, ҳамма қийинчиликларни енгиб ўтайлик, ҳаётимиз ҳам, ўзимиз ҳам сувдай тоза бўлайлик, умримиз узун бўлсин, деб ният қилишади. Келин-куёвнинг турмуши тотли бўлсин, кумуш сингари асил ва тоза бўлсин, деган ниятда сувга шакар қўшилади.
Сув улуғликнинг, ширинликнинг, тозаликнинг белгиси бўлгани учун, яхшиликни
истаган халқ юқоридаги каби иримларни амалга оширади. Никоҳ ўқилганидан кейин ҳам сув билан қелинни синаш урф-одати баъзи халқларда мавжуд. Масалан, татарларда келинчакни қудуқдан сув олиб келиш учун юборишади. Сувни тўкмай-сочмай олиб келса, эпли экан деб мақташади, сув тўкилиб қолса, эпсиз экан деган сўзни айтишади.
Қозоғистоннинг баъзи бир қишлоқларида келинчакка булоқ бошини кўрсатиш
маросими бор. Қариндош-уруғлари тантана билан келинни булоқ ёки қудуқ бошига
олиб боришади, келин илгич билан икки пақир сув олиб, уни қайнонасининг уйига
кўтариб бориши керак. Пақирнинг тубига кумуш танга солинади. Уйдаги меҳмонлар ўша сувни сотиб олишлари зарур.
Рус халқининг шундай одати бор: уйланиш куни арафасида, қиз ўз дугоналари
билан ҳаммомга тушмоғи зарур. Қизнинг дугоналари ёшликнинг тугаётгани ҳақидаги қўшиқларни айтишиб, қизнинг кўп болали бўлишини ният қилишади. Уйланиш кунининг ўзида келиннинг дугоналари безаниб, ўйин-кулги қилиб келин билан бирга сувга боришади. Сувни куёвнинг уйига олиб келиб, дарвоза устунига сепиб, тағин сув олиб келишади, бу гал куёв келин ва унинг дугоналарини вино, мусаллас, ширинликлар билан кутиб олади. Йўлда учраганларга ҳам ҳазил-мутойиба қилиб сув сочишади. Ёш келин ва куёвни ўйин-кулги, куй-қўшиқлар билан уйга киритишади, сўнгра келин олиб келган сувидан таом тайёрлайди.
Ёмғир чақириш маросими
Ёмғир чақириш маросими кўп элларда мавжуд ва у турлича аталиши мумкин.
Қурғоқчилик вақтида қўни-қўшнилар йиғилиб, курбонлик учун мол сўйиб, Яратгандан ёмғир сўраш маросимини ўтказишади. Бу маросим дарё соҳили ёки булоқнинг бошида ўтказилади, бироқ уйда ҳам ўтказилиши мумкин.
Қурғоқчилик келган йиллари славян халқлари ёмғир сўраб, маросим ўтказишади.
Бу маросимда христиан динигагача бўлган урф-одатлар ва насронийлик ақидалари тенг
назарда тутилган. Ер билан осмондаги сув бир-бири билан боғлиқ деган тушунча
асосида, ёмғир ёғдириш учун ердаги булоқларининг ёнида маросим ўтказилган.
Масалан, черков ходимлари билан суви бор ёки қуриб қолган қудуққа ёки булоққа
боришиб, уни тозалаб, худога сиғинишган. Баъзан қуриб қолган дарёнинг соҳилини
чўкич билан қазишган. Қудуққа буғдой, ловия, нон, туз ва яна бошқа нарсаларни
ирғитишган. Буғдой ёки ловияни сочишларининг сабаби, ёмғир томчилари буғдой каби йирик, мўл бўлсин деганидир (Валентина Фролова, Каракол шаҳри, Ысык-Көл
вилояти).
Чўқинтириш
Насронийларда бола (чақалоқ) динни қабул қилиб олгач, уни сувга чўмилтириш,
яъни «чўқинтириш» маросими ўтказилади, уни рус тилида «крещение» дейишади.
Сувга кумуш хочни солиб, дуолар ўқишади. Шундай қилиб, чўқинтириш, бошқача
айтганда, насроний динини қабул қилиш маросими сув ёрдамида ўтказилади. Қиш
фаслида ўтказиладиган Исо пайғамбарнинг чўқиниши байрамида насронийлар музни ўйиб, совуқ сувда чўмилишади. Бу пайтдаги сув топ-тоза бўлади ва у анчагача бузилмай туриши мумкин. Бу сувни бемор киши ичса бўлади, шунингдек, ундан уларни ювиш ва тозалаш учун фойдаланиш мумкин.
Таҳорат олиш
Ислом динида сув бўлмаган жойларда тупроқ билан ювиниш ирими мавжуд.
Таҳорат олган одам оғиз-бурни, юзини, оёғининг бўғинигача ювиб, бошига «махс»
(ҳўл қўли билан силайди) тортади. Бутун танани ювиш эса «ғусул» деб аталади.
Қўлга сув қуйиш
Қирғиз элида таомдан, яъни гўшт тортилишидан олдин ва таом еб бўлингач,
дастурхон атрофида ўтирганларнинг қўлига сув қуйиш одати бор. Ўтирганларнинг
дуосини олайлик деб, аксари ҳолларда ёш болалар қўлга сув қуйишади. Қўлини
юваётган кишилар сув қуяётган болага «Умринг сувдай узун бўлсин», «Бахтли бўл»,
«Умрингга барака берсин», «Тилагингга ет», «Кам бўлма» каби тилакларни билдириб туришади. Таомдан аввалги сув илиқ қилинса, таомдан кейингиси мойни кеткизар даражада иссиқроқ қилиб тайёрланади. Сувни меҳмон қўлига узиб-узиб қуйишади. Ўтирган меҳмонларга биринчи навбатда ўнг томондан бошлаб сув қуйишади, таомдан кейин эса, сув қуйиш чап томондан бошланади. Қирғизистоннинг айрим мавзеларида меҳмонлар келса, уларнинг қўлига сув қуйиб, сўнгра уй ичига, таомга таклиф этишади.
Ёмон тушни сувга айтиш
Қирғизлар ёмон туш кўрса, уни ҳеч кимга айтмай, оқар сувга айтиб, кейин юзини
ювиб, уйга қайтишади. Шунинг учун «Ёмон туш кўрсанг, оқар сувга айт», – деган гап қолган. Бироқ айрим кишиларнинг айтишича, ёмон тушни айтмаслик керак, бу сувни булғаш билан баробар бўлади.
Уй қуриш учун сув билан жой танлаш
Баъзи кишилар уй солинадиган ерга тун бўйи косага сув қуйиб қўйишади. Сув
яхши турса, бу жой уй солишга муносиб деб топилади, сув бузилса, бу ер хосиятсиз экан деб, бошқа ерни танлашади.
Майрам сув ёки майитни ювиш маросими
Инсон бу дунёдан кўз юмгач, тупроққа қўйилишидан аввал унинг танаси
ювилади. Айрим пайтларда майит ювилишидан олдин майрам сувига олинади.
Майитни ювишга уч ёки тўрт киши, кўпинча вафот этган кишининг яқинлари, қизлари ёки ўғиллари киради. Вафот этган киши аёл бўлса, отинбибининг (диний илми бор бўлган аёл), эркак киши бўлса, мулланинг назорати остида ювилади. Аввал майитни таҳорат олдириб, тирик киши ғусул қилгани каби ювишади. Майит ювилиб бўлгач, оқ матога ўралади. Вафот этган киши қарздор бўлиб қолмаслиги учун, майитни ювганларга кийим-кечак, идиш-товоқ ёки бошқа нарсалар берилади. Халқ ривоятларига кўра, танаси ювилгач, майитнинг қулоғига бу дунё гап-сўзлари
кирмайди, танаси ювилмай қолса, бу дунёда нималар бўлаётганини эшитиб, жони
қийналар эмиш. Танаси ювилгач, марҳум бу дунёдан воз кечиб, хайрлашади. Шунинг учун марҳумни сувга олган кишилар жуда катта савобга эга бўлишади.
Одам ўлгач, унинг танаси сувга олинади. Аввал марҳумнинг яқин
қариндошлари томонидан унинг ички аъзолари, аврати клизма ёрдамида
тозаланади. Агар майитнинг қулоғи ёки оғзидан, бошқа аъзоларидан қон кетса, сув
билан ювилиб, пахта солиб қўйилади. Бу «майрам сувига олиш» деб аталади.
Ҳамма майитни ҳам майрам сувига олаверишмайди. Агар киши майрам сувига
олинглар деб васият қилган бўлса ёки вафот этган кишининг танасидаги бирор
аъзосидан қон оқса ёки ўлими олдидан ичи юришмай, ичагида ҳазм бўлмаган таом
ёки пешоби қолган бўлса, эл келгунига қадар тоза турсин деган мақсадда, майрам
сувига олинади. Бундан ташқари, инсон шаҳид кетганида ҳам ана шундай сувга
олинади. Кейин майитни ювиш маросими ўтказилади.
Болалар, ота-оналарингиз, бобо-бувиларингиздан сувни эъзозлаш ҳақида қандай
насиҳатларни, айрим ҳолларда эса, таъқиқларни эшитгансиз. Қуйида келтирилган
фикрлар билан танишгач, мулоҳаза юритиб, насиҳат ва таъқиқларни тўлдириш учун ҳаракат қилинг.
● Сувга ахлат-ташландиқларни ташламанг, чунки сувнинг уволи тутади.
● Ит ва мушукка сув сочиш мумкин эмас, шундай қилсангиз, сўгал чиқади.
● Оқиб ётган сувга супургини солиб ювма. Сабаби нимада?
● Сувнинг хотираси бор, у жуда ҳам сезгир, шунингдек, ёдда сақлаб
қолганларини қайтаради дейишади.
● Сувга яхши дуоларни ўқиб, беморларга берсангиз, шифо бўлади.
● Сув турган үйда жанжаллашиб бўлмайди, сув яхши сўзни ҳам, ёмон сўзни ҳам,
ўзига сингдириб олади.
● Сувга ёмон ниятда дуо қилиб, ирим-сирим қилмаслик керак, шундай қилган
одамга зарар етиши мумкин.
Интернет материаллари асосида Наргис Қосимова тайёрлади