“Африка лаққаси” Қорақалпоқистонни забт этмоқда, ёҳуд “Nukus agro fish“ корхонаси фаолиятига бир назар

Қорақалпоғистонда балиқчиликни қандай ривожлантириш мумкин? Албатта бу саволга ҳозирда кўпчилик жавоб беришга қийналади. Орол денгизининг қуриши йиллар давомида балиқчилик билан тирикчилик қилган аҳолини зудлик билан касбини ўзгартиришга мажбур  қилди. Аммо  ўз умрини Қорақалпоғистонда балиқчиликни ривожлантиришга бағишлаган Нурмуҳаммад ота Пиримбетов “Нукус балиқ” корхонаси тугатилгач, соҳани мустақил ривожлантиришга қарор қилди ва тез орада Нукус туманида балиқчиликда истиқболли, деб ҳисобланадиган ёпиқ сув айланма тизими ҳавзаларида балиқ етиштиришга қаратилган йирик корхонага асос солди.

“Nukus agro fish“ МЧЖ томонидан ёпиқ сув таъминоти тизими технологияси асосида балиқ етиштиришга мўлжалланган йирик мажмуада  300 тонна балиқ истеъмолчиларга етказиб бериш назарда тутилган. Кенг бинода қатор қилиб қурилган 54 дона бетонли ванналар Африка лаққа балиқларининг ўсишига қараб қурилган. 30 дона кичикроқ ванналардан иборат инкубация бўлими ва 24 дона ҳовуздан иборат улғайган балиқлар бўлим мавжуд.

  – Барча ҳавзалар бир-бири билан ёпиқ сув таъминоти тизимида боғланган, унда сув доим айланиб туради ва сув вақти-вақти билан янгилаб борилади, – дейди “Nukus agro fish“ МЧЖ корхонаси директори Каллибек Примбетов. – Сув артезиан қудуқлардан олинади.  Сув алмашиш пайтида сув биофильтр орқали тозаланади. Ҳавзадаги сув насос ва вентилятор ёрдамида кислород билан таъминланади. Сувни тозалаш учун биобактериалардан фойдаланилади. Барча жараёнлар компьютер томонидан бошқарилади.  Сув доимо ҳаво билан тўйинган бўлиши учун 10-15 % янгиланади. Умумий жараёнда бир суткада 120 тонна сув янгиланиб туради. Ёпиқ сув тизими атроф-муҳит таъсиридан ҳоли бўлгани сабабли, йил бўйи юқори ҳосилдорликка эришиш имконини беради. Ушбу технология орқали сувни сезиларли иқтисод қилишга ҳам эришилади.  Ушбу мажмуада фақат Африка лаққаси боқилади. Сабаби — бу иссиқсевар балиқ ёзда тез ривожланади ва кўпаяди. 5 ой давомида балиқ 4,5 кг.ча ўсади. Балиқлар катта бўлгач, очиқ сув ҳавзаларга қўйиб юборилади. Африка лаққасидан бир куб метр сувда 300 килограммгача маҳсулот етиштириш мумкин. Балиқ озуқа танламаслиги сабабли қисқа вақт ичида яхши вазн йиғади. Яна бир афзаллиги шундаки, балиқ танаси фақат гўштдан иборат. “Nukus agro fish“ корхонасида етиштириладиган Африка лаққаси сув ҳарорати пасайгунга қадар очиқ ҳовузларда парвариш қилинади ва кейинчалик ёпиқ сув ҳавзасига кўчирилади.

Корхона ўз фаолиятини 2019 йилнинг март ойида бошлаганига қарамай, айни пайтда Қорақалпоғистоннинг етакчи корхоналари сафидан жой олди. Унинг умумий қиймати 7 млрд.700 минг сўм. Аҳолини сифатли балиқ маҳсулотлари билан таъминлаш режасига кўра, кейинги босқичда  бир минг тонна балиқ маҳсулотларини қайта ишлаш (филе, стейк, котлет, сосиска ясаш, қуритиш ва тузлаш) учун цех қурилиши кетмоқда. Шунингдек, 400 тонна балиқ маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлатгичли лмборхона барпо этиш белгиланган.

Н.Қосимова