Фарғонада “Гуллар ва қушлар” байрами

Ўқувчи-ёшлар ўртасида атроф муҳитга, табиатга ва ҳайвонот оламига меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотиш, табиат ва ҳайвонот дунёси, хусусан, гуллар ҳамда қушларга оид билимларини намойиш этишга имконият яратиш ва улар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш, иқтидорли ва истеъдодли ўқувчиларни аниқлаш ва уларга ҳар томонлама кўмак бериб, истеъдодларини намоён этишларига шароит яратиш мақсадида Фарғона вилоят ҳокимлиги, Фарғона вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, вилоят Адлия бошқармаси, “Ёшлар иттифоқи” вилоят Кенгаши ҳамкорлигида,  2019 йил 1 июнь куни, 5-июнь- Бутунжахон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан Фарғона шаҳридаги Ал Фарғоний истироҳат боғида “Гуллар ва қушлар байрами” кўрик-танловининг ўтказилди. Кўрик-танловда барча туман — шаҳар “Баркамол авлод” болалар марказларининг, вилоятдаги умумтаълим мактаблари, бир қанча корхона ва ташкилотлар фаол иштирок этдилар.

“Она табиат – чекма азият” шиори остида ташкил этилган тадбир сабаб  иштирокчилар томонидан Фарғона водийсининг бетакрор табиатига мансуб гўзал манзара яратилди.

Гуллар ва қушлар байрамининг Низоми асосида турли шартлар бўйича савол-жавоб ва “Экология ва инсон саломатлиги” мавзусидаги расм чизиш танлови ўтказилди.  Ушбу танловда ўқувчи ёшлар томонидан она табиатимиз акс этган расмларда ўз истеъдодларини номойиш этишди. Шунингдек, барча туман, шаҳарларнинг кўргазмалари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Марказнинг ҳаваскорлари томонидан водий табиатининг ўзига хос ноёб вакиллари бўлган ўсимликлар олами, ўқувчилар томонидан етиштирилган гуллар, уй шароитида парвариш қилинаётган қушлар, экологияга оид хунармандчилик наъмуналари ҳамда  қушлар дунёсини номойиш этиш билан бирга, дунёнинг турли минтақаларидан келтирилган фауна ва флора олами вакилларини ҳам меҳр билан парваришлаётганларини кўрсатишди.

Айниқса, ўқувчи ёшларнинг “Табиат ёшлар нигоҳида” мавзусидаги саҳна кўринишлари ҳамда бадиий чиқишлар даврага янада кўтаринкилик бағишлади.

-Юртимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интелектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳар томонлама етук шахс қилиб вояга етказиш учун зарур шарт-шароит яратилган, — дейди вилоят Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Ғолибжон Ғанишерович – Ўсиб келаётган авлоднинг экологик маданиятини, билим ва масъулиятини мунтазам ошириб бориш, уларнинг атроф-муҳит ҳамда инсон саломатлиги муҳофазаси масалаларида иштирокини фаоллаштириш Она табиатга меҳр-муҳаббат руҳида камол топтириш хизмат қилади.

Тадбирда қайд этилганидек, экологик маданият кўп жиҳатдан ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятга ҳам боғлиқ. Шу боис экологик тарбиянинг ҳуқуқий асоси табиатни муҳофаза этишга доир қонунлар, фуқароларнинг конституциявий хуқуқ ва бурчларида ўз ифодасини топади.

Кўрик танлов якунида барча ғолиб ва фаол иштирок этган ўқувчилар вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ҳаётга қалб кўзи ила теран нигоҳ ташлаган ёшларнинг бу ташаббуси ҳар бир қатнашчи қалбига ҳаяжон солди ва унутилмас таассурот қолдирди. Шундай ёшларимиз бор экан, юртимиз асло завол топмагай. Зеро, табиатга меҳр Ватанга садоқат демакдир.  Гулноза Тўхтасинова,

 Фарғона вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг тарғибот-ташвиқот бўлими инспектори