Ҳеч кимга сир эмаски сўнгги йилларда фуқароларимиз томонидан ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш жараёнида қўпол қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмоқда. Энг ачинарлиси бу кўрсаткичлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Биргина мисол, электр қармоқ, заҳарли кимёвий воситалар ёки портлатиш орқали табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш мақсадида сувда яшовчи барча яъни, балиқлар, бақалар, бўғимоёқлилар, молюскалар ва жамики бир ҳужайрали жонзотларни қирилиб кетишига олиб келади. Ҳаттоки қорамолларни нобуд бўлиши каби ҳодисаларни барчамиз эшитганмиз. Бунда броконьерлар нафақат ҳайвонот оламини балки инсонлар ҳаётини ҳам хавфга қўйиб келишмоқда. Ёки бўлмаси шифобахш ўсимликлардан ноқонуний фойдаланиш оқибатида ҳудудларда яхлит бир турларнинг йўқолиб кетиш хавфи юзага келиб қолди. Шунингдек дарахтларни рухсатсиз кесилиши каби ҳолатларнинг ортганлиги атроф муҳитга жиддий салбий таъсир кўрсатиб фуқароларимизнинг ҳам ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар статистикасига назар ташласак 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 202-моддасининг иккинчи қисми билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида кўп миқдорда зарар етказиш билан боғлиқ 6 та жиноят содир этилган бўлса, 2017 йилда жиноят географияси кенгайиб, улар Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти билан биргаликда Жиззах ва Навоий вилоятларида ҳам содир этилган, 2018 йилда эса юқоридаги ҳудудлар билан биргаликда Сурхондарё ва Қашқадарё ҳудудларида ҳам содир этилган.
Айнан, Республика бўйича ўсимлик ва ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар динамикаси 2016 йилда 4102 та, 2017 йилда 5245 та ва 2018 йилда 6043 ёки 2017 йилга нисбатан 15 % га ўсишни ташкил этган.
Шунингдек, сўнгги вақтларда уй ҳайвонларига нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлиш (соп, таёқлар, арматура билан уриш, тириклайин ёқиб юбориш, тана аъзоларини ажратиш) каби салбий ҳолатларнинг ўсиб бораётганлиги, айниқса бундай ҳаракатлар болалар кўз ўнгида амалга оширилиши уларнинг онгига салбий таъсир кўрсатмоқда.
«Mehr va Oqibat» ҳайвонларни ҳимоя қилиш жамиятининг маълумотларига кўра, фақат 2014-2018 йилларнинг ўзида фуқаролардан ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги 3588 та ариза келиб тушган. Бундай ташвишли ҳолатларнинг статистикаси йилдан-йилга ўсиб бормоқда: 2014 йилда 494 тани, 2015 йилда 550 тани, 2016 йилда
720 тани, 2017 йилда 810 тани ва 2018 йилда 1014 тани ташкил қилган.
Жорий йилнинг 28 май куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун юқоридаги масалаларнинг олдини олишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Яъни эндиликда ушбу Қонун билан ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарлик ҳамда ов қилиш ёки балиқ овлаш қоидаларини бузиш, Қизил китобга киритилган ўсимликларни ўзбошимчалик билан йиғиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик янада кучайтирилди.
Хусусан, эндиликда Жиноят кодексига киритилган ўзгартишга кўра, ов қилиш ва балиқ овлаш ёки ҳайвонот дунёсининг бошқа турларини ушлаш қоидаларини бузиш, камёб ва йўқолиб бораётган ҳайвон турларини тутишнинг ёхуд ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг доривор, озуқавий ва манзарали (декоратив) турларини йиғиш ёки тайёрлашнинг белгиланган тартибини ёки шартларини, худди шунингдек муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган ўсимликларни йиғиш, дарахтлар, буталарни, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш – фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан (1 миллион 13 минг 650 сўмдан) 10 бараваригача (2 миллион 27 минг 300 сўмгача), худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, – фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан (2 миллион 27 минг 300 сўмдан) ўн беш бараваригача (3 миллион 40 минг 950 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади. Шунингдек, ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуролларини ёки воситаларини тайёрлаш, олиб кириш, сақлаш, ташиш ёки юбориш, олиш ёхуд сотиш, – ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг уч бараваридан (608 минг 190 сўмдан) беш бараваригача (1 миллион 13 минг 650 сўмгача), худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, – ҳуқуқбузарлик қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг етти бараваридан (1 миллион 419 минг 110 сўмдан) ўн бараваригача (2 миллион 27 минг 300 сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.
Бундан ташқари, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш уларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, худди шунингдек ҳайвонларни қийнаш, – энг кам иш ҳақининг бир бараваридан (202 минг 730 сўмдан) уч бараваригача (608 минг 190 сўмгача), худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса, – энг кам иш ҳақининг уч бараваридан (608 минг 190 сўмдан) беш бараваригача (1 миллион 13 минг 650 сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Мазкур Қонуннинг амалиётга киртилиши профилактик тадбирларнинг кучайишига, фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсинидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, уй ҳайвонларига нисбатан муносабатни ўзгартириш борасида масъулиятини оширишга хизмат қилади.
Ф.Қуватов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Экология ва атроф
муҳитни муҳофаза қилиш масалалари
қўмитаси аъзоси