Олмалиқ шаҳридаги «Аммофос-Максам» Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхоналаридан биридир. Аммо мана неча йилдирки, кимё заводи томонидан чиқариб ташланаётган чиқинди ўғит қолдиқлари, атмосферага тарқалаётган фторли водород концентрацияси, яъни жуда заҳарли, ўткир ҳидли рангсиз газ, асосан инсонларнинг нафас йўллари касалликларини келтириб чиқармоқда. Корхона атмосферага фторли водород ташланмаларини ташлашни камайтириш мақсадида босқичма-босқич таркибида 26% фосфор ангидриди ва 2,89% фтор бўлган маҳаллий Қизилқум фосфатли ўғитларни қайта ишлашга ўтаётган бўлсада, корхона ҳамон санитар ҳимоя зонасидан ташқари ҳудудларни фторли водород концентрацияси билан ифлослантиришда давом этмоқда. Боз устига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги «2017-2021 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги ПҚ–3236-сонли Қарорида корхонани модернизация қилиш бўйича кўзда тутилган чора-тадбирлар бажарилмаган. Давлат экологик экспертиза хулосаларида белгилаб берилган, жумладан, атмосфера ҳавосига чиқариладиган ифлослантирувчи моддаларни белгиланган меъёрдан оширмаслик, манабалардан атроф муҳитга чиқарилаётган ифлослантирувчи моддаларнинг миқдорини автоматик равишда узлуксиз назоратини олиб бориш ҳамда фаолият юритаётган чанг-газ тозалагич ускуналарининг самарадорлиги устидан ишлаб чиқариш назоратини юритиш ва фосфогипс чиқиндилари чангларини атроф муҳитга тарқалишини олдини олиш ишлари тўлақонли амалга оширилмаяпти.
Корхона ҳудудидан ташқарида жойлашган умумий майдони 269,5 гектарни ташкил этадиган 4 та шлак тўпланадиган жойда 67,9 млн. тонна фосфогипс ва отингугурт кекаси чиқиндиларини қайта ишлаш масалаласи ҳал этилмаган. Бундан ташқари корхона ҳудудида тўпланиб қолган 195,2 тонна ишлатилган ванадий катализаторини утилизация қилиш масаласи ҳал этилмаган.
АЖ Ўзбекистон Экологик партияси ташаббуси билан «Аммофос-Максам» акционерлик жамияти фаолиятининг корхонага туташ ҳудудларида атроф- муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсири ҳолатига бағишланган жамоатчилик эшитуви ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Тошкент вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва соғлиқни сақлаш бошқармалари мутасаддилари, «Ўзгидромет» маркази, Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон Экологик партияси ходимлари ва аъзолари, Экоҳаракат фаоллари, корхонага туташ ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда таъкидланганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг умумий стратегияси шакилланди, соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси ривожланди, барқарор ривожланиш ва мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлашнинг иқтисодий ва ташкилий асослари ўрнатилди.
Шу билан бирга, экологик муаммоларнинг ечимида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қабул қилинаётган мақсадли экологик дастурларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши ва уларнинг тўлақонли ижроси, шунингдек атроф муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси, экологик ҳолатни яхшилаш ва экотизимни сақлашга йўналтирилган инвестициявий лойиҳаларни жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир иштирокчилари томонидан «Аммофос-Максам» акционерлик жамияти ишлаб чиқариш масалалари бўйича директорининг «Аммофос-Максам» АЖ фаолияти ва туташ ҳудудлардаги атроф муҳит ҳолати ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида амалга оширилаётган тадбирлар бўйича маълумоти тингланди.
Йиғилишда таъкидланганидек, Олмалиқ кимё заводида 1969 йил 18 декабрда экстракцияланган фосфорли кислота ва аммофос ишлаб чиқаришнинг биринчи навбати ишга туширилган. Кейинчалик, мазкур корхона «Аммофос-Максам» очиқ акционерлик жамиятига айлантирилган. Бугунги кунда «Аммофос-Максам» очиқ акционерлик жамияти йилига 261,7 минг тонна фосфорли ўғитлар, 136,64 минг тонна экстракцияланган фосфорли кислота ва 500 минг тонна сулфат кислота ишлаб чиқариш қувватига эга.
Жаҳон амалиётида илк бора таркибида 24,5 % фосфор ангидриди бўлган Қоратоғ (Қозоғистон) фосфоритларидан гранулали аммофос ўғити ишлаб чиқариш жараёни ўзлаштирилди. 2001 йилдан бошлаб босқичма-босқич тартибда таркибида 27% дан то 30% гача бўлган Қизилқўм конидан фосфоритлар олиниб, мураккаб азот-фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарила бошланди.
Аммофос, моноаммонийфосфат, аммоний сулфат фосфат, супрефос, аммоний сульфат, ёғоч толали плиталар корхонанинг асосий товар маҳсулотлари ҳисобланади. Атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалаларини ечиш учун меҳнат хавфсизлигининг 3 поғонали назорат тизими, оқова сувларнинг ёпиқ айланма цикли мавжуд. Бунда оқовалар нейтраллаш станциясида зарарсизлантирилиб, асосий ишлаб чиқаришга қайтарилади.
Технологик жараённи босқичма-босқич такомиллаштириш орқали саноат чиқиндилари (фосфогипс) ҳосил бўлиши камайишига эришилмоқда. Жумладан, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида фосфогипс ўғитларини ишлаб чиқаришда 69,5 минг тоннадан ортиқ фосфогипс утилизация қилинди.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи аъзолари, Ўзбекистон Экологик партияси, Экоҳаракат фаоллари, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари, корхонага туташ ҳудудлар аҳолиси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари томонидан қатор эътироз ва таклифлар билдирилди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлари гуруҳи томонидан таъкидлаганидек, «Аммофос-Максам» АЖ томонидан 2019-2030 йилларда кимё саноатини ривожлантириш дастурини ва кимё соҳасини босқичма-босқич реформа қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4265-сонли Қарори талабларини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни қамраб олган «Йўл харитаси» ишлаб чиқилмаган.
-Фуқаролардан «Аммофос-Максам» фаолиятининг атроф муҳит ва аҳоли саломатлигига салбий таъсири бўйича келиб тушган кўплаб мурожаатлар жамоатчилик эшитувини ташкил этишни талаб этди, дейди Экологик партия бўлим бошлиғи Эркин Омонов. — Шу муноабат билан, мазкур масалани жойида ўрганиш учун экологик рейдлар ва таҳлилий тадқиқотлар ўтказилди. 2019 йилнинг 5 июль куни ўтказилган таҳлилий тадқиқотлар натижасида атмосфера ҳавосига 4 та ингредиентлар (олтингугурт икки оксиди), азот диоксиди, аммиак, олтингугуртли водород) «Аммофос-Максам» АЖ яқин ҳудудларда рухсат этилган меъёрдан олтингугуртли водород 2,6 баробар, аммиак 1,07 баробар, азот диоксиди бўйича эса 8,8 баробар кўп эканлиги аниқланди. «Аммофос-Максам» АЖ фаолиятининг атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига таъсирини ўрганиш мақсадида 750 респондент иштирокида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, ҳудудда 15 йилдан ортиқ вақт мобайнида яшайдиган респондентларнинг 75% корхона қандай маҳсулотлар ишлаб чиқаришидан хабардор бўлиб, корхона фаолияти атроф муҳитга ва аҳоли саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда, деган фикрда. Бунда респондентларнинг 72% корхона фаолияти натижасида ўзларининг саломатлигига салбий таъсирини сезишган. Шу билан биргаликда, респондентларнинг 65% корхонани қайта ихтисослаштириш ёки илғор миллий ва хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда замонавий, экологик тоза технологияларни қўллаш орқали тубдан модернизация қилиш таклифини беришди.
Жамоатчилик эшитуви якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида экологик ҳолатни яхшилаш ва «Аммофос-Максам» АЖ фаолиятини атроф муҳит ва аҳоли саломатлигига таъсирини камайтириш ҳамда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш бўйича мажмуавий тадбирларни ўз ичига олгани тавсиялар ишлаб чиқилди ва тегишли ташкилот ва муассасаларга тақдим этилди.
Н.Қосимова