Бухоро шаҳрининг марказида, Арк мажмуаси ёнидаги хиёбонда каллакланиб, сийраклатилган (каллаклаш, яъни шох уч қисмини кесиб, уни калта қилиш), сийраклатиш (шохни куртак қолдирмасдан таг-тугидан кесиш) дарахтлар аста –секинлик билан қуриб бормоқда.
Бухоро вилояти Ўзбекистоннинг иссиқ ҳудудларидан бири бўлиб, бу ерда ҳаво ҳарорати ёз ойларида 60 даражага етади. Шаҳарни жазирама иссиқдан эа айнан дарахтлар асрайди. Қўл оёғи олиб ташланган мисол “буталган” дарахтларнинг баъзилари яшаб қолишга интилиб озгина шох ва барг чиқарган, қолганлари аста-секин қуриб бормоқда. Афсуски, дарахтларга бундай муносабатни кечириб бўлмайди. Бутун дунёда иқлим ўзгаришининг олдини олиш мақсадида дарахт экилаётган бир пайтда, биз нафақат Ситилар қуриш баҳонасида дарахтларни кесиш, балки уларни бефаросатларча каллаклаш орқали “ўлдирмоқдамиз”. Ваҳоланки, битта дарахт бир бир суткада 180 литр кислород ишлаб чиқаради, бир гектар ўрмон бир суткада 200 та одамнинг нафас олишини таъминлайди. Бир гектар игнабаргли дарахтлар бир суткада 30 кг. эфир мойлари ишлаб чиқиб, бу аҳолиси 2 млн. бўлган шаҳарни “стериллаш” учун етарлидир. Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, Исроилда дарахт кесиш ўта оғир жиноят ҳисобланади. Агарда дарахт (у вояга етган бўлса ҳам) қурилишга ҳалақит берса, уни бошқа жойга кўчириб ўтқазишади. 2016 йилда Ҳиндистонда дарахт экиш бўйича жаҳон рекорди ўтказилиб, бир кунда Уттар-Прадеш штатининг 800 минг нафар аҳолиси 50 млн. та ниҳол экишган. 2017 йилда эса Мадхья-Прадеш штатида рекорд янгиланиб, 1,5 млн. нафар аҳоли 66 млн.та кўчат эккан. 2019 йилнинг баҳорида Филиппинда 1 соат ичида 3,2 млн. та кўчат экилган. Бундан ташқари мамлакат қонунчилигига кўра ҳар бир талаба олийгоҳни битиргунига қадар 10 та кўчат ўтқазиб, уни парваришлаши шарт. Жорий йилда Эфиопия ҳам рекордчилар сафидан жой олди. Бир кунда 353 млн. кўчат экилди. Асосий мақсад- иқлим ўзгаришига қарши кўкаламзорлаштириш билан курашиш. Мамлакат ТВ каналларида аҳолини кўчат экиш ва шу орқали Эфиопияни кўкаламзорлаштиришга чақирувчи видеороликлар тинимсиз кўрсатилаётир.
Албатта Ўзбекистон аҳолиси бу фикрдан йироқ. Ош ва сумалак пишириш бўйича рекорд ўрнатгунча, дарахт экиш бўйича жаҳон рекордини ўрнатсак бўлмайдими?. Масалан Вашингтонни олсак худди ўрмондаги шаҳарга ўхшайди. Дарахтларнинг буталгани билинмайи. Шаҳар теварак атрофда ўрмон тасмаси билан ўралган. Шанба-якшанба кунлари иссиқдан қочиб шаҳар аҳолиси айнан шу ерда, атроф-муҳитни ифлослантирмаган ҳолда дам олишади. Олмахон, қуёнларни қўлдан овқатлантиришади. Бу ҳам хафта давомида иш кунлари йиғилган чарчоқни олиш билан биргаликда, болаларни табиатга меҳрли қилиб тарбиялашга ёрдам беради. Ўзбекистонда кесилаётган дарахтларни кўрган бола эртага ўзи ҳам шу ишни қилмайдими? Табиатга нисбатан унда салбий муносабат уйғонмайдими? Биз фарзандларимизга қандай ўрнак бўлаяпмиз?
Бухоро мисолидаги дарахтларни “буташ” га келса, зудлик билан Бухоро ва бошқа вилоятларнинг ободонлаштириш бўлимларига агроном-боғбон ва эколог штатини киритиш зарур. Келаси йилга қолган дарахтлар ҳам шу тарзда каллакланса (“буталади” дейишга тилим бормаяпти), нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам фақат қуёш ботганида кўчага сайрга чиқса, ажаб эмас.
Наргис Қосимова